ВАТАНГА МУҲАББАТ мурғак қалбда қандай куртак ёзади?

Кўксим ифтихорга тўлиб беш ёшли ўғлимга бир саволни такрор-такрор бераман:

– Келажакда ким бўласан, ўғлим?

У ҳозиржавоблик қилиб, ҳарбийларча шаҳд билан “аскар бўламан!”, дейди. Кейин ҳаяжон билан қўлини чаккасига тираб давом этади:

– Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!

Бағримга босиб, пешонасидан ўпиб қўяман… У ҳарбийлар ҳаёти акс этган кўрсатувларни, кинофильм ва сериалларни жон дили билан томоша қилади. Биргина менинг ўғлим эмас, аксарият ўғил болалар бугун ҳарбий бўлишни орзу қилади. Албатта, бунинг сабаблари бисёр: истиқлол йилларида Миллий Армиямиз юксак даражада ислоҳ қилингани, ҳарбийлар ҳаёти тубдан ўзгариб, ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани, турмуш шароити яхшиланиб, уй-жой билан таъминланаётгани, қолаверса, телеэкранлар орқали узатилаётган, аскарлар хизмат фаолияти ва ҳаёти акс этган миллий сериаллар намойишини мисол тариқасида келтириш ўринлидир.

Ватанни ҳимоя этиш, унга хизмат қилиш эр-йигитнинг бурчидир. Ўғлонларни болалигидан бу юксак сафарбарликка тайёрлаш оила, ота-она зиммасига улкан масъулият юклайди.

Ўғил боланинг матонатини тоблаш, жисмонан ва руҳан етук этиб вояга етказиш, Она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш халқимизнинг азалий қадриятидир. Ҳатто оналаримиз ўз алласи орқали ҳам бешикда ётган гўдак руҳига Ватанга садоқат, она юртга муҳаббат туйғусини сингдириб келган. Асрлар оша бизгача етиб келган халқ оғзаки ижодидаги эртак ва достонлар, мақолу маталларда ватанпарварлик мавзулари юксак ўрин тутади. Оталаримиздан бобо ва момолари тонггача эртак айтиб берганини ҳайрат билан эшитганмиз. Айримларини ўзимиз ҳам жон қулоғимиз билан тинглаганмиз. Бугун бағримизда улғаяётган болаларимизга биз эртак айтиб бераяпмизми?

Ахборот технологиялари юксак ривожланган, болаларга мўлжалланган кинофильм ва мултьфильмлар телеканаллар орқали тинимсиз узатилаётган даврда “катта”ларнинг эртак айтишга, болаларнинг уни тинглашга эҳтиёжи сусайгандек, гўё. Хўш, шундай экан, эл фарзандлари томоша қилаётган мультфильмларнинг мазмун-моҳияти болаларимиз таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатяптими? Афсуски, барчаси ҳақида ҳам илиқ фикр билдириш қийин. Айниқса, хорижий фильмлар қаҳрамонларининг фантастик тасвири, кийиниши, алмойи-алжойи ҳаракатлари, тушуниш қийин бўлган моҳият, даҳшатга солувчи воқеалар болада илиқ туйғуларни шакллантириш ўрнига, мурғак қалбини жароҳатлайди. Компьютер ўйинлари ҳақида эса сўз юритмаса ҳам бўлади.

Бугун мамлакатимизда ноширлик маҳсулотлари – китоблар, замонавий адабиёт билан бирга, халқ оғзаки ижоди намуналари ҳам қайта-қайта чоп этилмоқда. “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонлари, “Широқ”, “Тўмарис” каби афсоналар, “Уч оғайни ботирлар”, “Маликаи Ҳуснобод”, “Кенжа ботир” каби эртаклар кичкинтойларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантирибгина қолмай, бола қалбини эзгуликка пайванд улғайтиради. Демак, биз фарзандларимизни миллий меросимиз дурдоналаридан баҳра олиб улғайиши учун улар қалбига эртак ва достонлар орқали юксак инсоний фазилатларни сингдиришимиз лозим. Бу эса Она Ватан олдидаги бурчимиз ва аждодлар руҳига эҳтиромимиздир.

Яна ўқинг:  Ота-она бўлишга тайёрмисиз? (давоми)

Шерзод ХУДОЙҚУЛОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: