Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, аввало, оилада шаклланади

Хотин-қизларга ҳукумат даражасида кўрсатилаётган ёрдамлар кўлами ва имкониятлар энди янада салмоқли бўлади.

 Сиёсий фаол фуқаро, тадбиркор, тиббий саводхон ва маънавиятли она, иқтисодий билимлар эгаси бўлган рафиқа – мана бу замонавий ва илғор хотин-қизларнинг портретига қисқа таъриф. Чунки оилада нафақат эркак ҳар томонлама етук билимли, саводхон ҳамда бир ишнинг бошини тутган бўлиши зарур, балки унинг умр йўлдоши бўлган аёл ҳам касбу ҳунарли ёки бирор маълумот эгаси бўлишини замоннинг ўзи талаб этмоқда.

Бир даврий нашрда кўзим тушган эди. Хитойликлар ўғил-қизларига “Агар сен яхши ўқимасанг, келажакда болаларинг оч қолади”, дер экан. Ота-она оиланинг қўш устуни. Бирор сабаб билан бу устунларнинг бири қуласа, оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг залвори битта инсон учун оғирлик қилади. Шу сабабли йигит-қизларни оилага тайёрлашда, аввало, уларга бўлажак ота-она сифатида қараш керак. Қиз тарбиялаётган оналар миллат келажагига масъул энг катта тарбиячилар ҳисобланади. Зеро, халқимизда “Онасини кўриб қизини ол, арқоғини кўриб бўзини ол”, деган мақол беҳудага айтилмаган. Айримлар учун арзимас баҳона билан ажралиб кетиш чўт эмас. Баъзан иккала томоннинг “Сендан мен камми?”, деган иддаолари-ю сохта ғурур, кибр сабабли ёки қуда томон айниқса, қиз онасининг “Тор қорнимга сиққан, кенг ҳовлимга ҳам сиғади”, деган сўзлари туфайли ҳам ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшлар ажралиб кетмоқда.

Оила ҳам аслида кичик бир мамлакат. Унинг ички қонун ва қоидалари бор. Ажримлар ортида эса норасида гўдаклар тақдири ётибди. Буни бир мамлакат миқёсида оладиган бўлсак, эҳҳе, рақамлар миқдори қанчага ортади.

Ҳар бир қиз турмушга чиқар экан янги оила остонасига улкан орзу-умидлар билан қадам қўяди. У мисоли бир навниҳол. Келинчакни оилада нафақат турмуш ўртоғи, балки қайнона ва шу оиланинг бошқа аъзолари ҳам дўстона қўллаб-қувватлаши зарур. Ҳамжиҳат ва муроса-ю мадора билан яшаётган оилаларда тинчлик-хотиржамлик бўлади. Шунингдек, келинчак янги оиладагиларнинг меҳру муҳаббатини қозонишга ҳаракат қилиши даркор. Айниқса, ўзбек оилаларида фарзанд тарбиясида отанинг масъулияти ва бурчи катта. “Қарс икки қўлдан чиқади”, дейди доно халқимиз. Оилада бирор келишмовчилик бўлса, албатта, катталар ҳам кичикларнинг муаммоларини тинглаши зарур. Хонадон бекаси бўлмиш аёлни ҳам дардини ичига ютмай, сўзлашга имкон яратиш лозим. Шундагина кичик-кичик низолар катта жанжалга айланиб кетмайди. Биров билан дардлашмаган одам бора-бора оғир хасталикка чалинади ёки ҳаётдан кўнгли совийди. Йигит киши оила қургач, у нафақат турмуш ўртоғи ҳақида қайғуради. Куёв йигит зиммасидаги юк икки баробарга кўпаяди.

Яна ўқинг:  Ўзбекистонда илк бор одам жигар бўлаги кўчириб ўтказилди

Энди у ота-онаси, яқин жону жигарлари ҳолидан ҳам хабар олиши керак. Мен жуда кўп хориж давлатларида хизмат сафарида бўлганман. Бизнинг жонажон Ўзбекистонимиздагидек ҳеч қайси давлатда хотин-қизларга кенг имконият ва имтиёзлар берилмаган. Шунинг учун опа-сингилларимиз, қизларимиз бундоқ ўйлаб кўришлари керак: “Мен фуқаро сифатида она Ватанимга нима бердим?”. “Мен юртим ривожига қандай ҳисса қўшаяпман?”, деган савол хотин-қизларимизни ҳушёр тортириши керак.

Аёл зоти табиатан таъсирчан яралган. Аммо, бемеҳрлик уни гулдай сўлдиради. Депрессия (тушкунлик), стресс (руҳий зўриқиш) сабабли турли онкологик хасталиклар ривожланиши сир эмас. Шу сабабли ҳар бир инсон бошқа инсон кўнглини Каъба каби авайласин. Зеро, оилада ва жамоада эъзозланган одам ҳамиша соғлом ва бахтли бўлади.

Яқинда матбуотда эълон қилинган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ўқиб, энди нафақат жамоалар билан ишлаш керак, балки юртимиздаги ҳар бир хотин-қизнинг муаммосини юракдан ҳис этиб, манзилли тарзда улар билан алоҳида ишлаш даври келди, деб ҳисоблайман. Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар, шаҳар, туманлардаги тузилмалари мамлакатимиздаги барча онахонлар, опа-сингилларимизнинг суянч тоғи, десам муболаға бўлмайди. Энди ушбу қўмитанинг фаолиятини ҳам тубдан ислоҳ этишни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Республика “Оила” илмий-амалий маркази ўрнида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлимларининг ташкил этилиши ҳам қувонарли ҳолдир.

Ҳар жабҳада фаол, серқирра фаолият эгаси бўлган, шунингдек, мамлакатимизда оналик ва болалик муҳофазаси ва оилалар мустаҳкамлигига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга Юртбошимиз томонидан “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди.

Бу опа-сингилларимиз, мунис онажонларимиз заҳматли меҳнатларининг юксак эътирофидир.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, энг аввало, ҳаётда оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган аёлларни аниқлаш ҳамда улар билан аниқ мақсадли режа асосида ишлашга шахсан жавобгарлиги ҳам ушбу фармонда белгилаб қўйилди. Шунингдек, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида ҳунармандчилик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳамда ушбу фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича тегишли идоралар билан ҳамкорликда ишлашга масъулдирлар.

Яна ўқинг:  Vatan

Ушбу фармонга мувофиқ эндиликда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва “Оила” маркази вакилларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ҳамда бошқа тадбирларга жалб этиш таъқиқланади. Ушбу соҳа вакилларига алоқаси бўлмаган қуруқ тадбирбозлик ва мажлисбозликлар ўрнига амалий ишлар, бевосита ҳар бир хотин-қиз билан жонли мулоқот қилиш ҳам юқорида номлари қайд этилган ташкилотлар фаолияти қаторидаги муҳим бир вазифа каби эътиборга олинади.

Хусусан, “Оила” марказининг барча ҳудудий бўлимлари тиббиёт касб-ҳунар коллежлари негизида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни бартараф этишда ҳуқуқий ва психологик билим бериш, ажримларнинг олдини олиш, оилалардаги маънавий-ахлоқий қадриятларни қадрлашни ёшларга ўргатишга доир ва оила аталмиш сирли дунё синоатларига хос билимларни эгаллашда кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича ҳам ўқув курслари ташкил этилиши хусусида ушбу фармоннинг 12-бандида белгилаб қўйилганлиги бизнинг ҳам зиммамизга катта масъулият юклайди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳамда туманлардаги таянч масканларида фаолият юритаётган вакилларимиз учун фуқароларимизнинг ижтимоий ҳаётдаги энг кичик муаммолари ҳам бегона эмас. Зеро, барча ҳамкасбларимиз бевосита халқ билан яқин мулоқотда ишлайдилар. Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза этиш соҳасида ходимларимиз катта ҳаётий тажриба орттиришди, десам муболаға бўлмайди.

Ушбу янги фармонда оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида репродуктив ёшдаги хотин-қизлар учун “Аёллар маслаҳатхоналари”ни ташкил этиш кўзда тутилган.

 

Яна бир муҳим янгилик. Эндиликда Зулфия номидаги Давлат мукофоти ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорга берилиши белгиланди.

Ўз навбатида ёш чегарасининг узайтирилиши кўпгина салоҳиятли, илмий изланишлар қилаётган қизларимиз учун ҳам яна бир имконият ва имтиёз бўлди.

Хулоса қилиб айтганда ушбу тарихий ҳужжат Ўзбекистон хотин-қизлари ҳаётида янада улкан, ижобий ўзгаришлар учун мустаҳкам замин яратади, деб ишоч билдираман.

 

Светлана ИНАМОВА,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: