Юксак чўққилар сари…

Абитуриент. Бу сўзни кўнглимизда бир ўтказамиз-у кўз олидимизда олийгоҳга кириш орзусида ёнган дамларни, уйқусиз китоб мутолаасига берилган тунларни, биргина ўзимиз эмас, балки барча оила аъзоларимиз билан биргаликда имтиҳон олдидан ҳаяжонга тушиб, интиқлик билан тест натижаларини кутган ҳаловатсиз кунлар гавдаланади. Ҳа, чиндан ҳам талабалик бахтига етишган ҳар бир инсон шундай кунларни бошидан кечиригани табиий.

Айни кунларда мамлакатимиздаги барча олий таълим муассаслари ана шундай талаба бўлиш истагида бўлган ёшлар билан гавжум. Сабаби, олий таълим даргоҳларида ҳужжат топшириш ишлари қизғин давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг » 2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарори бу йилги қабул жараёни учун асос бўлиб хизмат қилади. Унга кўра, олий таълим муасаалари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига талабалар қабули бўйича квоталар ажратилган. Жумладан, 2013/2014 ўқув йилида бакалавр таълими йўналишига 56607 нафар талаба қабули белгиланган бўлса, шундан 19120 нафари давлат гранти, 37487 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинади. Магистратура мутахассисликларига 6300 ўрин ажратилган бўлиб, шундан 1548 нафари давлат гранти, 4752 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Шундай экан барча олий таълим масканлари каби Тошкент кимё-технология институтининг бу йилги қабул жараёни ҳам анчагина қизғин. Институтда бакалавр йўналишида 11 та мутахассисликка, магистратура йўналишида эса 17 та мутахассисликка қабул қилиш кўзда тутилган. Талабалар қабулини юқори савияда ташкил этиш мақсадида қабул комиссияси тайинланиб уни ўтказиш тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур жараёнга бириктирилган барча ходимлар ўз ишига масъулиятли ёндашган ҳолда фаолият олиб бормоқда.

– Маълумки, Тошкент кимё-технология институти республикамизнинг иқтисодий ривожи учун керакли кадрлар тайёрлаб бериш билан ўзига хос мавқеига эга. Жорий йилда институтга бакалавриатура таълим йўналишига 790 та жумладан, 315 та давлат гранти ва 475 та тўлов-шартнома асосида қабул режалаштирилган. Шунинг­дек, институтнинг Қўнғирот бўлимининг Қўнғирот сода заводи учун 65 та давлат гранти асосида махсус сиртқи таълим шакли бўйича Қўнғирот кундузги бўлим учун жами 100 та жумладан, 20 та давлат гранти асосида, 80 та тўлов-шартнома асосида қабул режалаштирилган. Магистрлар тайёрлаш бўйича эса умумий 251 ўрин ажратилган бўлса, шулардан 101 таси давлат гранти асосида, қолган қисми тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинади, – дея бизга маълумот берди институтнинг академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича проректори, қабул комиссиясининг масъул котиби Дилшод Қорабоев.

Яна ўқинг:  Фарзандлари соғлом юрт

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, институтда қабул қилиш шарт-шароитларини тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида республика вилоятлари, туманлари ва ташкилотларига етакчи профессор-ўқитувчиларининг сафарлари ташкил этилиб, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда ўқув тажрибасида бўлган юқори курс талабалари ёрдами билан ўрта мактабни битирувчилар ўртасида тўғри касб танлаш ишлари ташкил қилинди.

– Институтнинг менежмент йўналишига ҳужжатимни топширмоқчиман. Барча тўплаган билимларимни ишга солган ҳолда тест синовларидан юқори балл тўплашга ҳаракат қиламан, – дейди Сурхондраё вилояти, Денов туманидан келган абитуриент Карима Одилова. – Бундай пайтларда биз ёшларда бироз ҳаяжон бўлиши табиий. Қабул комисссияси ходимларининг хушфеъллиги бизни дадилроқ бўлишимизга ундайди.

Институт қабул комиссияси аъзолари томонидан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қабул қилиш кунлари ва соатлари малълумотлар тахтасида белгиланган қоидалар асосида ташкил этилиши таъминланган. Абитуриентлар учун тест дастурининг мазмуни, ҳамда тест ўтказишни ташкил қилиш, баҳолаш мезонлари, уларга қўйиладиган талаблар ҳақида ахборот ҳамда тушунтиришлар бериш, маслаҳат соатлари ҳам ташкил қилинган. Бу эса абитуриентларни касб танлаш ва ҳужжат топшириш давомида юзага келадиган саволларга жавоб олиш, имконини беради.

Талабалик бахти яна кўплаб муваффақиятларга эришишга замин бўлади. Бунинг учун давлатимиз томнидан яратиб берилаётган барча имкониятлар етарлидир. Бунга жавобан эса ёшлардан чуқур ва пухта билим олиш талаб этилади. Зеро, заковат ва теран тафаккур ҳамиша юксак ғалабаларга етаклайди.

Маърифат ТОЛИПОВА,

«Соғлом авлод» мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: