Ёшлар иттифоқи ёшларга суянч бўла олдими?

0
24
марта кўрилган.

Бир йил олдин берилган саволга жавоб излаб…

 

Ёшлик бу – истиқболнинг бошланиши. Ундаги сарҳад билмас интилиш ва истак буюк ишлар олдида парвозга шайланган улкан қўш қанотга ўхшайди. Бу қанотларнинг олам узра баланд парвози доимо ўз Ватани олдида қилинажак буюк ишлар учунгина бўлса, қандай яхши! Зеро, ҳар бир ёш авлоднинг орзу-ўйлари, интилишлари ва қизиқишлари жамият томонидан қўллаб-қувватланиб, унга суянч бўлинсагина кўкларга бехавотир парвоз эта олади.

Ўтган йили Президентимиз иштирокида ўтказилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида Ҳаракат ўрнида мутлақо бошқача принцип ва ёндашувлар асосида ишлайдиган, ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қила оладиган, ҳар қандай расмиятчилик ва кампаниябозликдан холи, ҳақиқий демократик ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқини тузиш ва 30 июнни мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида нишонлашни таклиф этилишида ҳам шубҳасиз юқоридаги мақсадлар кўзда тутилган эди. Таъкидлаш жоизки, Юртбошимиз томонидан нафақат ёшлар ташкилотининг номи, балки унинг моҳиятан бошқа тизим сифатида бунёд этилиши мақсад қилиб қўйилди. Берилган имкониятлардан фойдаланиш, дунёқараши кенг, юқори интеллектуал салоҳиятга эга, шу билан бир қаторда уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларнинг ўй-фикрларини ўрганиш масаласи ҳамда масъулиятини ўз зиммасига олган Ёшлар иттифоқининг ташкил этилганига яқин кунларда бир йил тўлади. Ташкилот янги тизим сифатида иш бошлаган илк кунларда газетамизда “Ёшлар иттифоқи ёшларга суянч бўла оладими?” номли мақола эълон қилинган эди. Унда янги ташкил этилган Ёшлар иттифоқининг собиқ “Камолот” даврида йўл қўйган хатолари, уларни такрорламаслик, келиб чиққан хулосалар ва йил давомида қилиниши керак бўлган режалар баён этилганди. Мана, орадан бир йил вақт ўтди, энди “ғалвирни сувдан кўтариш” фурсати ҳам етди.

Ёшлар иттифоқининг ташаббуси билан сўнгги 1 йил мобайнида ёшларга 84,2 млрд. сўм истеъмол ва 313,9 млрд. сўм ипотека кредитлари ажратилди. Ҳудудларда 282 мингга яқин уюшмаган ёшлардан иборат 1480 та “Фидойи ёшлар отрядлари” ташкил этилиб, мавсумий ишларга жалб қилинган уюшмаган ёшларга меҳнат дафтарчаси очиш ва юргизиш тартиби амалиётга киритилди.


 

Иброҳим ҲОЖИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

– Сўнгги бир йил давомида ёшларга доир бир қанча салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 3 та фармони, 5 та қарори, 20га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилингани ёшларга доир сиёсатнинг янада устуворлигини таъминлади. Бундан ташқари, турли соҳаларда юксак натижаларга эришган йигитлар учун “Мард ўғлон” давлат мукофотининг таъсис этилиши, жамоат ишларида фаол ишлаб келаётган ёшлар учун “Келажак бунёдкори” медалининг жорий этилгани ёки ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар уйи”нинг барпо этилиши айни шу ишларнинг узвий давоми бўлди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 8 минг нафардан зиёд ёш ўз уй-жойига эга бўлгани ҳам келажагимиз эгаларига берилаётган кенг имкониятлар натижасидир. Айниқса, ёш тадбиркорлар учун имтиёзли кредитлар ҳамда Иттифоқ томонидан аъзоларга ўн беш фоизли кредит ажратилиши уларни янада ҳаракатга ундашига сабаб бўлди. Аммо ўтган давр мобайнида Ёшлар иттифоқи томонидан қилиниши керак бўлган бир қанча ишлар амалга оширилмасдан қолди. Жумладан, Президентимиз томонидан қўйилган устувор вазифалар етарлича бажарилмади. Хусусан, ёшлар билан индивидуал ишлаш масаласига жиддий эътибор берилмади, ҳудудларга етарли даражада кириб борилмади. Аслида бу борада Ёшлар иттифоқи турли корхона, ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, ёшлар учун имтиёз ва қулайликлар яратиб бериши лозим эди. Негаки кўпгина кўнгилсизлик ва жиноятчилик айнан бекорчилик ҳамда ишсизликдан келиб чиқади. Сўнгги вақтда ёшлар ўртасида майда жиноят ва безориликнинг кўпайганини ҳам айни шу сабаб билан баҳолаш мумкин.


 

Яна ўқинг:  Офтоб уришидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичлари талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича тўлов контракти миқдорининг 35 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаш тизими жорий этилиб, 2018 йил биринчи чоракда 1967 нафар талаба учун қарийб 5 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Тижорат банклари билан ҳамкорликда уларнинг тадбиркорлик, фермерлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 13 минг 598 нафар эртамиз эгаларига 246,6 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратишга эришилди.

Юқоридаги рақамларга қараб хулоса чиқарсангиз, ҳаммаси рисоладагидек. Аммо, шу ўринда ҳақли савол туғилади. Агар иттифоқ ўзбек ўғил-қизлари, уларнинг орзу-интилишларига қанот бўлаётган экан, унда нега сўнгги вақтларда ташкилот билан боғлиқ баҳсли мунозараларда ёшлар иккига ажралиб қолмоқда? Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилаётган лойиҳаларга эътибор қаратсак, гўё ташкилот кўпгина йигит-қизларни ўз атрофида бирлаштира олгандек тасаввур уйғонади. Унда тузилма фаолиятидан қониқмаётган, энг ачинарлиси, бу каби ташкилотнинг борлигидан ҳали-ҳануз бехабар ёшлар қаердан пайдо бўлаяпти? Энди яна сўзимиз аввалига қайтамиз. Ташкил этилганига бир йил тўлаётган Ёшлар иттифоқи фарзандларимиз учун суянч бўла олдими? У нималарга эришди-ю, олдида қандай бажарилиши лозим бўлган вазифалар турибди?

Ҳозирда Ёшлар иттифоқи аъзолари 7 млн. 511 минг, “Камалак” болалар ташкилоти аъзолари 3 млн. 255 минг нафарни ташкил этиб, жами 10 млн. 766 минг нафар ёш авлод иттифоқ атрофида бирлашди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, собиқ “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати аъзолари сони 4 миллионни ташкил қилган. Рақамларга қараб, наҳотки шунча одамни иттифоқ ўз атрофида бирлаштира олди, деган савол туғилади?! Аслида, ташкилотга аъзоларнинг ҳаммаси ҳам бундан хабари борми?! Саволни бундай кескин қўйишимизга ижтимоий тармоқ орқали ўтказган сўровимиз сабаб бўлди. Эътиборлиси шуки, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари аъзолар сонининг сунъий равишда оширилганликда айблаб, бу рақамларни изоҳлаб беришди. Унга кўра мактабда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг исм-фамилиялари иттифоқ базасига киритилгани, аксариятининг бундан хабари йўқлигини эшитиб, ҳайратландик. Олий таълим муассасалари талабаларининг кўпчилиги ҳам шу тахлит “аъзо”ликка қабул қилинган. Рақамларнинг ортишига яна бир муҳим сабаб сифатида телефон компанияларидан бирининг арзон тарифига уланишда айнан иттифоққа аъзолик сўралиши билан боғланди.

Яна ўқинг:  Президент номлаган ихтиро. Унга нега ҳомий топилмаяпти?

Табиий савол туғилади, иттифоққа аъзолар сонининг ортгани билан улар бу ташкилот, унинг фаолияти, берадиган кўмаги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаса, унда бундай аъзоликдан кимга нима наф? Ахир ҳамма нарса сон билан ўлчанмайди-ку. Балки Ёшлар иттифоқи фарзандларимиз ишончини қозониши учун бир йил етарли муддат бўлмагандир?

Хулоса ўрнида, ташкилот олдида ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талайгина. Мисол учун, бошқа мамлакатларда ишлаб юрган ўзбекистонлик ёшларни максимал даражада юртимизга қайтариб, улардан ўз мутахассислиги бўйича фойдаланишимиз лозим. Яна шуни айтиш жоизки, ёшларни бирлаштириш борасида ҳали-ҳанузгача алоҳида тизим шаклланмаган. Зеро, юрт тараққиёти учун бу ўта муҳим мезон ҳисобланади.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.