Устозлик – юксак мақом

Бир донишманд айтган экан, “Отам мени осмондан ерга тушишимга сабабчи бўлди. Устозим эса мени ердан кўкларга кўтарди”.

Дарҳақиқат, ёш авлодга таълим-тарбия бериш, устоз номига сазовор бўлиш юксак мақомдир. Бу касб эгалари бағрикенг, софдил, камтарин ва маънан бой инсонлардир. Улар бутун ҳаёти, қалб қўри ҳамда билимини шогирдларига бахшида этган заҳматкашлардир.

Юрт келажаги, унинг равнақи ёшлар қўлида. Фарзандларимиз келажакда комил инсон бўлиб вояга етишида эса азиз устозларимизнинг ҳиссаси беқиёс. Шу боис, давлатимиз томонидан ўқитувчи ва мураббийларга юксак эътибор қаратилиб, уларнинг меҳнати муносиб қадрланмоқда.

Мамлакатимиз таълим тизимида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган тажрибали устоз, профессор Ф. Ўрмонованинг шогирдлари бугун унинг касбини муносиб давом эттириб келмоқда.

Ф. Ўрмонова 1952 йил Тошкентда зиёлилар оиласида туғилган. Оилада илм-фанга бўлган қизиқиш юқори бўлганлиги туфайли иқтидорли қиз мактаб йиллариданоқ, устозларидан чуқур билим олишга ҳаракат қилди. Сўнг 1969 йилда Тошкент давлат фармацевтика институтига ўқишга кириб, 1974 йилда ушбу олийгоҳни муваффақиятли тамомлади.

Устоз 1974–1976-йилларда институтнинг Фармакогнозия кафедрасида стажёр-тадқиқотчи сифатида фаолият олиб борди. 1976–1979-йиллар оралиғида аспирантурада таҳсил олди. 1979–2011-йилларда фармакогнозия кафедрасида дастлаб ассистент, сўнг катта ўқитувчи, доцент ва профессор сифатида ёш авлодга чуқур билим берди. 2011 йилдан буён кафедра мудири лавозимида ишлаб келмоқда.

Ҳозирда профессор Ф. Ўрмонова раҳбарлигида маҳаллий флора истиқболли ўсимликларини ўрганиш, улар асосида янги самарали импорт ўрнини босувчи дори воситаларини яратиш бўйича мақсадли илмий изланишлар олиб борилмоқда. Профессор томонидан тавсия этилган 8 та янги доривор ўсимлик воситаларини тиббиёт амалиётида ишлатилиши учун ЎзРССВнинг рухсати олинди.

Ф. Ўрмонова 150 дан ортиқ мақола, 30 та ўқув-услубий ишланмалар, 3 та патент, доривор ўсимликлар учун 8 та тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар муаллифидир. Ҳозирги кунда устоз 2 та докторлик ва 2 та магистрлик илмий ишларига раҳбарлик қилмоқда.

Мустақилликнинг 26 йиллиги арафасида профессор Ф. Ўрмонованинг илмий фаолияти давлатимиз томонидан юксак эътироф этилиб, унга “Шуҳрат” медали берилди.

 

Г. МУСАЕВА,

Тошкент Фармацевтика институти ўқитувчиси,

Ш. РАМОЗОНОВА,

талаба

Яна ўқинг:  “Татуаж” ва “ботекс” нима ёхуд “гўзаллик” қурбонлари хусусида

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: