Велопатронаж хизмати: масофалар қисқаради, унумдорлик ортади

Аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини янада оширишда патронаж хизматининг алоҳида ўрни бор. Замонавий тиббиётнинг муҳим йўналиши бўлган мазкур тизим нафақат тиббий-профилактика, балки инсон саломатлигини муҳофазалашга хизмат қиладиган кўплаб тармоқларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Ҳозирда мамлакатимизда касалликни даволаш эмас, балки унинг олдини олиш – хасталикка сабаб бўлувчи омилни олдиндан аниқлаб, бартараф этиш механизмини йўлга қўйиш талаб этилмоқда. Буни эса тиббий патронаж хизмати билан оилаларга кириб борган ҳолдагина амалга ошириш мумкин. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани сингари патронаж хизмати юртимизнинг ҳар бир чекка туманини қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Эндиликда ҳамшираларга вазифаларини тўлиқ адо этишлари учун керак бўладиган тиббий воситалар билан бир қаторда уларнинг узоғини яқин қиладиган транспорт воситаларининг олиб берилаётгани уларнинг иш самарадорлигига ижобий таъсир этмоқда.

Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси аҳолига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш учун велопатронаж хизматини йўлга қўйилгани аҳолининг тиббий хизматдан ўз вақтида фойдаланишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

– Авваллари патронаж ҳамшираларимиз ҳар бир чақирувга бир, бир ярим соат вақт сарфласа, ҳозирда бу вақт 30-35 дақиқани ташкил этмоқда. Маълумки, патронаж хизмати ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар, янги фарзанд кўрган аёллар ва парваришга муҳтож ёлғиз кекса, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уй шароитида тиббий хизмат кўрсатиш тизимидир. Демак, бу соҳа бутун мамлакат аҳолиси саломатлигига жавобгар йўналиш эканини инобатга оладиган бўлсак, кўрсатилаётган бундай тиббий хизмат инсонлар соғлигида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Қуйи Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Севара Аширова.

Ҳудуддаги патронаж ҳамширалар иши самарадорлигини ошириш, уларнинг узоғини яқин қилиш мақсадида тиббиёт муассасаларига туман ҳокимлиги томонидан 22 велосипед тақдим этилди. Уларнинг 20 таси ҚВПларга, 2 таси кўп тармоқли поликлиникаларга берилди. Айни пайтда туман тиббиёт бирлашмасидаги 81 нафар патронаж ҳамшираси 104 минг 248 нафар аҳолига хизмат кўрсатади.

– Бизга берилган ушбу велосипедлардан фойдаланаётганимдан жуда хурсандман, – дейди ҳамшира Дилноза Турсунова. – Бу транспорт воситасидан фойдалана бошлаганимдан бери, ишим самараси ошди. Маҳаллаларга бориб келишга вақтим анча тежалди. Фертиль ёшидаги аёллар, қария отахону онахонлар чақирувидан сўнг бир зумда манзилга етиб борганимизни кўриб, жудаям хурсанд бўлишади. Аҳолининг биздан рози бўлганини кўриш, ўз фаолиятимизда янада рағбат билан ишлашимизда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Яна ўқинг:  Болалар соғломлаштирилди

Республикамиздаги бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида хизматлар сифатини яхшилаш профилактика тадбирларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Қуйи Чирчиқ туманидаги патронаж ҳамширалари учун биринчи босқичда мавжуд 11 та ҳудудга иккитадан велосипед олиб берилди. Босқичли тадбирлар доирасида туман ҳокимлиги патронаж ҳамшираларнинг барчасини мана шундай фойдали транспорт воситаси билан таъминлашни режалаштирган. Соҳада рўй бераётган бундай янгиликлар тиббий патронаж тадбирларини юқори савияда ташкил этишга мўлжалланган. Бу эса касалликларнинг ўз вақтида олдини олиш, айниқса, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Хуршида ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: