“Йил боши” маросими қувончлари

Шаҳардан қишлоққа келин бўлиб тушган ёш жувонни қайнонаси Наврўз айёмининг эртаси куни ўтказиладиган “Йил боши” маросимига олиб чиқди.

Кўм-кўк ўтлоққа гиламлар тўшалган, устига чиройли кўрпачалар ташланган. Хотин-халаж ўзлари пиширган кўклам неъматларини дастурхон устига келтириб қўяди. Эркаклар эса ўчоқ бошида ош пишириш билан андармон. Болалар эса ўзларининг севимли машғулотлари, ўйин-кулгиси билан бутун оламга қувонч улашаётгандек, гўё. Ушбу гўзал манзарани ёпинчиқ ортидан кузатаётган шаҳарлик келинчак бетакрор анъаналарга йўғрилган маросимдан ҳайратга тушар, ўзини сирли ошёнга тушиб қолгандек ҳис этарди. Зум ўтмай, маҳалла аҳли ушбу маросимда ўтказиладиган урф-одатларни бошлаб юборади. Ўғил болалар бир ён бўлиб, ким ўзарга югуриш, кураш, арқон тортиш каби халқ ўйинларидан мусобақа ўтказса, аёллар-у момолар келинчак ҳамда жувонларни дарахтга боғланган арқоннинг икки тарафига ўтқазишади. Қайси аёл ўтирган томон оғирроқ келса, ўшани алқашади. То кечга томон ушбу маросим турли ўйинлар-у гўзал анъаналар билан завқ-шавқда давом этади.

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Бўлак Утамали, борингки, ён-атрофдаги барча қишлоқларда ҳам узоқ ўтмишга бориб тақаладиган “Йил боши” маросими 22 март куни ўтказилади.

Гарчи, Наврўз айёми 21 март куни умумхалқ сайли сифатида кенг нишонланса-да, эртаси куни қишлоқ аҳлининг кичик қатламлари йилнинг биринчи кунини юқоридаги маросимлар билан кутиб олади.

Эсимда раҳматли момом Наврўз анъаналари, маросимлари ҳамда урф-одатлари ҳақида “Йил боши” маросимида сўзлаб берарди. Шунингдек, маросим вақтида янги келинчакларга бу ҳақда гапира туриб, миллий анъаналарга қатъий риоя қилишлари, фарзандлар ҳамда келажакда невара-ю, чевараларга ҳам етказиш кераклигини уқтирарди. Биз шундай кунларда Наврўз байрамига оид кўплаб қимматли маълумотларга эга бўлар эдик.

Хусусан, момом байрамдан олдин ўтказиладиган “дарвешона” маросими ҳақида ҳам кўп гапирарди. Авваллари қишлоқ аҳлининг ўзига тўқ одамлари дарвешлар учун ёрма таомини тайёрлаган экан. Қишлоқма-қишлоқ кезиб юрган дарвешлар эса ўша хонадонда меҳмон бўлиб, таомдан танаввул қилган. Ҳозирда бу одат юртимизнинг айрим ҳудудларидагина ўтказилади, холос.

Шу билан бирга, “Қозон тўлди” маросими ҳам қадим тарихга эга бўлиб, қишлоқ аҳли байрамдан олдин ўз имкониятидан келиб чиқиб, тансиқ таомлар пиширган. Маълумотларга қараганда авваллари махсус қозонлар тоғлар этагига ёки дарахт остига қўйилиб, аждодларимиз байрам арафасида маъбудлардан йилнинг мўл-кўл келишини сўраб, қурбонликлар қилган экан. Юнон тарихчиси Ҳеродот ўзининг “Тарих” китобида ҳам Скифларнинг ана шундай муқаддас қозони бўлганлиги ҳақидаги маълумотларни ёзиб қолдирган. Буни қарангки, Наврўз айёми куни пишириладиган сумалак, ҳалим каби махсус таомлар ҳам катта қозонларда пиширилади.

Яна ўқинг:  Полвон қадрини баланд тутсин!

Ўзбекона маросимлар, урф-одатлар халқимизнинг узоқ ўтмишидан дарак беради. Энг асосийси, миллий байрам-у тантаналарни юртдошларимиз юксак қадрлаб, авлоддан авлодга етказиб келмоқда.

 

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: