БОЛА САЛОМАТЛИГИГА ЭЪТИБОР

Унинг баркамол улғайишига замин яратади

Ҳар бир инсон тиббиёт фани ишлаб чиққан гигиена меъёрлари ва қоидалaрига риoя қилиши ҳамда касалликлaрга қарши фаол курашиши нафақат ўзининг, балки оила аъзоларининг ҳам саломатлиги учун заруp.

Болани тўғри овқатлантириш унинг жисмоний тарбиясига ва ақлий жиҳатдан камол топишига катта таъсир кўрсатади. Лекин баъзи оналар бола бақувват ўссин деб унга кўп овқат едиради. Бу мутлақо нотўғри. Семиз бола камҳаракат бўлиб, кўп касал бўлади. Болани ёшига, организмининг ўзига хос хусусиятларига қараб овқатлантириш лозим.

Нимжон болаларга оз-оздан тез-тез, витаминларга бой овқатлар бериб туриш керак. Баъзи болаларнинг иштаҳаси паст бўлади. Бундай ҳолда уни шифокорга кўрсатиш лозим. Лекин баъзи соғлом болаларнинг ҳам иштаҳаси паст бўлиши мумкин. Рус физиолог олими И. Павлов илмий ишларида овқат ҳазм бўлишининг асаб тизимига боғлиқ эканлигини баён этган эди.

Боланинг овқати сифатли, витаминларга бой бўлиши лозим. У доим маълум бир вақтда овқатланиши керак. Шунда меъдада ана шу пайтга келиб шира ажралиб чиқади ва овқат яхши ҳазм бўлади. Болани тўрт маҳал овқатлантирган маъқул (нонушта, иккинчи нонушта, тушлик, кечки овқат).

Табобат илми султони Абу Али ибн Синонинг тавсиясига кўра иссиқ овқат истеъмол қилгандан кейин ичиладиган суюқликлар ҳам иссиқ ёки илиқ бўлмоғи лозим. Чунки, меъдага иссиқ овқат тушгандан кейин унинг томирлари кенгайиб, қон оқими кучаяди ва меъдада шира ажралиб чиқа бошлайди. Агар иссиқ овқат устига бирданига совуқ суюқлик ичилса, бу биринчидан меъда шираси ажралишини тўхтатиб қўяди. Иккинчидан меъда-ичак тизимида қон томирларининг торайишига сабаб бўлади. Натижада овқат ўз вақтида ҳазм бўлмайди. Оқибатда меъда-ичаклар касалликка чалиниши мумкин.

Боланинг оч қолиши жуда зарарлидир. Бунда организмнинг касалликка қарши чидами-иммунитет сусайиб салга чарчайди. Кўпгина касалликлар тозаликка эътиборсизлик натижасида келиб чиқишини ҳамма яхши билади. Шу сабабли болани тўғри парвариш қилишда ота-оналар санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишлари муҳим аҳамиятга эга. Гўдакни ҳамиша покиза тутишга, уни чўмилтиришга, ювинтиришга, кийим-кечаклари, кўрпа-тўшаги, идиш-товоғининг тоза бўлишига катта эътибор бериш керак.

Болаларнинг оғиз бўшлиғини тоза тутишга барвақт ўргатиш лозим. Тиш ва оғиз бўшлиғи гигиенасига тўла риоя қилганда тишлар узоқ вақтгача соғлом бўлади. Фарзандингиз соғлом ўсиши учун тоза ҳавонинг аҳамияти катта. Уйнинг ҳавоси оғир, дим бўлса чақалоққа зарар қилади. Очиқ ҳавода кам бўладиган гўдакнинг ранги оқариб кетади, иштаҳаси яхши бўлмайди. У ҳар хил касалликларга тез чалинади.

Яна ўқинг:  Шамоллашни даволашда оддий чоралар

Гўдак яшайдиган уйда чанг бўлмаслиги лозим. Уйни нам латта билан ҳар куни артиш ва шамоллатиб туриш керак. Хона ҳавоси алмаштириб турилмаса, одам нафас билан бирга чиқарадиган карбонат ангидрид гази ҳавода кўпайиб кетади. Нафас билан чиқадиган буғлар ҳаво намлигини оширади. Бундай хонада бола лоҳас бўлади, нимжон бўлиб ўсади, организмининг турли касалликларга қарши курашиш қобилияти ҳам сусаяди.

Қуёш нурлари кўп тушиши ва умуман хонанинг ёруғ бўлиши организмда моддалар алмашинувига яхши таъсир кўрсатади. Бу нур таркибидаги ультрабинафша нурлар таъсирида организмда Д витамини ҳосил бўлади. Ушбу витамин кальций алмашинувини бошқаради ва суякларнинг меъёрда ривожланишини таъминлайди. Организмда Д витамини етишмаган болалар рахит касаллигига учрайди. Рахитга учраган болаларнинг суяклари қийшайиб қолади. Улар ташқи муҳит таъсирига чидамсиз бўлиб, нимжон ўсади. Турли касалликларга тез чалиниб туради ва яхши ўсмайди.

Бола гўдаклигиданоқ алоҳида ўринда ётиши зарур. Унга тахта каравотга қаттиқроқ тўшак солиб бериш керак. Пружинали каравотда ётганда боланинг умуртқа поғонаси нотўғри ривожланиши мумкин. Чақалоққа ва умуман болаларга табиий толали матолардан кийим кийдириш, уларнинг соғлиғи учун муҳим. Уни ҳавога қараб кийинтириш лозим. Пойабзал юмшоқ, оёқ панжаларини сиқмайдиган бўлиши керак.

Бола қанчалик ёш бўлса, у шунчалик кўп ухлаши зарур. Кичик мактаб ёшидаги ўқувчилар кечқурун кечи билан соат 9-9: 30 да ухлаши лозим. Фарзандингиз ухлашга ётишдан олдин кўп югурмаслиги, серҳаракат ўйинлар ўйнамаслиги керак. Чунки, бунда марказий асаб тизими ортиқча қўзғалади. Натижада у яхши ухлай олмайди. Уйқу тартибига риоя этиш лозим. Маълум вақтда уйқуга ётиш ва маълум вақтда туриш керак. Шунда организмда шартли рефлекс пайдо бўлади ва одамга ўз вақтида ухлаш ва уйғониш одат бўлиб қолади. Бола ётадиган уйда шовқин бўлмаслиги, радио, телевизор ва чироқларни ўчириб қўйиш лозим. Нимжон болалар учун тушликдан кейин бир-икки соат ухлаш фойдалидир. Биринчи синф ўқувчиси учун мактабга бориш унинг ҳаётида катта бурилиш даври ҳисобланади. Биринчи йили ўқув дастурларини ўзлаштиришда бола бирмунча қийинчиликларга учрайди. Бунда ўқитувчилар ва ота-оналар ўқувчи болага ёрдам бериб, унга қулай шароит яратиб беришлари керак. Боланинг соғлиғини сақлаш, организмининг уйғун ривожланиши учун етарли шароит яратиб бериш унга атроф-муҳитни ўрганишида ёрдамлашиш керак. Шунингдек, унинг ўз вақтида дам олиб, тўйимли ва сифатли овқатланиши ҳамда очиқ ҳавода сайр қилишига имкон яратиш керак.

Яна ўқинг:  Биотехнологиядаги кашфиётлар амалиётга татбиқ этилмоқда, —

 

Шаҳноза ҚУРБОНОВА,

Гулистон тиббиёт коллежи “Оналикда ҳамширалик парвариши” фани ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: