Чапақай болаларни ўнг қўлга мажбурлаш мумкинми?

Боғча ёки мактабга чиққан болажонларнинг чап қўлда машғулотларни бажариши атрофдагиларга бироз ноқулай кўринса-да, ўзларига асло билинмайди.

Айтиш керакки, кичкинтойларда чапақайлик асосан 3-4 ёшидан сезила бошлайди. Уларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатида ўнгга нисбатан чап қўлнинг фаоллигини билиш қийин эмас. Тўғри, бу ота-оналарни бироз хавотирга солиши, табиий. Аммо бундан жиддий муаммо ясаш ҳам унчалик тўғри эмас.

– Чапақайлик – психологияда туғма ирсий хусусият ҳисобланаб, яъни ота-­оналардан бирида шундай одат бўлса, болаларнинг ҳам чапақай бўлиш эҳтимоли юқори, – дейди психолог Феруза Расулова. – Шунингдек, унинг сабаблари мажбурий ҳам бўлиши мумкин. Инсонда бош мия чап ва ўнг ярим шардан иборат бўлиб, чап мия ярим шари вербаль мантиқий тафаккурни ишлашида муҳим роль ўйнайди. Чапақай болаларда эса бош мия тузилишининг фаол ишлаши ўнг қўлида ишлайдиганларга нисбатан бироз фарқ қилади. Уларда ўнг ва чап мия ярим шарлари функциялари аралашган ҳолатда ўзига хос тузилган бўлади. Агар бола ўнг қўлида ёзса, ахборотлар бош мия ярим шарида таҳлил қилинади. Чап қўлида ёзадиган ўқувчида эса бу жараён бошқачароқ, яъни бош миядаги таҳлил қилиш маркази ҳар иккала ярим шарда жойлашган бўлади.

Чапақайликни ўзлаштиришга таъсири

Чап қўлда фаол ишлайдиган болалар мактабдаги фанларни ўзлаштиришда, диққатни жамлашда бироз қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Ушбу нуқсонларга катталар жиддий қарамасликлари керак. Чунки бу табиий жараён ҳисобланади. Чапақайлардан келажакда кўплаб спортчи ёки машҳур инсонлар етишиб чиққанлиги сизга маълум.

Унинг сабаблари

Болаларда чапақайлик турли омилларга кўра юзага келади. Масалан, кичкинтой боғча ёки уйда чап қўлида иш бажарадиган инсонларга қараб чапақай бўлиб қолиши мумкин. Қолаверса, турли хилдаги жароҳатлар, қўлидаги нуқсонлар сабабли ҳам бу одатга ўрганиш кузатилади. Бундан ташқари бола туғилганидан бошлаб чап қўлини ўнгга нисбатан фаолроқ ҳаракатлантириш натижасида ҳам чапақайлик юзага келади.

Икки қўлнинг фаоллиги

Бу каби ҳолатларнинг кузатилиши, табиий жараён ҳисобланиб, фанда амбидекстрия (икки қўллилик) деб аталади. Яъни, бундай инсонлар икки қўлда бемалол ҳаракат қила олади. Боиси, уларда бош миянинг ҳар икки ярим шари ҳам бирдек фаол ишлайди. Бу эса организмга жиддий таъсир этмайди.

Яна ўқинг:  Нима учун паст тезликдаги интернет соғлиқ учун хавфли?

Ўнг қўлда ишлашга мажбурлаш мумкинми?

Ўнг қўлда ёзишга мажбурлаш боланинг стресс (руҳий зўриқиш) ҳолатга тушиб қолишига олиб келади. Бунинг натижасида унда невроз хасталиги кузатилади. Ота-оналар шуни унутмаслиги керакки, чапақайлик боланинг мия функциясининг тузилиши билан боғланган бўлади. Шунинг учун уларни ўнгда ёзишга мажбурлаш ёки жазолаш асло мумкин эмас. Бундайлар жуда таъсирчан ҳисобланади. Кўпинча улар аразчи, хавотирланувчан, тез чарчайдиган, ишчанлик қобилияти суст бўлиши мумкин. Бу каби ҳолларда уларни ўнг қўлда ёзишга мажбурлаш акс таъсир этади.

Антиқа болалар билан ишлаш

Чапақайлар билан машғулотлар олиб борилганида уларнинг индивидуал хусусиятини инобатга олиш зарур. Агар устозлар чапақай ўқувчилар билан тўғри иш олиб борса, келажакда улардан иқтидорли ва қобилиятли инсонлар етишиб чиқади.

Дилфуза АЗИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: