Реклама

Ёрдамга муҳтож “тез ёрдам” ёхуд тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади?

Ўтган ҳафта охирида юртимиздаги ахборот берувчи интернет сайтлари, қолаверса, ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Полосон қишлоғида 89-қишлоқ оилавий поликлиникаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими шифокори чақирув бўлган хонадон эгаси томонидан қаттиқ калтаклангани ва бунинг оқибатида шифокор оғир тан жароҳат олгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тезкор ўрганиш ишларини олиб борди.

Вазирлик маълумотларига кўра 2018 йилнинг 3 август куни соат 16: 30да Полосон қишлоғи, Мозортаги кўчаси, 50-уйда истиқомат қилувчи, 1949 йилда туғилган Мирзажалил Ҳакимовнинг беҳуш ётганлиги тўғрисида қариндошлари томонидан туман маркази шифохонаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимиига мурожаат келиб тушган. Чақирув марказий тез тиббий ёрдами бўлими орқали қабул қилиниб, соат 16: 31да 89-қишлоқ оилавий поликлиникасига узатилган. Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари, яъни шоҳобчанинг навбатчи шифокори Шуҳратбек Сирожиддинов ва ҳамшира Умидахон Ҳусановалар шу заҳоти, соат 16: 32да чақирувга чиқиб кетишган. Хонадонга Тез тиббий ёрдам бригадаси соат 16: 36, яъни 4 дақиқа ичида (Ўзбекистон Республикаси ССВнинг 2018 йил 19 февралдаги 105-сонли буйруғида тез тиббий ёрдами бригадаси чақирувга 25 дақиқа ичида етиб бориши белгиланган) етиб боришган.

Навбатчи врач тез тиббий ёрдам машинасидан тушиб беморни кўриш учун шошиб кириб кетаётган пайтида беморнинг набираси шифокорни ҳақорат қилиб, бесабаб дўппослаган. Врач Ш. Сирожиддинов бош ва қулоғи аралаш бехосдан тушган кучли зарбадан оғир мия жароҳати олиши ҳисобига ҳушидан кетиб йиқилган. Шундай вазиятда ҳам ўз хизмат вазифасини унутмаган ҳамшира Умидахон Ҳусанова беморни кириб кўрганда бемор аллақачон вафот этганлиги, ҳатто, беморнинг қариндошларига хабар берилиб, улар етиб келишгaнининг шоҳиди бўлган.

Врач Шуҳратбек Сирожиддинов ҳам бироздан сўнг ҳушига келгач, ўрнидан туриб беморни кўргани кирганида 70 ёшга кирган Мирзожалил Ҳакимовнинг бир неча дақиқа аввал вафот этганлиги ва ҳатто, қариндошлари майитнинг иягини хам боғлаб қўйганлигини кўрган. Врач Шуҳратбек Сирожиддинов ўрнидан тураётганда олган оғир жароҳати ҳисобига яна ҳушидан кетиб йиқилади ва тез тиббий ёрдами машинасида Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси Шошилинч тиббий ёрдами бўлимига “Оғир бош мия жароҳати, мия чайқалиши, чап қулоқ супраси атрофи юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, чап қулоқ пардасининг йиртилиши” ташхиси билан оғир аҳволда ётқизилади. Беморга вилоят марказидан юқори малакали, олий тоифали шифокорлар: реаниматолог Наталья Китаева, нейрохирург Бахтиёржон Ўринов ва оториноларинголог Шуҳрат Турғунбоевлар келиб, консилиум ўтказишди. Консилиум хулосасига биноан беморнинг аҳволи оғир эканлиги, даво муолажаларини давом эттирилиши тавсия этилди. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш учун Фарғона вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинди.

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси:

Ўзбекистон Сенати шифокорлар ҳақ-ҳуқуқларини қонунан ҳимоялашни режалаштирмоқда. Ўтган ва жорий йилнинг биринчи чорагида беморлар шифокорларнинг даволаш натижаларидан асоссиз равишда норозилик билдириб, уларга нисбатан шахсий адовати оқибатида Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 30 га яқин ҳолатда ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида 3 нафар тиббиёт ходимига нисбатан жисмоний ва маънавий зарар етказилган. Мазкур ҳолатлар бўйича қўмита Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган ва бу масалалар яқин вақт ичида ҳал этилади.

Сенат вакилининг сўзларига кўра, қўмита томонидан тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилишга қаратилган давра суҳбати ўтказилиб, унда жумладан, тиббиёт ходимларига белгиланган меъёрдан ортиқ вазифаларнинг юкланиши, тиббиёт муассасаларида иш жойларнинг қисқартирилиши, шифокорларнинг тиббий меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган турли мавсумий ишларга жалб этилиши, тиббиёт ходимларининг бемор ва унинг қариндошлари томонидан ҳақорат қилиниши, жисмоний куч ишлатилиши, руҳий таъсир қилиниши ҳолатлари муҳокама қилинган.

Яна ўқинг:  Муҳаддиснинг мероси

 

Шифокорлик – масъулиятли, шу билан бирга, шарафли касб. Қалби либоси каби оппоқ бўлган ушбу касб эгаларининг беминнат кўрсатган хизматлари, касбига бўлган садоқати туфайли қанча-қанча инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Улар савобли меҳнатлари ортидан инсонлар кўнглига қувонч, хурсандчилик улашади, обрў қозонади. Аммо баъзи бир юқоридаги каби маънавиятсиз инсонлар томонидан тиббиёт ходимларининг асоссиз калтакланиши киши дилини хира қилади. Афсуски, бундай ҳолатлар охирги пайтларда тез-тез учраётгани тажрибали шифокорларнинг бирламчи тизимдан кетиб қолишларига сабаб бўлмоқда. Шу боис, ҳар бир тиббиёт ходимининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни муносиб рағбатлантиришни кучайтириш борасида ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориш зарур.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: