Бола тарбиясида отанинг ўрни қандай?

 

Яқинда дугонам Маҳфузаникига меҳмонга бордим. Ўртоғимнинг уйида оз фурсат бўлган бўлсам-да аммо бу меҳмондорчилик менга жуда катта сабоқ бўлди.

Хуллас, шу куни дугонамнинг турмуш ўртоғи Мурод ака тушга яқин уйга келди. У машинасидан тушиши биланоқ ҳовлида ўйнаб юрган ўғилчасини чунонам сўзлар билан ҳақоратлай бошладики, бу сўзларни эшитиш мен учун оғир эди. Ажабланарлиси, Маҳфуза бу сўзларини одатдагидек қабул қилди.

Наҳотки, оила бошлиғининг болаларига муносабати шу бўлса?! Унда бу хонадонда улғаяётган ўғил-қизлар одоб ва тарбияни кимдан ўрганади? Бундай оталар яқинларига қандай ўрнак бўла олади? Келажакда ўғил (бўлажак ота) севикли аёли ва болаларига қандай муносабат кўрсатади?

Эркак – оила бошлиғи, хонадон устуни. Бу эътирозсиз қабул қилинган меъёрдир. Ана шу меъёрни ушлаб туриш, ота ролини муносиб бажариш, уни маромига етаказиш, ҳар бир эркакдан катта маъсулиятни талаб этади. Чунки унинг ҳар бир хатти-ҳаракати болаларнинг диққат марказида бўлади. Фарзандлар, айниқса, ўғил болалар истайсизми-йўқми, отага, унинг юриш-туриши, одоб-ахлоқига тақлид қилади.

Ота тинмай меҳнат қилади, елиб-югуриб, рўзғорига ризқ ва барака келтиради. У оилани бошқаришни ўз бурчи деб билади. Хонадонда тарбия топаётган ўғил фарзандлар ўзларини ота қиёфасида кўришга ва улардан нусха олишга ҳаракат қилишади. Рўзғор юритиш, фарзандлар тарбияси эса севимли ва меҳрибон оналар зиммасидаги вазифадир. Ота ҳурматини жойига қўйиш, эр-хотин муносабатларини фарзандларига намуна қилиб кўрсатиш аёлнинг маҳоратига боғлиқ.

Ота, энг аввало, фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир этишини англаган ҳолда оиладаги муносабатларни тўғри ташкил этиши лозим. Лекин бунинг акси бўлса, у оталик масъулиятини чуқур ҳис қилмаса, ўз мавқеи ҳақида ўйламаса, демакки, бундай оилада мувозанат бузилади. Болаларда падари бузрукворига нисбатан ишонч, ғурурланиш ҳисси сўниб боради. Бу ҳолат айниқса, ўғил болалар руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Чунки, улар учун отасидан кучли ва ақлли инсон йўқ, дунёда. Ўсмир ёшига етган ўғил-қизларда бу ҳолат айниқса, кучли сезилади.

Дўстона муносабат ўрнатиш

Ўсмир ёшдаги ўғил фарзанд оталари билан мулоқот қилиш ва улар билан турли мавзуларда суҳбат қуришни қалбан хоҳлайдилар ва шунга эҳтиёж сезадилар. Бу вақтда ота ўз дилбанди билан дўст-суҳбатдош сифатида муносабатга киришса, фарзанд ҳам падарини энг яқин инсон сифатида қабул қилади. Ўз орзу-истакларини отасига очиқ баён эта олади, ҳатто, уни қийнаётган муаммоларни ҳам айтишга журъат топади. Ота болани тинглаш ва унинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда муносабатни ташкил этиш ва ҳар бир фарзандининг ҳис-туйғуларини тушуна олиш қобилиятига эга бўлиши керак.

Яна ўқинг:  Мустаҳкам оила қандай бунёд бўлади?

“Қуш уясида кўрганини қилади…ми?”

Оилада ота-она асосий тарбиячи ҳисобланади. Тарбиянинг эса услублари кўп. Ўргатиш, тушунтириш, тақиқлаш ва ҳоказо. Лекин тарбиянинг энг самарали усули – намуна кўрсатишдир. Шунинг учун хонадонда ўғил-қизларга қандай намуна кўрсатилса, ана шу фазилатлар уларда акс этади. Масалан, ота чекса, ичса, ҳақоратли сўзлар айтса, вояга етаётган фарзандларнинг тарбиясига жуда катта таъсир этади. Бу муносабатларни кўрган ўғил-қизлар оддий жараёндек қабул қилади. Оқибатда фарзандлар улардан нусха олади. Бундан кўринади-ки, айрим оталарнинг ахлоқи, уйида ўзини тутиши, ичкиликбозлиги ва бошқа салбий ҳолатлари болаларига ёмон ибрат бўлади, албатта. “Қуш уясида кўрганини қилади” – дейди, доно халқимиз. Шу сабабли фарзанд андозани, энг аввало, ота-онасидан олади.

Намуна кўрсатиш

Отанинг онага бўлган муносабатига қараб, қизлар одатда ўзини келажакда турмуш ўртоғига нисбатан қандай муносабатда бўлишини ўрганиб боради. Ўғил болалар тарбиясида ҳам шунга ўхшаш тамойил устувор бўлади. Яъни, улар ҳам ота-оналарнинг ўзаро муносабатларига мос тарзда ўзини келажакда оила бошлиғи, эр ролига ҳамда онасининг юриш-туриши ва фарзандларга муносабатига қараб, оналик ролига руҳан тайёрлаб боради. Ва худди шундай оила қуришга ҳаракат қилади.

Шундай экан оилада соғлом муносабатнинг шаклланишида қолаверса, фарзандларни етук ва комил инсон бўлиб вояга етишиларида оталарнинг роли ва ўрни жуда ҳам беқиёс. Ҳар бир инсоннинг ҳаётидаги энг катта бойлиги бу унинг фарзандларидир. Ҳар бир ота-она фарзандини яхши тарбиялаш, уларнинг орзуларини амалга оширишни ва юксак чўққиларга эришишини истайди. Бу орзу-истаклар ўз-ўзидан бўлмайди. Бундай вазиятларда ота-оналардан тарбияда ўта нозиклик ва ҳушёрликни талаб этади, албатта. Улар бурчларини сидқидилдан бажарсагина ўйлаган мақсадларига эриша олади.

Замира БИЛОЛОВА,

психолог,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бош мутахассиси

  

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: