Яқинларинг бахту камоли – бу сенинг ҳам ҳаловатингдир

Эндиликда Ўзбекис­тонда нефрология ва гемодиализ хизмати янада кенг имкониятларга эга бўлади. Сабаби тиббиёт соҳасининг долзарб муаммосига айланган ушбу хизмат турига ҳукумат даражасида юксак эътибор қаратилмоқда.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда инсон манфаатлари ва унинг саломатлиги ҳамда ҳаёти нечоғлик юксак даражада қадрланишининг яна бир амалий ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, ҳар бир гўдак дунёга келар экан, аввало, ота-онаси унинг тўрт мучаси соғлом бўлиб ўсишини Яратгандан сўрайди. Агар мендан “Дунёдаги энг бахтли инсонлар ким?”, деб сўраса ҳеч иккиланмай Ватани тинч, кўнгли хотиржам ва албатта, ўғил-қизлари, жону жигарлари соғлом одамлар, деб жавоб берган бўлар эдим. Чунки кишининг оиласи ёки яқинларидан кимдир дард чекса, унинг ҳам ҳаловати бузилади. Уйидан кўнгли тинч фуқаронинг ишида унум бўлади. Бундай шахснинг жамиятга ҳам фойдаси тегади. У асосий диққат-эътиборини ўз устида ишлашга, она Ватан равнақи ва унинг тараққиёти ривожига ҳисса қўшишга қаратади.

Акси бўлса-чи? Кимнингдир уйида бемор яқини бўлса, у ҳам қўшилиб дард чекади. Доно халқимиз “Бемор бемор эмас, унга қараган бемордир” деб бежиз айтишмаган. Юқорида тилга олинган Юртбошимиз қарори жуда кўплаб хаста кўнгилларда яна яшашга бўлган умид шамчироғини ёқди. Сабаби дунёдаги ҳеч бир мамлакат Ўзбекистончалик ўз фуқаролари саломатлиги йўлида кўп сармоя сарфламайди. Жуда кўплаб ривожланган мамлакатларда гемодиализ хизмати пуллик. У ҳам бўлса, қурби етганларгагина насиб этади. Аслида бу тиббий хизмат турининг моҳияти қандай, деган ҳақли савол туғилади?

Гемодиализ – қонни заҳарли моддалардан тозалаш. Бунда артерия қони қон тозаловчи махсус тиббий асбоб-ускуналардан ўтказилиб, яна организмга қайтарилади. Ушбу муолажа ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги ҳамда организм заҳарланганда амалга оширилади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам мазкур қарорга мувофиқ амалга ошириладиган шу номдаги чора-тадбирлар дас­турига сурункали буйрак етишмовчилиги билан касалланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, гемодиализ хизмати фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида “Ўзбекистон диализ жамияти” нодавлат-нотижорат ташкилотини ташкил этиш тўғрисида ўз таклифларини киритган эди.

Қувонарлиси, ушбу таклиф қарорга мувофиқ Ўзбекистон Рес­публикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинадиган бўлди.

Яна ўқинг:  Оромгоҳга бормаган бола таътилни қандай ўтказади?

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ­Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси негизида Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этиши зарурлиги қайд этилган. Ушбу марказ негизида Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтида “Нефрология, гемодиализ ва буйрак трансплантацияси” кафедраси ташкил этилади. Яқин келажакда, яъни 2019–2020 ўқув йилидан бошлаб ушбу вазирликнинг “нефрология” ва “болалар нефрологияси” мутахассисларини тайёрлаш бўйича магистратура ҳамда клиник ординатурага талабаларни қабул қилиш таклифи қўллаб-қувватланди. Яна нефрологик ва гемодиализ муассасаларини замонавий юқори технологик ташхис қўйиш ва даволаш тиббиёт ускуналари билан тўлиқ жиҳозлаш, уларни бутловчи, тиббий эҳтиёт қисмлар, гемодиализ муолажаси учун ўта муҳим ҳамда зарур бўлган сарфлаш материаллари билан узлуксиз таъминланади. Шунингдек, ушбу муолажа учун зарур бўлган тиббий муассаса, асбоб-ускуналарни қуриш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш туфайли ушбу йўналишнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган.

Маълумки, буйрак хасталик­лари ўткир, сурункали, шунинг­дек, туғма ва носоғлом турмуш тарзи оқибатида орттирилган, ирсий (насл сурувчи) ҳамда организмнинг турли кимё­вий моддалардан ва турфа сабаблар туфайли заҳарланиши, автоҳалокатлар, хилма-хил шикастланишлардан сўнг ҳам содир бўлади. Экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда тоза ичимлик сувининг танқислиги оқибатида аҳоли ўртасида буйрак-тош касалликлари учрайди. Чунки ичимлик сувидаги туз миқдорининг ошиши ва шу каби бош­қа зарарли, қўшимча биокимёвий унсурларнинг мавжуд бўлиши ҳамда унинг қаттиқланиши ҳам соғлом буйраклар фаолиятига зарарли таъсир этади. Яна фуқароларнинг тиббий саводхонлигининг ошиши, соғлом турмуш тарзига амал қилиши ҳамда ҳудудларда “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” давлат дастурининг мамлакатимизда кенг қамровли амалга оширилаётгани ҳам юртимизда келажакда буйрак касалликларининг камайишига замин яратади, деб умид қиламиз.

 

Светлана ИНАМОВА,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: