ЮРТ БОР, ЮРАГИНГ СОҒ УРАР, БОЛАМ!

Тун ярмидан оққан маҳал. Шоҳруҳжоннинг ингарагани эндигина уйқуга кетган Гулмирани уйғотиб юборди. Шўрлик онаизор сапчиб турди-да, ўринда ётган ўғлига аста яқинлашиб беҳаловатгина разм солди. Тўрт яшар болакай нафас олишга қийналар, ҳансирар, пешонасида маржон каби тизилган тер чаккасига тушиб, болишни жиққа ҳўл қилган эди. Бола безовталанганча оёқларини ўринга ишқалаб, гоҳ ўнга, гоҳ сўлга ағдариларди. “Яна оёғи безовта қиляпти шекилли”, дея хаёлидан ўтказди у. Ўғлининг кийимларини алмаштирдида, токчада турган ёғдан олиб боласининг оёғига сурта бошлади. Бола оғриқдан холи бўлди чамамда бироз тинчланди:

“Ўғлим токайгача шундай азобланади? Кейинги пайтларда оёғидаги оғриғи ҳам тез-тез қайталайдиган, дард зўрайганидан болам бардош беролмайдиган бўлиб қолди-я”

Шоҳруҳбек оилада иккинчи фарзанд. Опаси Элмирадан сўнг ўғлининг туғилиши Тўраевлар хонадонига яна бир олам қувонч олиб келди. Бола кўзга яқин бўлиб, дуркун ўса бошлади. Унинг хушқилиқлари оилага олам шодлигини тўкиб солар, бобоси Мурод ака набирасига боқаркан “Катта бўлса елкамга опичлаб боғчасига, мактабига ўзим олиб бораман”, дея ният қиларди. Фалакнинг синовини кўрингки, бобонинг бу нияти амалга ошмади. Бир ёшга тўлар-тўлмас Шоҳруҳбекнинг саломатлиги орқага кета бошлади. Ранги кун сайин синиб бораётган болага энди ҳеч нима ёқмайдиган, аввалги шўхликларининг ўрнини инжиқлик, қайсарлик эгаллаганди. Ҳар куни бехосдан иссиғининг кўтарилиб кетиши ота-онасини шошириб қўярди. Уларнинг боласини кўрсатмаган табибу, шифохона қолмади.

… Аммо умиднинг ниҳояси бўладими?! Гулмира яна бир бор Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасига мурожаат этди. Шифокор қабулидан ранги ўчган бир аҳволда қадамини зўр-базўр босганича чиқиб келди.

– Ҳа, дўхтир нима деди? Шоҳруҳбекка қандай ташхис қўйишди?

Гулмира турмуш ўртоғи Шавкат аканинг сўзларини англай-англамай!

– Юрагим… юраги… тешик экан, – дея жавоб берди.

Гулмиранинг ўша кезда нима деяётганини англаш мушкул эди. Аслида бунинг фарқи бормикин?! Ҳар бир инсон вужудига битта юрак посбон бўлса, ҳаётда шундай инсонлар борки, юрагини нуридийдаларига бўлиб берган. Бу шубҳасиз – она сиймоси. “Яқинда шифохонамизга юрак соҳаси бўйича “Соғлом авлод учун” фонди ташаббуси билан Корея Республикасидан бир гуруҳ шифокорлар келишади. Болани текширувга олиб келинг”. Бу сўзлар Гулмира опа ва Шавкат акада фарзандининг соғайиб кетишига умид бағишлади.

Яна ўқинг:  Ҳар бир бола алоҳида эътиборда

… Фонд томонидан Шоҳруҳбек белгиланган тиббий кўрикдан ўтди. Хорижлик шифокорлар боланинг саломатлиги борасида ўзаро суҳбатлашиб, муҳокама қилишди. “Соғлом авлод учун” фонди мутахассислари Гулмира опа ва Шавкат аканинг уй манзили, телифон рақамларини олиб қолиб, тез орада қўнғироқ қиламиз, дейишгандан бери уларнинг тинчи бўлмади. Тиқ этса эшикка қарар, жиринг этса гўшакка ошиқарди. Гулмиранинг беҳаловатлигини кўрган қўни-қўшнилар орасида умид қилманг. Сизлар аллақачон уларнинг ёдидан кўтарилиб кетгандирсиз!? Бу кўриклар номига. Маълумотларингиз тўла папка ҳам шкафнинг бир бурчида чанг босиб ётгандир”, – деганлар ҳам бўлди.

– Эҳтимол, уларнинг айтганларида жон бордир, – дея ўйлади Гулмира. – Орадан озми-кўпми вақт ўтган бўлса. Ҳеч замонда қуруқдан-қуруқ операция қилишадими? Унга ҳам катта маблағ керакдир-ов…

Жорий йилнинг сентябрь ойида фонд томонидан келган қўнғироқ шубҳа-гумонларга чек қўйди:

– Тайёргарлигингизни кўринг. 15 кундан сўнг Шоҳруҳбекнинг юрак операцияси учун Корея Республикасига жўнаб кетасиз.

– Нима? Кореяга?… 15 кундан сўнг… Ахир мен… мен… ҳужжат… виза…

– Хавотир олманг. Ҳаммаси жойида. Муаммо бўлмайди. Ўзимиз ёрдам берамиз.

Чиндан ҳам сафар тадоригида муаммо бўлмади. 4 кун ичида сафар ҳужжатлари фонд кўмаги билан тайёрланди. Жорий йилнинг 15 сентябрида беш нафар юрак нуқсони билан оғриган болалар бепул соғломлаштирилиши учун “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан Корея Республикасига жўнаб кетишди.

Сафарнинг иккинчи кунидан бошлаб, Шоҳруҳбекни тиббий текширувдан ўтказиб, навбатдаги кунида операция хонасига олиб ўтишди. Нуридийдасини шифокорлар қўлига топширар экан, онанинг кўнглидан нимадир “шиғ” этди-ю, мижжаларига ёш қуйила бошлади. Кўнгли тўлиб кетди. Таскину, далдаларга қарамай ўзини тўхтатиб туролмади. Ўксиб-ўксиб, йиғлагиси келди, йиғлади. Бўғзига нимадир тиқилди. Аммо юрагидан бир сўз куч билан отилиб чиқди. “Омон бўл, болам! ”

Шоҳруҳбекнинг операцияси муваффақиятли ўтди. Операциядан сўнг, болаларни кўргани клиника шифокорлари, журналистлар ташриф буюришди. Болаларга совға-саломлар, турли ўйинчоқлар олиб келишди. Икки кундан сўнг болалар учун шаҳар бўйлаб саёҳат уюштирилди. Буларнинг барчаси Гулмира учун гўё туш мисоли бўлди. Бир неча ой аввал фарзанди ташвишида куйиниб юрган онанинг чеҳрасига хотиржамлик ва бахт инган. Ана шу бахтни унга бошидаги посбони, ғамхўри – Ватани инъом этди. Қалбидаги кечинмаларни фақатгина у ва атрофидаги у каби фарзандининг саломатлигидан шодланаётган оналар ҳис эта олади. Онанинг қалбидаги миннатдорлик изҳори дунёга сиғмайди… сиғдира олмайди… Зеро, онанинг ҳаётига мазмун қайтган эди.

Яна ўқинг:  Дахлдорлик ҳисси

Ҳозир серҳаракат, чаққон, бир гапириб икки куладиган қувноқ болага айланган ўғлига боқиб она дилдан қувонди.

Энди Гулмиранинг ҳар бир куни ҳаловатли, осуда. Ўғлининг бошидан силаб “юрагинг дард чекмасин, болам! Сени ардоқлаган Ватан учун муносиб фарзанд бўл”, дея дуо қилади.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: