ЭНЦЕФАЛОПАТИЯ қандай касаллик?

Тиббиёт соҳасида “энцефалопатия” (бош мия нуқсонлари) тушунчасида яллиғланиш билан боғлиқ бўлмаган, турли хил этиология (касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ва ривожланиш хусусиятлари)га эга ва айни вақтда, бош мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хасталиклар гуруҳи ифодаланади.

Мутахассислар туғма ва орттирилган энцефалопатияни фарқлашади. Касалликнинг туғма шакли ҳомиладорликнинг перинатал давридан (28 ҳафтадан) бошлаб гўдак туғилганидан кейинги биринчи ҳафтасигача аниқланиши мумкин. Бу даврда касаллик ривожланишидан дарак берувчи патологик аломатлар, ҳомиладорлик вақтида кислород етишмаслиги, туғруқ вақтида юз берадиган турли хил жароҳатлар оқибатида пайдо бўлади. Энцефалопатиянинг ривожланиши эҳтимолини юзага келтириши мумкин бўлган омиллар орасида қуйидагилар эътироф этилади:

Яъни, ҳомиладорлик даврида онанинг касалликка чалиниши, вақтидан илгари туғиш ушбу касалликнинг ривожланишига замин яратади. Шунингдек, ҳомила вазнининг ҳаддан ташқари катталиги ҳамда унинг бўйнига киндик ўралиб қолиши, баъзи сабабларга кўра оғир кечадиган туғруқ жараёнлари ҳам энцефалопатиянинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, беморда нейроинфекция, ота-онанинг гиёҳванд бўлиши, жигар ва буйрак касалликлари, ишемия(бош миянинг сурункали равишда кислородга тўйинмаслиги), қандли диабет, қон томирлар тизимлари фаолиятининг издан чиқиши (бош мия ички босимининг ошиб кетиши, вегетатив томирлар тизимлари дистонияси), нурланиш ҳам бош мияда турли нуқсонларни келтириб чиқаради. Атеросклероз, гипертония, дисциркуляция, хафақон касаллиги сабабли қон тизимлари фаолиятидаги салбий ўзгаришлар кузатилади.

Агар энцефалопатиянинг ривожланишига эътиборсизлик қилинса энг аввало бош мия фаолиятининг бузилиши рўй беради. Нохуш оқибатлар авж оладиган бўлса эпилепсия (тутқаноқ), церебрал фалажлик ва бошқа оғир касалликлар пайдо бўлиш эҳтимоли кучаяди. Малакали мутахассис бўлган шифокор юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар аниқланган вақтда бу ташхисни жуда эрта қўйиши ва шунга яраша муолажалар тайинлаши мумкин.

Орттирилган энцефалопатия катта ёшли одамларда ҳам учрайди. Бу вазиятда турли хил юқумли касалликларнинг асоратлари, заҳарланиш, бош миянинг тузилмавий ва функционал ўзгаришлари, шикастланишлар ва хавфли ўсмаларнинг пайдо бўлиши кабилар муҳим рол ўйнайди.

Таъкидлаш лозимки энцефалопатиянинг клиник аломатлари доим ҳам яққол ифодаланавермайди. Ҳар ҳолда касалликнинг ривожланиб боришидан дарак берувчи бир қатор аломатлар кўринади: Яъни, бемор ҳаддан ташқари жиззаки ва сержаҳл бўлиб қолади. Шунингдек, хаста одам жуда тез ҳолдан тояди, уйқусизлик қийнаб, боши оғрийди. Хотиранинг сусайиши, ақлий фаолиятнинг бузилиш аломатлари кўзга ташланади, бемор ўз ҳиссиётларини бошқара олмайди. У ҳеч бир асоссиз тажовуз қилишга мойил бўлади.

Яна ўқинг:  Қувватбахш озиқ-овқат маҳсулотлари

Энцефалопатиянинг бош сабабчиси спиртли ичимликлар ёки бошқа заҳарли хусусиятга эга моддалар эканлиги маълум бўлса, бунда касалликнинг ўткир кечиши, беморда ўзига хос психоз ва сурункали ривожланишлар кузатилиши мумкин.

Таассуфки, тиббиётда “перинатал энцефалопатия” деган нохуш ташхис аксарият гўдакларга қўйилиши мумкин. Бундай вазиятларда ота-оналар руҳий тушкунликка тушиши ярамайди. Бунда шифокорнинг бундай ташхис қўйиши тўла асос бўла олмайди иккинчидан, бола организми ўсувчан ва мослашувчан хусусиятга эга бўлади. Даволаниш муолажаларидан сўнг уларда клиник аломатларнинг бартараф этилиши бунга асос бўла олади.

Перинатал энцефалопатияни бартараф этиш учун аввало асаб тизими фаолиятига салбий таъсир этадиган қуйидаги омилларни бартараф этиш лозим.

Ота-оналар токсик(заҳарли) таъсир кўрсатиши лозим бўлган алкоголли ичимлик ва наркотик моддаларни, руҳиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган дори моддаларини қабул қилмасликлари зарур. Ҳар бир инсон юқумли касалликларга чалинишнинг олдини олиши, ҳадеб руҳий зўриқиш ҳолатларига тушиб қолишдан сақланиши лозим.

Мутахассисларнинг таъкидлашича касалликнинг ривожланишида инсон иродасига бўйсунмайдиган омиллар жумласига гипоксия, яъни бош миянинг кислород билан яхши таъминланмаслигини киритиш лозим.

Шу боис перинатал энцефалопатияни даволашда мумкин қадар эртароқ шифокорга мурожаат этиш зарур. Профилактик мақсадларда айниқса, ота-оналарга касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, клиник аломатлари, нохуш оқибатлари ҳақида керакли маълумотларни етказиш тавсия этилади.

Сабаби ота-оналар туғилган гўдакларида қуйидаги аломатларни сезишлари билан шифокорга мурожаат этишлари лозим. Яъни булар гўдак мушаклари таранглигининг бузилиши, боланинг тез-тез қусиши, бош лиқилдоғининг катталашиб кетиши, боланинг турли таассуротларга (чироқ нури, товушларга) реакция билдирмаслиги, терморегуляция(тана ҳароратининг бош мия томонидан бошқарилиши) кабиларнинг бузилиши ва ҳакозо.

Касаллик оқибатида ушбу дардга чалинган ёш болаларнинг руҳий, жисмоний ривожланишида кузатиладиган камчиликлар – бу узоқ вақт давомида фикрни бир ерга жамлай олмаслик, ички аъзоларнинг фунционал фаолиятида кузатилиши мумкин бўлган салбий ўзгаришлар, қолаверса, гидроцефалия (бош мия истисқоси), эпилепсия,(тутқаноқ) церебрал фалаж кабиларни мисол қилиш мумкин. Бир сўз билан айтганда дардни даволагандан кўра уни олдини олган афзал.

Олий тоифали невропатолог Муҳиддин ОҚНАЗАРОВ тавсиялари асосида Марям АҲМЕДОВА ёзиб олди

You may also like...

2 Responses

  1. Мухаммадиев Равшан demoqda:

    Энцефалопатиянинг давоси борми,мани углим киндикка уралиб тугилган эди,энцефалопатия деб ташхис куйишди.Тулик тузалиб кетадими.жавобингиз учун рахмат.

    • Хуршида Ҳусенова demoqda:

      Бу гипоксиянинг даражаси билан алоқадор. Фарзандингизни невропатолог кўригидан ўтказишни тавсия берамиз.

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: