Халқ ишончини қозониш – асосий бурчимиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 январда соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувда соҳа ходимлари олдига қўйган вазифалар жойларда ўрганилмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳар бир инсоннинг малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, замонавий тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш борасида амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар жамият тараққиётини юксалтиришда муҳим омил бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу йўналишдаги эзгу ишларни изчил давом эттиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, халқимизни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Тиббиёт соҳасига давлат даражасида қаратилаётган бундай эътибор натижасида шифо муассасаларининг моддий-техник салоҳияти юксалмоқда. Жумладан, урология соҳасида диагностика ва даволаш ишлари йилдан-йилга такомиллашмоқда. Республика ихтисослаштирилган урология марказида йилига ўттиз мингга яқин бемор ана шу йўналишдаги замонавий тиббий-маслаҳат ва даволаш ёрдамидан фойдаланаётир. Бу ерда йилига саккиз мингдан зиёд турли даражадаги жарроҳлик амалиётлари бажарилади.

Соҳага юксак тиббий технологияларнинг кириб келиши туфайли илгари операция билан даволанган кўпгина хасталикларни тиғсиз даволаш, беморларни соғлом ҳаётга қайтариш имконияти кенгаяётир. Бугунги кунда урологик хасталикларнинг салмоқли қисми эндоскопия усулида даволанмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида урология бўлимлари ташкил этилиб юксак тиббий технологиялар билан жиҳозлангани, Республика урология марказининг Урганч филиали ташкил этилгани соғлиқни сақлаш соҳасидаги илғор усулларни ҳудудларга ҳам изчил татбиқ этиш, замонавий тиббий ёрдамни халқимизга яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.

Эришилаётган бундай ютуқлар билан бирга талай долзарб вазифалар ҳам ўз ечимини кутмоқда. Халқимизнинг замонавий тиббий ёрдамга кундан-кун ўсиб бораётган талабини қондириш, юртимизнинг чекка ҳудудларида яшайдиган аҳолини ҳам бундай замонавий тиббий ёрдамдан тўлиқ баҳраманд этиш зиммамизга катта масъулият юклаётир.

 

Президентимиз учрашувда бу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, халқимизнинг замонавий тиббий ёрдамдан фойдаланиш борасида қилган мурожаатларига ўз вақтида тез ва самарали жавоб қайтариш ишларини яхшилаш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб тиббий хизматни янада ривожлантириш билан боғлиқ устувор вазифаларни белгилаб берди.

Яна ўқинг:  Полвоним, орим, ғурурим

 

Хусусан, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг барчаси Тошкент шаҳрида жойлашгани қишлоқ туманларида яшайдиган аҳоли бундай замонавий тиббий ёрдамдан фойдаланишда муайян қийинчилик туғдираётгани қайд этилди. Бу муаммони бартараф этиш учун ихтисослаштирилган марказлар олимлари ва шифокорлари ҳудудларга чиқиб аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиши, хусусан, жарроҳлик муолажаларини амалга ошириши масаласи илгари сурилди.

Бу бизнинг марказимиз жамоаси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ҳудудларда амалга ошириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш чораларини кўрмоқдамиз. Келгусида барча вилоятларда марказнинг филиалларини ташкил этиш учун 2017–2018 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини тузиш ишлари олиб борилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган урология марказининг Урганч филиалига бир гуруҳ олимларимиз ва шифокорларимиз боради. Улар Хоразм вилояти аҳолиси орасида урология соҳасида мамлакатимиз тиббиёти эришаётган муҳим янгиликларни тарғиб этиши, бундай тиббий хизматга муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатиши, тиббий-профилактика ишларини ривожлантиришда бирламчи тиббиёт масканларига кўмак бериши режалаштирилган.

Марказимизнинг Нукус филиалини очиш юзасидан ҳам иш олиб бормоқдамиз. Зеро, экологик жиҳатдан нисбатан ноқулай ҳудуд ҳисобланган мазкур минтақада замонавий урология хизматига эҳтиёж анча юқори. Шунингдек, ҳудудлардаги мутахассислар, хусусан, ҚВПларда ишлайдиган умумий амалиёт шифокорлари иштирокида урологиянинг долзарб масалалари юзасидан маҳорат дарсларини ташкил этиш, тиббиёт янгиликларини оммалаштириш, касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш ишларини такомиллаштириш асосий мақсадимиздир.

Президентимиз таъкидлаганидек, шифокорлар саломатлик посбонларидир. Халқимиз бизга энг улкан бойлиги – саломатлигини ишониб топширар экан, биз, тиббиёт ходимлари бу омонатни нафақат асрай олишимиз, балки инсонларнинг соғлом ва узоқ умр кўриши йўлида куч-салоҳиятимизни аямаслигимиз, бу эзгу мақсадга бутун борлиғимизни бахшида этишимиз керак. Шундагина шифокор деган шарафли номни оқлаб, халқимизнинг ишончини қозонишга эришамиз.

Фарҳод ОҚИЛОВ,

Республика ихтисослаштирилган урология маркази директори

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: