Чекишни ташламоқчимисиз? Ишонинг, бу қўлингиздан келади

Кашандалик нафақат кўпгина касалликлар сабабчиси, балки яна алоҳида хасталик – тамакига қарамлик сифатида ҳам тавсифланади. Чекишни ташлаш соғлиқ учун жуда ҳам муҳимдир.

Шу боис, бу иллатдан қутилишга ҳаракат қилиш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди. Буни қанчалик тез амалга оширсангиз, ўпкангизни шунча соғлом сақлаб қолган бўласиз. Агар ушбу аъзоингиз зарарланган бўлса ҳам сиз чекишни ташласангиз, унинг “қариши” секинроқ кечади. Мазкур хасталикдан қутулишда соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилиш жуда муҳимдир.

 

Тамаки чекиш қандай касалликларга олиб келади?

Бу зарарли одат ўпкани жиддий зарарлайди. Ўпка альвеолалари ва майда бронхлар тамаки туфайли шикастланади. Кислород етишмаслиги ва бронхлардаги яллиғланиш сабабли кучли, узоқ давом этувчи хуружсимон йўтал кашандани безовта қилади. Натижада оғир сурункали ўпка касаллиги ривожланади.

 

Чекиш саратонни чақиради. Тамаки тутунида 3000дан зиёд кимёвий зарарли моддалар бўлиб, уларнинг 60 таси ракни келтириб чиқаради.

 

Чекиш ҳалқум, оғиз бўшлиғи, қизилўнгач, меъда ости бези, буйрак ва қовуқ саратонига олиб келади.

Нима учун чекишни ташлаш зарур?

Чунки, бу сизнинг умрингизни узайтиради. Чекиш инсон умрини 15-20 йилга қисқартиради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра ҳар йили 5 млн. нафар кашанда чекиш сабабли барвақт дунёдан кўз юмади.

 

Чекишдан халос бўлиш учун нима қилиш лозим?

Сизга беш хил оддий усулни таклиф қиламиз:

  1. Тамакидан воз кечиш учун алоҳида бир кунни белгиланг. Уйда, ишда ва машинадаги барча сигарет, кулдон, чақмоқтош (зажигалка)лардан халос бўлинг.
  2. Чекишдан ўзингизни чалғитишга ҳаракат қилинг. Агар қаттиқ хумор сизни тарк этмаса, ким биландир гаплашишга ёки ёқимли бирон бир иш билан шуғулланишга ҳаракат қилинг.

Биринчи кунлари одатий кун тартибингизни ўзгартиринг: масалан, ишга бошқа йўл билан боринг. Нонушта, тушлик вақти ва жойини ўзгартиринг.

Алкоголли ичимликларни ичманг. Агар сиз қаҳва ичишга одатланган бўлсангиз, уни чой билан алмаштиринг.

Руҳий зўриқиш (стресс)ни камайтириш учун иссиқ ванна қабул қилинг. Жисмонан фаол бўлинг, китоб ўқинг. Психолог билан суҳбат қуринг. Кўпроқ тоза ҳавода сайр қилинг ёки бирор спорт тури билан шуғулланишга ҳаракат қилинг.

Тез-тез газсиз минерал сув ва мева-сабзавотларнинг шарбатини ичинг.

Яна ўқинг:  Кексаларга тиббий кўмак

Ҳисоблаб кўринг, чекишни ташлаганингиздан бери қанча пул тежаб қолдингиз. Тежалган маблағга ўзингизга совға олинг.

  1. Тамакига тобеликдан қутулиш учун шифокор-наркологга мурожаат қилинг. Қарамликдан қутулишнинг турли усуллари мавжуд бўлиб, фақат мутахассис шифокоргина қайси усул сизга тўғри келишини ҳал қилади. Анор, узум, қизил лавлагили салат қонни тозалайди. Сут ва қатиқ маҳсулотлари организмдан токсин (заҳар)ларни чиқариб ташлайди.
  2. Қийинчилик ва хуморга қарши курашинг. Агар сизда хумор кузатилса, руҳингизни туширманг. Бундай узилишлар дастлабки 3 ой ичида бўлиши мумкин. Ёдда тутинг: кўпчилик инсонлар чекишни бир неча маротаба ташлашга ҳаракат қилганларидан кейингина мақсадларига эришганлар. Шу сабабли, бўшашманг. Сиз ҳам бунинг уддасидан чиқасиз!
  3. Яқинларингиз кўмагига ишонинг. Текширувлар шуни кўрсатадики, оила аъзоларингиз кўмаги сизга катта ёрдам беради. Дўстларингиз, ҳамкасбларингизга чекишни ташламоқчи эканингизни айтинг. Улардан сизни қўллашларини сўранг, олдингизда чекмасликларини илтимос қилинг. Ҳатто, сизнинг олдингизда тамаки қолдиғини ҳам ташлашмасин.

 

Чекишни ташлаш осон эмас, лекин сиз бунинг уддасидан чиқасиз!

 

Азиза ШИРИНОВА,

Саломатлик ва тиббий статистика институти ташкилий-услубий бўлим мудири

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: