“Универсиада – 2016”: тайёргарлик сўнгги босқичда

Спорт инсонни ҳам жисмонан, ҳам маънан камолга етказади. Шу боис, юртимизда ёш авлодни спортга жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш-тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида қатор ибратли ишлар амалга оширилаётир.

Айниқса, мамлакатимизда уч босқичли спорт мусобақаларининг ташкил этилиши, фарзандларимиз орасидан кўплаб ёш истеъдод эгаларини кашф этишга замин ҳозирламоқда.

Хабарингиз бор, бу йил Фарғона вилоятида талаба ёшлар ўртасида “Универсиада – 2016”спорт мусобақалари бўлиб ўтади. Айни пайтда вилоятда ушбу спорт анжуманига катта ҳозирлик кўрилаётир.

Бу галги “Универсиада” ўйинлари спортнинг 15 тури бўйича ташкил этилиб, унда талабалар баскетбол, волейбол, гандбол, стол тенниси, шахмат, сузиш, енгил атлетика, таэквандо, теннис, футбол, дзюдо, оғир атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, бокс бўйича ўзаро куч синашишади. Мусобақалар 3 босқичда ташкил этилиб, биринчи босқич 2015 йилнинг 20 ноябридан 20 декабрига қадар олий таълим муассасаларида 156 минг талаба иштирокида ўтказилган бўлса, иккинчи босқич беллашувлари жорий йилнинг 1 февралига қадар олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилди.

Учинчи – минтақавий босқич эса жорий йилнинг 8-10 апрель кунлари 4 та ҳудудда ташкил этилди. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган баҳсларда Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ҳамда пойтахт олий ўқув юрти талабалари иштирок этган бўлса, Навоийда Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари, Наманганда, мезбонлардан ташқари Андижон ва Фарғона вилояти ҳамда Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари талабалари ўзаро куч синашди.

Шунингдек, “Универсиада – 2016”га тайёргарликни кучайтириш, терма жамоаларнинг спорт маҳоратини янада ошириш мақсадида бир қанча мусобақалар ҳам ташкил этилди. Жумладан, шу йилнинг 5-9 март кунлари Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтида пойтахт олий таълим муассасалари талабалари ўртасида волейбол бўйича Республика “Талаба”спорт уюшмаси биринчилиги ўтказилди. Унда 7 та энг кучли волейбол жамоалари ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди. Ўғил болалар ўртасидаги беллашувлар якунида Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти биринчи, Тошкент тиббиёт академияси талабалари иккинчи, Тошкент ирригация ва мелиорация институти спортчи ёшлари эса учинчи ўринни қўлга киритди.

Бундан ташқари “Универсиада – 2016” спорт мусобақаларига Навоий вилоятида ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Жумладан, вилоят педагогика институтида мусобақанинг финал босқичига йўлланма олган спортчи талабаларга барча шароитлар яратилган.

Яна ўқинг:  УМИДЛАР РЎЁБИ ИЖОБАТ МАСКАН

– Бу йил Универсиада ўйинларида институтимиздан 76 нафар маҳоратли талаба иштирок этиши кутилмоқда, – дейди олийгоҳнинг жисмоний маданият факультети декани Шерали ака Хожиев. – Барча талабалар ҳозирда мураббийлари кўмагида мусобақага жиддий тайёргарлик кўришмоқда. – Ўйлаймизки, ушбу турнирда талабаларимиз кўплаб фаҳрли ўринларни эгаллаб, вилоятимизга ёруғ юз билан қайтиб келишади.

Мамлакатимизда қандай мусобақа ўтказилмасин, навоийлик талабалар доимо етакчилар сафида эътироф этилади. Бу йил вилоят шарафини “Универсиада – 2016”спорт ўйинларида муносиб ҳимоя қилишни мақсад қилган Навоий педагогика олийгоҳи талабаси Ғофир Актамов ҳам дзюдо бўйича Осиё чемпионати ва турли халқаро мусобақалар ғолибидир.

– Дзюдо билан болалигимдан шуғулланаман. Чунки спорт орқали инсон ўзида жасурлик, мардлик каби эзгу фазилатларни шакллантиради. Универсида спорт мусобақалари биз каби ёш спортчилар учун катта аҳамиятга эга бўлиб, унда иштирок этиш ва ғолиб бўлиш улкан шарафдир. Қолаверса, ушбу спорт ўйинлари ўз иқтидоримизни намойиш этиш, тажрибамизни ошириш учун ҳам ҳақиқий мардлар майдони саналади. Бундан ташқари ёшлар орасида илиқ дўстона муносабатларни ўрнатилишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтсак, 2000 йилдан буён ўтказиб келинаётган Универсиада спорт ўйинлари йилдан йилга ёшларимиз орасида оммавийлашиб бормоқда. Ҳар бир кун эса бизни ёшлик ва шижоат байрами сари яқинлаштирмоқда. “Кичик олимпиада” номини олган бу мусобақа фарзандларимиз орасидан бўлажак Осиё ва жаҳон чемпионлари, Олимпиада ўйинлари ғолибларини кашф этишига ишонамиз.

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod”мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: