БОЛАЛАР ТАОМНОМАСИДА ИЛК ШАРБАТЛАР

Янги мевалар ва сабзавотлардан тайёрланган табиий шарбатларни имкон борича кўпроқ ичиш болаларга жуда фойдали. Шарбатлар гўдакларга биринчи галда биоэлементлар танқислигини қоплаш учун тайинланади. Табиий овқатлантирилаётган болалар рационига мева шарбатларини 6 ойликдан илгари киритмаслик керак. Шарбатни бундан олдин киритиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, у аксарият аллергик реакциялар ва меъда-ичак тизимида бузилишлар рўй беришига олиб келиши мумкин. Биринчи марта олма шарбатини тавсия қилиш мумкин. Бу мева (кўк олма) аллергия чақирувчи фаолликка эга эмас. Сўнгра нок, олхўри, ўрик, қовоқ, тарвуз, беҳи шарбатлари, кейинги босқичда эса қора қарағат (смородина), олча ва бошқа мева шарбатларини тайинлаш мумкин.

Шарбатлар ва мева пюресини болага биринчи марта сабзавотлар ёки ёрмали бўтқалардан кейин тайинлангани маъқул. Чунки, хом маҳсулотлар бир мунча кучли аллергияловчи таъсир кўрсатиши, меъда-ичак йўли фаолиятиниг бузилишини келтириб чиқариши мумкин. Илк бора болага ярим чой қошиқдан бошлаб олма шарбати берилади. Кейин бу миқдор аста-секин тўлиқ ҳажмгача (100-150 гр) етказилади.

Шарбатлар витаминлар ва минерал тузлар, клетчатка, органик кислоталар, пектин бирикмалари, хушбўй моддалар ва эфир мойларининг манбалари ҳисобланади. Улар кўпгина касалликларга қарши шифобахш хоссаларга эга.

Гўдакларни овқатлантиришда жиддий эътибор билан ва алоҳида ёндошмоқ зарур. Хусусан, шарбатлар тайинлашда ҳам уларнинг соғлиғи, ҳазм тизими фаолияти хусусияти ва гўдакнинг иштаҳасини ҳисобга олиш даркор.

Масалан, шарбатларнинг меъда-ичак йўли фаолиятига таъсирини назарда тутиш шарт. Нордон ва ўткир таъмли шарбатлар (қора смородина, олча, клюква, лимон) меъда ва ичак шиллиқ пардасини таъсирлантириши мумкин. Бу нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун шарбатларни қайнатилган сув билан суюлтирган маъқул. Хусусан ўрик, олхўри каби меваларнинг эти, сабзили шарбатлар ичакнинг ҳаракат фаоллигини кучайтириши мумкин. Шунинг учун уларни бола рационига ич қотишга мойиллик бўлганда киритиш мақсадга мувофиқ. Ичи суюқ келадиган болаларга ични қотириш хусусиятига эга бўлган мева(нок) шарбатлари бериш керак.

Таркибида қанд микдори талайгина бўлган шарбатлар болаларда ичак дискинезияси ҳолатларини қўзғатиши ёки кучайтириши мумкин. Бу ҳолат диарея (ичкетар), ич қотиши кучайиши ва ичакдаги санчиқлар билан боғлиқ. Боланинг безовталаниши шулар қаторига киради.

Бир қатор шарбатларни кўтара олмаслик, хусусан, аллергик реакциялар бериши мумкинлигини ҳам эътибордан соқит қилмаслик лозим.

Яна ўқинг:  ВУЖУД ҚЎРҒОНИ ҲИМОЯСИДА

Болалар овқати учун саноатда ишлаб чиқариладиган махсус шарбатларни бериш хам мақсадга мувофиқ. Чунки, ноқулай экологик шароитларда ва аҳолининг санитария-гигиеник билимлари етарлича бўлмаган ҳудудларда турли пайтларда айни саноатда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар гўдак ҳаётининг биринчи йилидаги турли касалликларнинг олдини олиш ва хавфсизлик кафолати билан таъминлайди.

Ўрик шарбати – қон ҳосил бўлишини фаол рағбатлантиради, ўт ҳайдовчи, иссиқни туширувчи, ични юмшатувчи хоссаларга эга. Кўриш қобилияти, юрак-қон томирлар тизими ва меъда-ичак йўли фаолиятини яхшилайди.

Олча шарбати – камқонликда, ўпка, жигар касалликларида, ич қотишларида шифобахш таъсирга эга, дизентерия (ичбуруғ) ва йирингли инфекция қўзғатувчилари бўлган стафилококклар ва стрептококкларга ҳалокатли таъсир қилади.

Анор шарбати – ундан гастрит(меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши), цинга касаллиги, камқонликда фойдаланилади. Юрак-қон томирлари тизими ишини яхшилайди. Ўзининг умумий қувват бағишловчи таъсири билан фойдали, биоген стимулятор ҳисобланади ва меъда ости бези касалликларида даво бўлади. Ични қотириш хусусиятига эга.

Беҳи шарбати – қон ҳосил бўлишини фаол рағбатлантиради. Нафас аъзолари касалликларида қўлланилади.

Олхўри шарбати – вирусларга қарши табиий дори воситаси ҳисобланади. Юрак-қон томирлар тизимини яхшилайди, сурги сифатида қўлланилади.

Сабзи шарбати – иштаҳани, ҳазм тизими фаолиятини, кўришни яхшилайди, тишларни, асаб тизимини мустаҳкам қилади, иммунитетни оширади. Инфекцияга қарши антиоксидант ҳисобланади.

Ошқовоқ шарбати – жигар, буйраклар, қовуқ касалликлари, камқонликда, моддалар алмашинуви бузилганда, семизликда, қандли диабетда, ичак санчиқларида фойдали.

Олма шарбати – пектинга бой, организмдаги заҳарли моддаларни сўриб олишда адсорбент каби таъсир қилади.Организмни буйрак тошларидан фориғ қилади. Нафас аъзолари ишини яхшилайди, юрак-қон томирлар тизимини мустаҳкамлайди.

Феруза ГАФАРОВА,

ТошВМОИ “Педиатрия” кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: