Умримнинг нурга тўлган баҳори

Баҳор. Май ойининг эрта тонги… Мурғаккина нуридийдамни илк бор қўлимга олган пайтим дунёга сиғмай севиндим. Ҳаётимдаги барча қоронғу кунлар ўша онда буткул унут бўлди. Уни гул япроғига ўраб, тун-у кун атрофида парвона бўламан. Она номига мушарраф этган Яратганга шукроналар айтаман!

Ўғлим Яшнарбек чақалоқлигида кўп йиғларди. Аввалига бу оғир кечган туғруқнинг асорати бўлса керак, деб ўйладик. Аммо тунлари уйқусиз йиғлаши дилимни ғаш қиларди. Шифокорга олиб бордим. Бошини текширувдан ўтказишди. Невропатолог зарур дориларни ёзиб берди. Дориларни ичгач, ўғлим бироз тинч ухлайдиган бўлди. Уйғонгач эса яна йиғлашга тушарди. Шу зайилда уч ой вақт ўтди. Бир куни дилбандимни оилавий поликлиникага эмлаш учун олиб бордим. Унинг саломатлигини текшириб кўрган шифокор боланинг юрагида шовқин борлигини айтди.

Шундан сўнг Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси шифокорлари ўғлимнинг юрагини эшитиб кўришди. Уни махсус текширувлардан ўтказишди. Якунда бола туғма юрак пароги (нуқсони) билан туғилганлиги маълум бўлди. Ўша онда танам музлаб, қалбимни алланечук хавотир эгаллади. Уйга қайтгунча кўз ёшим тинмади.

Шифохонада Одилбек исмли шифокор боламни мунтазам равишда текшириб борди. Кунларнинг бирида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳақида эшитиб қолдим. Шундан кейин зудлик билан фонд мутахассисларига мурожаат қилдим. Улар Яшнарбекни тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб, бемор болалар рўйхатига киритишди.

Орадан 2 йил вақт ўтди. Бу йиллар давомида болам фонд мутахассисларининг доимий назоратида бўлди. Сўнг мен ва ўғлимни даволаниш учун Корея Республикасига юборишди. У ерда кореялик шифокорлар Яшнарбекни операция қилишди.

Операциядан бир соат ўтгач, жигарбандим кўзини очди. Уни тўйиб қучдим. Болажоним жажжи қўлларини менга узатганча “ойи” дерди! Кун сайин ўғлимнинг аҳволи яхшиланиб борди. Ўзи билан бирга борган дўстлари билан ўйнай бошлади. Иштаҳаси ҳам анча яхшиланди.

Шукрки, ҳозир унинг аҳволи анча яхши. Саломатлиги буткул тикланган, десам ҳам бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, Президентимизга, юртимизда болалар саломатлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг жонкуяр ходимларига, қўли енгил шифокорларга ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдираман. Сизлардан умрбод қарздорман, азизлар!

Насиб бўлса, ўғлим Яшнарбек ўсиб, улғайиб, она Ватанимиз хизматига камарбаста фарзанд бўлади, дея ишонч билдираман.

Яна ўқинг:  Ижод лаҳзалари саодати

 

Муаттар ЭРКАЕВА,

Тошкент вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: