Бош мияда нега қон айланиши бузилади?

0
127
марта кўрилган.

ёки инсультнинг сабаб ва оқибатлари

 

Бу бош миянинг юрак қон-томир касалликлари билан боғлиқ бўлган функционал ёки органик шикастланиши бўлиб, кардиоцеребрал ўзгаришлар дейилади. Бош мия тана вазнининг 2 фоизини ташкил қилиб, организмга керак бўлган кислороднинг 20 фоизини сарф қилади. Бош мия пўстлоғининг ҳужайраларига беш дақиқадан кўпроқ қон етиб келмаса, улар ҳалок бўлади.

Цереброваскуляр ўзгаришлар, яъни бош мия хасталиклари кўпинча юрак қон-томир хасталиклари асосида келиб чиқади. Бундай касалликларни келтириб чиқарувчи асосий сабаблар орасида энг муҳими бу артериал гипертония (хафақон) касаллигидир. Қон босими ошишининг цереброваскуляр хасталикларни келиб чиқишига сабаб бўлувчи таъсири – бу систолик ва диастолик артериал қон босимининг кўтарилиши қанчалик юқори бўлса, бош мия инсульти келиб чиқиш хавфи шунчалик юқори бўлади. Қон зардобида ренин моддасининг кўпайиши, юрак чап қоринчасининг миокарди яъни, мушакларининг қалинлашиши, бош мия қон айланиши етишмовчилигининг бошланғич клиник белгиларидир. Кўп йиллик тадқиқотларга асосан артериал гипертонияда кузатиладиган хуружлар, қон босимининг тез-тез ўзгариб туриши, тунда қон босими юқори бўлиши ёки унинг кескин тушиб кетиши ҳам цереброваскуляр хасталикларнинг тез ривожланишига олиб келади.

Цереброваскуляр ўзгаришлар икки хил бўлади. Ўткир ва сурункали цереброваскуляр ўзгаришлар. Хасталикнинг ўткир турларига: бош мия қон айланишининг ўткинчи бузилиши киради. Бунда тўсатдан бош мия қон айланиши бузилади. Унинг белгилари 24 соат давомида қайтади. Бош мия инсульти – бу ҳолатда бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши ўзига хос ўчоқли клиник белгилар билан тавсифланади. Унинг белгилари 24 соатдан узоқ вақт давомида кузатилади.

Сурункали цереброваскуляр хасталикларга бош мия қон айланиши етишмовчилигининг бошланғич белгилари ва дисциркулятор энцефалопатия киради.

Бу касалликларда беморлар бош оғриши ва айланиши, шунингдек, унда шовқин кузатилиши, хотиранинг сусайиши, иш қобилиятининг пасайишига шикоят қиладилар.

Кейинчалик касаллик ривожланиб бориши билан субъектив шикоятлар кўпайиб, объектив неврологик белгилар яъни, оёқ-қўлларнинг увишиши, қувватсизланиш, қалтираш, мувозанатнинг бузилиши, юрганда чайқалиб кетиш, ҳаракатларнинг қийинлашиши қўшилади. Цереброваскуляр ўзгаришларнинг келиб чиқиши кўп ҳолатларда юрак хасталикларига боғлиқ бўлади. Юрак ишемик касаллиги, юрак аритмиялари, миокард инфарктидан кейин ва атеросклерозда бош мия қон-томир касалликлари ҳам тез ривожланади. Айниқса, юрак қон-томир хасталикларига чалинган беморларда психовегетатив ўзгаришлар кўп кузатилади. Бу ўзгаришлар тушкунлик, хавотир, ваҳима, анозогонозия, яъни ўз касаллигини эътиборга олмаслик, қўрқув каби кўринишда намоён бўлади. Беморлардаги бундай ўзгаришларни вақтида аниқлаш мақсадида махсус тиббий тестлар ўтказилади. Кейин унинг натижаларини ҳисобга олган ҳолда шифокор муолажаларни бошлайди.

Яна ўқинг:  Катарактадан ҳоли олам янада равшан

Цереброваскуляр ўзгаришларнинг асосий сабаби артериал гипертония, дедик. Лекин фақатгина гипотензив дори-дармонлар билан бундай ўзгаришларнинг олдини олиб бўлмайди. Ҳозирги вақтда комплекс даволаш услублари қўлланилаяпти. Масалан, гипотензив дори воситалари билан бирга рефлексотерапия, психотерапия, бош мия қон айланишини яхшиловчи, мия ҳужайраларини озиқлантирувчи, қондаги липидларнинг миқдорини камайтирувчи препаратлар қўлланилмоқда. Юрак қон-томир хасталиклари сабабли келиб чиққан цереброваскуляр ўзгаришлар албатта, асосий касаллик даволангандан сўнг бемор оёққа туради.

 

Наргиза МАҲКАМОВА,

Республика ихтисослаштирилган кардиология

илмий-амалий тиббиёт маркази катта илмий ходими

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.