Уйғоқ касбнинг залворли қиёфаси

Журналистика соҳасида қалам тебратиш, эфирда ҳаяжонсиз сўз айтиш инсондан катта жасорат ва фидойиликни талаб этади. Бу заҳматли йўлда узоқ йиллар самарали фаолият олиб бораётган устоз журналистлар борки, уларнинг соҳа ривожи йўлида қилган эзгу ишлари таҳсинга лойиқ.

Бугунги кунда спорт журналистикасида ҳам катта ўзгариш ва янгиланишлар кузатилмоқда. Хусусан, шарҳ, жонли эфир ва янгидан-янги лойиҳалар экран юзини кўра бошлади. Ана шундай ўзгаришларда, шубҳасиз, Имомхўжаевларнинг ҳам ҳиссаси катта. Негаки айни пайтда устоз журналист, маҳоратли спорт шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг ўғли ва набиралари ҳам ота касбни давом эттириб, унинг заҳмати, завқи ва халқ учун қанчалар аҳамиятли эканини ҳис этиб келишмоқда.

Журналистика ҳақида гап борар экан, авваламбор, юртимизда янги очилаётган Журналистика ва оммавий коммуникация университети ўзбек журналистикаси тараққиётида янги қадам бўлаётганини қайд этиш лозим. Бу дегани эндиликда соҳада қобилиятли, малакали журналистларнинг кўпайишига замин яратади. Бунинг учун биринчи навбатда мазкур олий ўқув юртига малакали, тажрибали журналистларни жалб қилиш зарур. Уларнинг йиллар давомида тўплаган амалий кўникмалари, маҳорати ёшларимизга ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди.

Соҳага назар ташлар эканмиз бу борада умри, шижоати ва тажрибасининг асосий қисмини соҳа ривожи учун бағишлаган Ахбор Имомхўжаев ҳамда унинг касбдаги шогирдларининг ҳам фикрларини тингладик.

Халқимизда “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, деган ажойиб нақл бор. Айни шу мақолни бугунги кун ёш журналистларининг фаолиятига менгзаш мумкин, – дейди А. Имомхўжаев. – Негаки, уларнинг аксарияти билимли, ўз устида ишлаган, қалами бор журналист бўлишса-да тажрибали устозлар этагидан тутмаганлиги боис иқтидори ва салоҳиятини тўғри тақсимлаш ва сарфлашни билмайди. Афсуски, бугун спорт журналистикасида ҳам ўз йўлини топа олмаган “тасодифий” кадрлар йўқ эмас. Биринчи галда соҳамизни ана шундайлардан халос этиш лозим. Ушбу соҳада ўз ишининг фидойилари, бу касбга умри ва меҳрини берганларгина ишлаши керак.

Устоз суҳбатидан сўнг, у кишининг ўғли ва набираларининг ҳам соҳага доир фикр ва мулоҳазалари билан қизиқдик.

Журналист халқ дарди билан яшаши, оддий инсонлар ғам-ташвишларини ўйлаши лозим. Юрагида дарди, изтироби бўлганларгина журналист бўла олади, – дейди Ахбор Имомхўжаевнинг ўғли, “Бунёдкор” футбол академияси директори ўринбосари Аброр Имомхўжаев. – Айтмоқчиманки, юрти, миллат ғами билан юраги оғриганлар ҳақиқий журналистдир – Фаолиятим давомида ўз устимда тинимсиз меҳнат қилиб, касб сир-асрорларини ўргандим. Ҳозир ҳам изланишдаман. Журналистлар шифокорлар каби доимий равишда ўз малакаларини ошириб боришлари керак.

– Спорт журналистикаси мураккаб соҳа. Айтмоқчиманки, ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган ижодкор ўз касбининг сир-асрорларини чуқур билиши, қалам тебрата олиши муваффақият учун етарли эмас. Бунинг учун у, энг аввало, спортни яхши тушуниши, унга меҳр бериши керак. Қолаверса, спорт журналистлари ўз она тилини яхши билишлари лозим. Табиийки, хорижий тилларни ўзлаштириш ҳам талаб этилади. Шунингдек, улар эфирдаги тафтологияни олдини олиш ҳамда сўз бойлигини ошириш учун мунтазам равишда китоб ўқишлари зарур, – дейди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Зафар Имомхўжаев. – Бугун соҳамизга кўплаб қобилиятли ёшлар шижоат ва ғайрат билан кириб келаётгани қувонарли ҳол, албатта.

Сўнги йилларда юртимизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар, ютуқ ва натижаларга эришилмоқда. Хусусан, спорт соҳасида катта муваффақиятлар қўлга киритиляпти. Эндиликда мана шундай натижаларни халқимизга, қолаверса, бутун жаҳонга эълон қилишда журналистлар елкасидаги масъулиятли вазифа ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Шифокор – эл саломатлиги посбони

Ахборот-телекоммуникация соҳасининг тараққий этиши, интернет журналистикаси ривожига катта туртки бўлди. Бугун барчамиз энг сўнгги “қайноқ” янгиликларни интернет орқали биламиз. Шу сабаб барча журналистлар замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланишлари лозим, – дейди Ахбор Имомўжаевнинг набираси, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директорининг ўринбосари Диёр Имомхўжаев. – Эндиликда ўзбек журналистикасини халқаро даражага олиб чиқиш учун бошқа соҳа мутахассислари малакасини ҳам ошириш зарур. Масалан, алоқа соҳасини олайлик, Уларсиз журналистикани умуман тасаввур қилиб бўлмайди. Маркетингни ривожлантирмай туриб, давлат нашрларидаги мажбурий обуна муаммосини бартараф этиш мумкин эмас. Айтмоқчиманки, бизда қандай ёзишни биладиган кадрлар етарли. Бироқ уларнинг ишини енгил қиладиган ва қўллаб-қувватлайдиган қатламга муҳтожмиз.

Ҳа, ҳар бир соҳанинг ўзига яраша машаққати бор. Ана шундай масъулиятни ўз зиммасига олиб, унинг ривожи учун сидқидилдан хизмат қилиш ҳам бир жасорат. Зеро, инсониятни улуғлайдиган, унинг камолоти йўлида кўприк ҳисобланган журналистика соҳаси фидойилари ҳам шулар жумласидан.

 

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: