Вояга етмаганларни жиноятга нима (ким) ундайди?

Судьяликка тайинланганимга ҳали кўп муддат бўлгани йўқ. Бироқ қисқа фаолиятим давомида ҳам соҳа мутахассиси, ҳам шу юртнинг оддий фуқароси сифатида мени ўйлантираётган бир муаммо бор.

Вояга етмаганлар орасидаги жиноятчиликларнинг ҳали ҳам мавжудлиги менга тинчлик бермайди. Қўлимга келиб тушган ишлар орасида вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларни кўриб чиқишга тўғри келади. Бу ишларни ўрганиш давомида уларни жиноятга ундаётган омиллар нима экани ҳақида кўп бош қотираман. Бунинг сабабини топишга ҳаракат қиламан.

Бевосита суд амалиётидан келиб чиққадиган бўлсак, вояга етмаганларнинг жиноят содир этишига бир қанча омиллар сабаб бўлаётганлигини кўришимиз мумкин.

Биринчи навбатда бу вояга етмаганларнинг оиладаги ва турмушдаги салбий таъсирлар, носоғлом турмуш тарзида ҳаёт кечириш, ёмон хулқли шахслар билан алоқада бўлиш, узоқ вақт ўқимаслик ёки фойдали меҳнат билан шуғулланмаслик, катта ёшдаги жиноятчилар томонидан уларнинг жиноят содир этишга жалб қилиниши, зўрлик ишлатиладиган видеофильмлар ва видеороликларни томоша қилиш каби салбий омиллар кўпинча вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Ўтган уч ой мобайнида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан вояга етмаганлар орасида бешта жиноий иш кўрилиб, олтита шахс жавобгарликка тортилди. Бу бир қарашда камдек туюлади. Бироқ аслида вояга етмаганлар орасида учраётган битта жиноят ҳам кўп. Чунки улар жамиятнинг бир бўлагини ташкил этади. Ахир касал теккан битта танани бир бутун айнитиши мумкин. Биз шуни вақтида тушуниб етишимиз, бунга қарши курашишимиз лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам вояга етмаганлар орасидаги жиноятчиликка қарши курашишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Чунки айнан, фуқароларга ўз ҳақ ва ҳуқуқларини янада танитишга кўмак берадиган бу фармондан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди маҳаллаларда сайёр учрашувлар ҳамда сайёр суд мажлисларини ўтказмоқда. Бу эса судларнинг фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали жиноятчиликнинг олдини олиш каби вазифани бажараётганидан далолат беради. Сайёр учрашувлар нафақат маҳаллаларда, балки ўқув даргоҳларида ҳам ўтказиляпти. Бу эса қайсидир маънода ёшларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишга, ўзлари жиноят деб ҳисобламаган ҳаракатларнинг аслида жиноят эканини англашга ёрдам беради.

Яна ўқинг:  Азамат ишончни оқлади

Сайёр учрашувларда уларга бу қилмишларининг оқибатлари нималарга олиб келиши ҳақида тушунтиришлар берамиз. Сайёр судларнинг аҳамиятли жиҳати эса ҳуқуқбузарлик ва жиноятга мойил ёшлар кўз ўнгида ўзи тенги ёшларнинг суд қилиниши қайсидир маънода уларни жиноятдан тийилишига олиб келади. Бироқ гоҳида қизиққонлик, бошқалар таъсирига тушиб қолиш оқибатида ҳам баъзи ёшлар жиноят йўлига кириб қолмоқда. Бундай пайтда судья вояга етмаган шахснинг асли хулқи тозалиги, жиноятга билмай қўл урганини сезади. Бироқ, қонундан чиқиб кетолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолангач эса судлар маҳалла, жамоатчилик кафиллигидан ташқари Ёшлар иттифоқининг кафолат хатларини ҳам инобатга оладиган бўлди. Бу эса билмай нотўғри йўлни танлаган ёшларга тўғри йўлга ўтиб олишларига кўмак бермоқда. Масалан, пойтахтимиздаги Феруза маҳалласи худудидаги 205-умумтаълим мактабида ўтказилган сайёр суд мажлисида ўғриликка қўл урган вояга етмаган уч нафар ёшларнинг иши кўриб чиқилди. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б, в, г” бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этганликлари аниқланган бўлиб, жиноятлари учун қатъий белгиланган жазони ўташлари керак эди. Бироқ, Ёшлар иттифоқининг Мирзо Улуғбек тумани кенгаши ва маҳалла фаоллари кафиллиги сабабли вояга етмаган фуқаро Мўминов ва унинг шериклари жазоси енгиллашди. Мўминовга бир йил озодликдан чеклаш, Саҳобиддинов ва Илҳомбековга эса олти ой озодликдан чеклаш жазоси белгиланди. Кафиллик сабаб ҳали мурғак гўдаклик нуқси юзидан кетмаган ёшлар қамоқхонадан асраб қолинди.

Гоҳида эса суд мажлисларига на маҳалладан, на Ёшлар иттифоқидан мурожаат қилишмайди. Бу дегани эса айбланувчи ёшга нисбатан бефарқликни кўрсатади. Назаримда, ана шу бефарқлик сабаб жамиятимизда вояга етмаганлар орасида ўғрилик жинояти кўпаймоқда.

Бунга эса кам таъминланганлик, оиланинг нимагадир зориқиши ёки шунга ўхшаш бошқа сабаб эмас, айнан ёшларнинг тўқликка шўхлиги, тарбиясизлиги, очкўзлиги сабаб бўляпти. Масалан, ўғриликда айбланган Саидбек (исми ўзгартирилган) ҳам ана шундай “Тўқликка шўхлик” қилувчи ёшлардан чиқди. У касб-ҳунар коллежи ўқувчиси. Яхши оиланинг фарзанди, ҳеч қандай муаммоси бўлмай туриб, курсдошининг чўнтагидан калитни олиб, унинг уйига ўғриликка тушади. Уйдаги бор пул ва тилла тақинчоқларни олиб чиқиб кетади. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисми г-бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу модда билан Жиноят Кодексининг 82-моддаси тартибида энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари миқдорида жарима тайинланди.

Яна ўқинг:  Сурхондарёда бир ҳафтада 160 нафар бемор бола пластик жарроҳлик операцияси орқали соғломлаштирилди

Тўғри жамоатчилик аралашуви сабаб уларнинг келажаклари асраб қолинар. Бироқ, уларни бу ергача қандай сабаб етаклаб келди. Айнан шу илдизни топиш, унга болта уриш керак. Шундагина вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ҳақида гапиришни унутган бўлар эдик.

 

Фаррух ТУРАХОДЖАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: