ВАТАНПАРВАРЛИК сабоқхонаси

Мустақиллик, тинчлик ва тараққиёт. Бу улуғ тушунчалар доимо бир-бири билан ёнма-ёндир. Халқимизнинг тарихий ютуғи – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда фикримиз яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда. Маълумки, 31 август мамлакатимизда “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонланади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида улуғ аждодларимиз хотирасини тиклаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш энг эзгу анъаналардан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан пойтахтимизнинг Бўзсув соҳилида бунёд этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи халқимиз, миллатимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган, жонини фидо қилган ватандошларимиз хотирасига кўрсатилган улкан эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Мазкур мажмуа доим зиёратчилар билан гавжум. Бу маскан нафақат шаҳидлар ёдини ифода этади, балки бугунги авлодни табаррук она Ватанимизни, мустақилликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди. Бу ерга зиёратга келган инсон осуда ўтаётган тонгларга шукрона келтиради, қалбида шу озод ва обод юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси жўш уради.

– “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси пойтахтимизнинг энг хушманзара жойларидан биридир, – дейди “Шаҳидлар хотираси” хайрия фонди раиси Бахтиёр Ҳасанов. – Аввалари эса бу ҳудуд жуда ваҳимали кўринишда бўлган. Энг аянчлиси эса машъум қатағон сиёсати “ҳужуми”га дучор бўлган халқимизнинг зиёли, маърифатпарвар фарзандлари айни шу ерда қатл этилган. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан 2000 йили Бўзсув бўйида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Майдонда музей, ротонда қурилди. Унинг атрофи эса ландшафт дизайни асосида кўкаламзорлаштирилди. Обод гўшага айлантирилди. Ротонда марказида нақшинкор миллий безаклар тортилган ўймакор қабр тоши ўрнатилди. Муҳтарам Юртбошимиз мажмуа очилиш маросимида “Бу зиёратгоҳни биз қатағон қурбони бўлган, жисми олис-олисларда қолиб кетган юзлаб юртдошларимизнинг рамзий мозори сифатида қабул қилмоғимиз керак”, дея халқимизнинг дилидаги гапни айтган эди. Айни пайтда эса майдон юртимизда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат вакиллари, хорижлик меҳмонлар билан гавжум. Қувонарлиси, яхши ният билан оила қураётган ёшлар – келин-куёвлар муаззам майдонни сайр этиб, яратгандан ўзларига халқпарвар боболаридек солиҳ фарзандлар сўраб ният қилишади.

Дарҳақиқат, майдон бугун нафақат зиёратгоҳ, балки тарихий сабоқхонадир. Айниқса, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида “Шаҳидлар хотираси” хиёбони зиёратчилар билан янада гавжумлашади. Бу ерга ташриф буюрган киши тарихий хотира туйғусини, эзгулик ва адолатнинг боқийлигини, ҳуррият ва озодлик неъматининг қадрини янада чуқур ҳис этади. Бугунги тинч, осойишта кунларга, инсон қадр-қиммати улуғланадиган буюк ва муқаддас юртда яшаётганига шукроналар келтиради. Ватандошларимиз хотирасини ёдга олиш руҳимизни поклайди, ўтмишдан сабоқ чиқариб, бугунги ёруғ кунларимизнинг қадрига етиб яшашга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашдек шарафли масъулиятни англашга ундайди. Майдон узра қад ростлаган “Қатағон қурбонлари хотираси музейи”да ҳам ўн тўққизинчи асрнинг охирлари ва то истиқлолгача бўлган тарихнинг номаълум бўлиб келган ҳақиқатларини ўрганиш, кўриш, билиш мумкин. Президентимизнинг 2008 йил 5 майдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши музейга келиб-кетувчиларнинг маълумотларни тўлиқ ва мукаммал олишлари учун қатор имконият ва қулайликлар яратилишига замин ҳозирлади.

Яна ўқинг:  OVOZIMDA, SOZIMDA VATAN!

– Музей дастлаб бир гумбазли эди. Битта экспонат залидан иборат эди. Бино айвонини кўтариб туриш учун 28 та устундан фойдаланилган, – дейди Бахтиёр Ҳасанов. – Юртбошимизнинг 2008 йил 5 майдаги қароридан сўнг бинони кенгайтириш бўйича қўшимча ишлар амалга оширилди. Битта гумбаз қўшилди. Экспозиция зали иккитага кўпайди. Заллар шарқ ҳунармандчилик анъаналарига монанд безатилди. Айвон билан ўралди. 5 метрли 48 та устун музейга ўзгача маҳобат ва чирой бахш этди. Музейга сайрга келган одам компьютер технологияларидан, мультимедия маълумот базаларидан, аудио-материаллардан кенг фойдаланиш имконига эга бўлди. Залларда ҳар бир бўлим учун мультимедиали маълумотлар базаси жойлаштирилган махсус сенсорли киосклар ва ҳужжатли фильмлар ёзилган видеомониторлар ўрнатилган.

Бир сўз билан айтганда, мустақиллик байрами арафасида эришилган ғалабаларни нишонлаш, бугунги кунимизга шукроналар айтиш анъанаси бардавом экан, Ватан озодлиги учун курашган ҳамюртларимиз ёди ва жасорати ҳамиша қалбларда эъзоз топаверади.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: