Хатарли риштанинг хотимаси

Баҳром аканинг қувончи ичига сиғмайди. Суюнмасинми, уч қиздан сўнг ўғиллик бўлди, ахир! Дилим муродига етди, дея чақалоққа Дилмурод деб исм қўйди. Кунларнинг кетидан ойлар, йиллар ўтаверди. Болакай улғайиб, ширин-ширин қилиқлар чиқара бошлади. Оиланинг қувончи, опаларининг овунчоғига айланди.

Аввалига ҳаммаси рисоладагидек эди. Лекин вақт ўтгани сайин Дилбар опанинг кўнглига ғулғула оралай бошлади. Назарида ўғилчасининг оёқлари жуда нимжон, ҳаракатлари сустроқдек эди. Турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб, шифокорга мурожаат қилишди. Узоқ текширувлардан сўнг Дилмуродга якуний хулоса – оёқ фалажлиги ташҳиси қўйилди.

Дилмурод ногиронлар аравачасига михланиб қолгач, камгап, одамови бўлиб қолди. Унинг бирорта ҳам дўсти йўқ эди. Шу боис жуда-жуда зерикарди. Маҳалладаги болаларнинг чопқиллаб ўйнаб юрганини деразадан томоша қилиб ўтирарди. Бу ҳолни кўрган онанинг қўнгли ўксиб, кўз ёшларини ўғлидан беркитиб йиғлайди. Бундан бир неча йиллар олдин онасининг сўзига кирмаганидан афсусланди…

Дилбар билан Баҳром болаликдан бирга ўсди. Битта олий ўқув юртини тамомлади. Бирга ишлади. Ҳаётнинг пасту баландини бундан кейин ҳам бирга босиб ўтиш учун ёшлар турмуш қуришга аҳд қилди. Баҳромнинг онаси буни эшитиб хурсанд бўлди, бироқ… Аммо қизнинг онаси бироз норози бўлди. Чунки, улар опа-сингилнинг фарзанди эди. Шунга қармай Дилобар аҳдидан қайтмади. Келинлик сарполари, дугоналарнинг ҳавас билан боқиши, янги орзулар ҳаммаси унинг учун аъло даражада онасининг хавотири эса ўринсиз туюлди.

Шовқин-сурон билан тўй ҳам ўтдию, умр дарёси яна секин оқа бошлади. Йиллар ўтиб, умид билан кутилган ўғил туғилди. Аммо бегуноҳ норасида катталарнинг ўйламай қилган хатосининг жабрини тортишга маҳкум бўлди. Ногиронлик аравасидан туролмайдиган ўғлига кўз-қулоқ бўлиш учун ишини ҳам ташлади. Ўғлининг маҳзун нигоҳларига қараб, ўзини гуноҳкор ҳис этади. Онаси қариндошлик ришталари ўртасидаги турмушнинг оқибатлари ҳақида кўп бора огоҳлантирган эди. Вақтида онасининг гапига қулоқ солмагани учун бутун умр ўзини кечиролмаса керак…

Азиза ЖАЛИЛОВА

Яна ўқинг:  Oromgohlar bolalarni chorlaganda...

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: