Эрта никоҳ – келажак заволи

Мамлакатимизда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, айниқса, ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллашини таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилган.

Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Зеро, бугунги кунда ёш ўғил-қизларни оила қуришга ҳар жиҳатдан тайёрлаб бориш, соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Оиланинг негизи – бу никоҳдир. Никоҳланувчи шахслар ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглиги, муқаддас риштанинг ўзаро ишонч асосида қонуний тартибда боғланиши соғлом ва мустаҳкам оиланинг шаклланишида муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

Соғлом фарзанд кўриш оила бахти, ота-она қувончи. Унинг дунёга келиши, икки ёшни янада яқинлаштиради. Оила мустаҳкамлиги, фарзандлар соғлиғи, бевосита ота-она саломатлигига боғлиқдир. Таъкидлаш жоиз, айрим ота-оналарнинг никоҳ, оила тўғрисидаги юзаки қарашлари натижасида ҳали ҳаётда муносиб ўрнини топа олмаган, ҳам руҳан, ҳам жисмонан оила қуришга тайёр бўлмаган қизлар тақдири аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Ўз фарзанди саломатлиги ва бахти ҳақида ўйлаган ота-она бу борада огоҳ туриши зарур.

Ўзингиз бир ўйланг, фарзандларимизни 17-18 ёшга кирар-кирмас уйлантириб қўйсак ёки узатиб юборсак, улар оила ҳақида қандай тасаввурга эга бўлади? Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган, бирор касб-кор эгалламаган ёшлар оила аталмиш муқаддас тушунчанинг моҳиятини англаб етадими? Улар эртага қандай фарзанд кўради? Болаларига қандай тарбия беради?

Эрта ёшдаги оналикда ҳомиладорлик ва туғруқ асоратининг ўлим эҳтимоли жуда юқори. Афсуски, кўпчилик оила қураётган ёш қизлар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам бу ҳақида кам маълумотга эга. Балоғатга етмай она бўлган аёлларнинг фарзандларида туғма, ирсий касалликлар каттароқ ёшдаги аёлларга нисбатан учраш хавфи яна ҳам кўп учрайди. Чунки, қизлар 16-17 ёшга тўлгани билан уларнинг организми ҳомиланинг ривожланиши ва бола туғишга физиологик ҳамда психологик жиҳатдан ҳали тайёр бўлмайди. Илмий маълумотларга қараганда қизлар 19 ёшга етгач, физиологик жиҳатдан тўлиқ етилади. Хусусан, бу даврда уларнинг эндокрин тизими ва репродуктив аъзолари тўлиқ шаклланади.

Ёш организм ҳомиладорликни кўтара олмайди ва бола тушиши унинг чала туғилиши, она қорнида нобуд бўлиши ҳолатлари кузатилади. Оқибатда аборт (ҳомилани сунъий олдириш) жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бу кўп ҳолларда келгусида фарзанд кўра олмасликка олиб келади. Маълумотларга кўра кўп ҳолатларда ёш турмуш қурган аёллар 25-26 ёшдаёқ кўп туғувчилар гуруҳига киритиляпти. Аслида тиббий нуқтаи назардан аёллар учун фарзанд кўришнинг энг мақбул даври 20-30 ёш оралиғи ҳисобланади. Ана шу даврда аёл организми тўлиқ шаклланган, ўзининг ҳаётий билими ҳам оила қуришга, фарзанд кўришга ва болаларини тарбиялашга тайёр бўлади.

Яна ўқинг:  Сақич инсон организми учун фойдали

Аҳоли турмуш тарзи, маданияти ва дунёқараши ўзгариши туфайли ёшларда ҳам оилага, никоҳ ёши ва фарзандлар сонига нисбатан қарашлар ўзгармоқда. Кўпчилик бўлажак келин ёки куёвнинг ўқиган, оқ-қорани ажрата оладиган, оила билан боғлиқ билимлар (фарзанд тарбияси, оилавий муносабатлар, уй-рўзғор юмушлари каби)ни тушунадиган бўлиши зарур, деган фикрга келмоқда. Олий ўқув юрти талабалари ўртасида ўтказилган сўровларда аксарият ёшлар юқори босқичда ёки ўқишни тугатгандан сўнггина турмуш қуришни маъқуллашган.

Кузатишлар давомида 17 ва 18 ёш ўртасида катта фарқ борлиги аниқланди. Хусусан, 17 ёшда болаликка хос қарашлар сақланиб қолганлиги туфайли, оилавий муносабатлар ва жамиятдаги ҳодисаларга нисбатан эмоционал, романтик муносабатда бўлиш, келажакни идеаллаштириш каби ҳолатлар кўп учрайди. 18 ёшда эса ёшларда ҳақиқатан ҳам мустақил шахс эканлигини сезиш ҳисси шаклланади. Бу ёшда йигит-қизларнинг қарашлари ўзгаради, физиологик, ақлий, руҳий томондан ҳам камолга етади, маълум маънода ҳаётга тайёр бўлади.

Мутахассисларнинг фикрича, турмуш қуриш учун энг мақбул ёш: қизлар учун 22-25, йигитлар учун эса 24-30 ёшдир. Бу даврда юқорида айтганимиздек инсон организми фарзанд кўриш учун тўла тайёр бўлади.

 

ЮНИСЕФнинг “Ҳаёт учун далиллар” китобида қайд этилишича, кетма-кет икки фарзанд туғилиши ўртасидаги вақт 2 йилдан кам бўлмаслиги зарур. Шунингдек, ҳомиладор аёлнинг ёши 18 дан кам ва 35 дан ошмаган ҳамда аёл умумий ҳисобда тўрт мартадан зиёд ҳомиладор бўлмаган тақдирдагина она ва бола саломатлигини маълум даражада яхшилаш мумкин.

Азиз юртдошлар!

Фарзандларингиз келажагини, соғ-саломат, баркамол бўлишини истасангиз ёшларнинг эрта ёшда никоҳ қуришининг олдини олинг.

 

Моҳира ҚАМБАРОВА,

Саломатлик ва тиббий статистика институти ОАВ билан алоқа қилиш бўлими бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: