Реклама

Васийлик ва ҳомийлик

у қандай амалга оширилади?

2014 йил 2 январда қабул қилинган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни расмий эълон қилинган кунидан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат, ижтимоий сиёсат давлатимиз сиёсатининг ажралмас бир қисми эканини ўзида ифода этади. Унинг ҳаётга жорий этилиши соғлом бола йилида соғлом турмуш тарзини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади. Унда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини, мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ёки юзага келган ҳолатлар натижасида давлат ва жамият томонидан алоҳида ҳимоя ва кўмакка муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш ҳуқуқий нормалари белгилаб қўйилган. Ушбу мавзуда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ойша Охунова билан суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда ҳомийлик ва васийлик йўналишидаги ҳуқуқий муносабатлар, асосан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Низомда ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинаётган эди. Алоҳида қонуннинг вужудга келишидан асосий мақсад нима?

– Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида “Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”, деб назарда тутилган, 64-моддага мувофиқ “Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради”, деб таъкидланган. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир қонуни ана шу асосий қомусимиздан келиб чиқади. Шунингдек, замон талабларидан келиб чиқиб, ушбу соҳада ислоҳотлар ўтказишдир.

Юқорида қайд этилган меъёрий ҳужжатларда етишмаётган ҳуқуқий нормаларни санайдиган бўлсак, энг аввало, васийлик ва ҳомийлик органи тушунчасига таъриф берилмаган эди. Шунингдек, васийлик ва ҳомийлик масалалари ҳамда уни амалга ошириш механизмлари етарли даражада тартибга солинмаганди. Ўзбекистон Республикаси Оила Кодекси томонидан тартибга солиш предмети доирасига кирмаган васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларни жойлаштириш шакллари ҳам чегараланганди.

Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларида васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг барча тоифаларига, айниқса, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб, топилган шахсларга, шунингдек, соғлиғи туфайли ҳомийликка муҳтож вояга етган шахсларга васийлик ва ҳомийлик қилиш масалалари ҳамда механизмлари етарли даражада тартибга солинмаган ва белгиланмаган эди.

Яна ўқинг:  2016 йил – Соғлом она ва бола йили: БАРДАВОМ ЭЗГУ МАҚСАД САРИ

Бугунги кунда мамлакатимизда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаганларни жойлаштиришнинг тўртта шакли мавжуд: фарзандликка олиш, васийлик ва ҳомийлик, бирор оилага тарбияга бериш (патранат).

Вояга етган муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган, шунингдек, муомалага лаёқатли, фақат соғлиғи туфайли ҳомийликка муҳтож шахсларни жойлаштиришнинг иккита шакли мавжуд. Бундай ҳолатларда васийлик ва ҳомийликка муҳтож вояга етган шахсларни жойлаштиришнинг асосий шакли сифатида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тасарруфидаги муассасаларга топшириш белгиланган. Ушбу ҳолат оила муносабатларининг, миллий қадрият ва анъаналарнинг мустаҳкамланишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади, аксарият ҳолларда васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг яқинлари ва қариндошлари масъулиятсизлигига олиб келади.

Юқорида қайд этилган ҳолатларда васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан қайта кўриб чиқишни ва уларнинг умумий мувофиқлаштириш заруратини юзага келтирган эди. Бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда васийлик ва ҳомийлик институти учун ҳуқуқий меъёрларнинг мазмунини умумий бўлган тамойиллар асосида белгилаш талаб этилгани туфайли янги қонун вужудга келди.

Хуллас, бугунги кун талабларига мувофиқ васийлик ва ҳомийлик институтининг эҳтиёжи уларнинг мазмун-моҳиятини бутун институт учун умумий бўлган принциплар билан қамраб олишни талаб этади.

– Васийлик ва ҳомийлик институти нафақат васий ёки ҳомийнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, айни пайтда васийлик ва ҳомийликка олинганларнинг ҳамда васийлик ва ҳомийлик органларининг ҳуқуқ, мажбурият ва жавобгарликларини белгиловчи нормаларни ҳам ўз ичига олганлиги айни муддао бўлибди…

– Ушбу меъёрлар турли қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган эди, бироқ, васийлик ва ҳомийлик жараёнларини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш учун етарли асос бўла олмаётганди. Масалан, амалдаги қонунчиликда бир ойда васийлик, ҳомийлик белгиланиши кўзда тутилган, айни пайтда васийлик ва ҳомийликка эҳтиёжи бўлган шахсларни дастлабки жойлаштириш турлари белгиланмаган эди. Бу эса ўз навбатида васийлик ва ҳомийликка олинган шахсларнинг мулкий ҳуқуқларининг бошқалар тарафидан бузилишига олиб келаётган ҳолатлар ҳам кузатилганди. Бу эса табиий-ки, уларнинг ижтимоий ҳимоясига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу ҳуқуқий нормалар янада такомиллаштирилди.

 

40-модда. Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга нафақа тайинлаш

Васийнинг ёки ҳомийнинг ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминотига доир харажатларининг ўрни васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс маблағлари ҳисобидан қопланади, бу маблағлар етарли бўлмаган тақдирда эса, васийлик ва ҳомийлик органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг таъминоти учун нафақа тайинлаш мақсадида тегишли органларга мурожаат қилади.

 

41-модда. Васийлик ва ҳомийлик органлари фаолияти устидан назорат

Васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан назоратни конун ҳужжатларида ваколат берилган давлат органлари ва мансабдор шахслар амалга оширади.

 

43-модда. Bacий ва ҳомийнинг ҳисоботи

Васий ва ҳомий ўз мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда васийлик ва ҳомийлик органига ҳисобот тақдим этиши шарт.

 

Ўзбекистон Республикаси “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунидан

 

Яна ўқинг:  Шогирдларим ютуғи

Шунингдек, васийлик ва ҳомийлик белгиланишига эҳтиёжи бўлган шахсларнинг мослашуви, ҳамда васий ва ҳомий бўлишни хоҳлаган шахсларни танлаб олиш, уларни дастлабки психологик-педогогик ва ижтимоий тайёрлашдан ўтказишнинг аниқ мезонлари мавжуд эмас эди.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва “SОS – Ўзбекистон болалар маҳалласи” томонидан мамлакатимизда ижтимоий хизмат кўрсатиш борасида ижобий тажрибалар амалиётга жорий қилинаётган бўлсада, халқаро тажрибадан фарқли равишда, мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ижтимоий етимлигининг олдини олиш ҳамда вояга етмаган шахсларга ижтимоий ҳомийлик қилиш бўйича ижтимоий хизмат кўрсатувчи муассасалар етарли даражада ривожланмаган.

– “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонун 9 та боб ва 50 та моддадан иборат. Ушбу муҳим ҳужжат юқорида келтирилган камчиликлар инобатга олиниб ишлаб чиқилган. Шундайми?!

Қонуннинг 3-моддаси асосий тушунчалар деб аталади. Унда васийлик ва ҳомийликнинг ҳуқуқий шаклига шарҳ берилади. Унинг 4-моддасида эса васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.

Унинг 7-моддасида эса Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари, 8, 9, 10-моддаларида уларнинг ваколатлари, 11-моддасида вазифалари, 31, 32-моддларда васийлар ва ҳомийларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, 33, 34, 35-моддаларда васийликдаги ва ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.

Қонуннинг 7-бобдаги 7 та модда эса васийликдаги ва ҳомийликдаги шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланади

Саккизинчи боб эса васийлик ва ҳомийлик соҳасига тегишли орган фаолияти ва тегишли шахсларнинг мажбуриятларини бажариши устидан назорат қилиш хуқуқий нормалари белгиланган.

– Ушбу қонунни ишлаб чиқиш жараёнида айрим давлатларнинг тажрибаси ҳам ўрганилган бўлиши, табиий.

– Дарҳақиқат, ушбу қонунни ишлаб чиқиш жараёнида айрим давлатларнинг тажрибаси ўрганилди. Масалан, Белорусс Республикасининг Фуқаролик кодекси, Франция Фуқаролик кодекси, Украина Фуқаролик кодекси, Арманистон Оила кодекси, Россия Федерациясининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Федерал Қонуни ўрганилиб, халқаро меъёрлар қиёсий таҳлил қилинди. Яхши тажрибалар эътиборга олинди.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида халқаро фарзандликка олиш хуқуқий нормалар белгиланган бўлсада, айни пайтда хорижий фуқаро иштирокида васийлик ва ҳомийлик белгиланиши амалиётини тартибга солувчи нормалар мавжуд эмас эди. Ушбу ҳолат ҳам мамлакатимиз фуқароларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Ана шунга ҳам алоҳида эътибор берилди.

Яна ўқинг:  Тадбиркорнинг сердаромад туяқушлари

– Янги қонунни ўқигач, келган хулосаларингиз…

– Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2013 йил 4-5 июнь кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг бола ҳуқуқлари қўмитасининг 63-сессиясида мамлакатимизнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни бажаришга доир 3-4 та даврий маърузаси ва Конвенцияга илова қилинган Факультатив протоколлар бўйича дастлабки маърузалари кўриб чиқилганида болаларнинг манфаатларини таъминлаш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсати ижобий баҳо олгани жуда қувонарли. Бу мамлакатимизда болаларнинг ижтимоий ҳимояси юқори даражада эканлигини исботлайди. Лекин биз муваффақиятлар билан тўхтаб қолмаймиз. Тарих ғилдираги айланар экан тараққиёт бўлиши шарт.

Вақт тоғни, сув тошни емиради, дейди доно халқимиз. Ушбу нақлдан келиб чиқсак, ушбу васийлик ва ҳомийлик институтидаги ҳуқуқий нормаларнинг вақт синовидан ўтмаганлари тушиб қолди. Баъзилари такомиллаштирилди. Энг асосийси ишлашга қулай бўлган аниқ мезонлари мавжуд бўлган яхлит қонун пайдо бўлди. Ислоҳотлар эса давр талабидир.

Васийлик ва ҳомийлик савоб иш! Шундай экан умримизни яхши амаллар ила ўтказмоқ ҳам қарз ҳам фарздир. Янги қонун ана шу эзгу ишга хизмат қилади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

 

Суҳбатдош: Жавлон САЪДУЛЛАЕВ

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: