УМИДЛАР РЎЁБИ ИЖОБАТ МАСКАН

Mактабни битирар чоғларим кўзимнинг кўриш қобилияти анча пасайиб, устоз­ларим ёрдамида ўқишни аранг тамомлаган эдим. Сўнгра ота-онамга, фақат уй юмушларидагина қарашиб, бўш вақтим бўлди дегунча телевизор кўрардим. Турли кино ва кўрсатувларни томоша қиларканман, ўзимни улардаги қаҳрамонларга таққослаб, ҳаётимдан мазмун қидирардим.

Қўлимдан бирон иш келмаслигини ўйлаб сиқилардим. Келажагимга қарасам бўм-бўшдек кўринарди. Ўзимни кераксиздай ҳис қилардим. Шу зайлда орадан олти йил ўтди. Кунлардан бир куни телевизорда кўзи ожиз бир аёл чиқиб қолди. У Низомий номидаги педагогика университетида ўқиганини ва ҳозирда ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритаётгани ҳақида гапирарди. Шу пайт хаёлимга “ярқ” этиб кўзи ожизлар ёзувини ўрганишим зарурлиги, кейин мен ҳам олий ўқув даргоҳида ўқишим мумкинлиги ҳақидаги ажойиб фикр келиб қолди. Бу ёзувни ўрганиш учун нима қилиш керак, қаерга мурожаат этиш зарурлиги ҳақида эса билмасдим. Кўп жойлардан бу ҳақида сўраб-суриштира бошладим. Охири Сирдарё вилояти Кўзи ожизлар жамиятини топганимдан сўнг у ердаги ходимлар мени ўша махсус касб-ҳунар коллежига юборишди. Шундай қилиб кўзи ожизлар учун махсус Луи Брайль ёзувини ўргандим. Бу ёзувдан ташқари устозларимиз бизга тўқувчиликни ҳам ўргатишган эди. Коллежни битиргач, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фалсафа факультетида психология йўналиши бўйича ўқидим. Ҳозирги вақтда пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 125-умумтаълим мактабида психолог бўлиб ишлаяпман. Ҳа, озми-кўпми одамларга нафим тегаётганидан, жамиятда ўз ўрним борлигидан хурсандман.

Ҳозирги вақтда имконияти чекланган ўқувчилар қандай ўқиётгани ва уларнинг шарт-шароитлари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Имконияти чекланган шахслар учун ихтисос­лашган республика касб-ҳунар коллежига йўл олдим. Илгари мен ўқиган пайтда бу коллеж Чилонзор тумани “Чўпонота” маҳалласида жойлашган эди. Бу муассасани қандай излаб топ­ганим-у, у ерга қандай қилиб келиб қолганим ҳақида эслар эканман, бирин-кетин кўз олдимда ўша дамлар кинолентадай жонлана бошлади.

Коллеж дарвозасидан кираётиб қоровулдан устозларим Насиба опа Cанъато­ва, Бахтиёр ака Эшалиев ҳамда Ғофур ака Назаровни сўрадим. Уларнинг дарслари тугаб, уйга кетишган экан.

– Унда директорнинг ёнига кирсам бўладими? – деб сўрадим қоровул амакидан.

– Ҳа, албатта.

Директор Икром ака Бобоқулов ёнига кириб ўзимни таништирганимдан сўнг нима мақсадда келганимни айтдим.

Яна ўқинг:  Prezidentimiz ishonchi menga kuch bag‘ishladi

– Психолог бўлсангиз ҳамкасбингиз билан таништираман. У сизни қизиқтирган барча саволларингизга жавоб беради.

Коллеж психологи Манзура Мирзаҳамидова менга ўқув даргоҳи ҳақида сўзлаб берди:

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослашган республика касб-ҳунар коллежи 1935 йилнинг декабрь ойида собиқ билим юрти негизида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йилдаги қарорига асосан коллежга Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослашган рес­публика касб-ҳунар коллежи мақоми берилди.

Коллежга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан турли даражадаги ногиронлиги бўлган вилоят, туман бандликка кўмаклашув, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳудудий марказларининг йўлланмалари ва ТМЭК – тиббий меҳнат эксперт комиссияси хулосалари асосида умумий ўрта маълумотга эга бўлган имконияти чекланган шахс­лар ўқишга қабул қилинади. Коллеж битирувчиларига давлат аттестация комиссиясининг қарорига биноан ўрта махсус касб-ҳунар таълимини эгаллагани тўғрисидаги диплом берилади. Ушбу масканда Ўрта Махсус касб-ҳунар таълими маркази томонидан ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув дас­тури ва режалар асосида ёшларга етти хил йўналиш бўйича касб малакалари ўргатилади.

Кенг турдаги кийимлар услубчи конс­труктори, радиоэлектрон ускуналарни монтаж қилиш, созлаш ва таъмирлаш бўйича техник, компьютер ва компьютер тизимларини созлаш ва таъмирлаш техники, бухгалтер, якка буюртмали пойабзал буюмларни тайёрловчи ва таъмирловчи, маиший хизмат машиналари ва асбобларини таъмирлаш, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш техник-технологи (кўзи ожизлар учун).

– Кўзи ожизлар ва заиф эшитувчиларга тўқувчилик, тикувчилик, пойабзал таъмирлаш ва махсус овозли компьютер йўналиши бўйича таълим берилади. Қолган соҳалар бўйича таянч ҳаракати суст бўлган имконияти чекланган йигит-қизлар ўқишади, – деди М. Ҳамдамова.

Ўқувчиларнинг яшаш шароити билан танишиш мақсадида уларнинг ётоқхоналарига йўл олдик. Ётоқхонанинг киравериш жойлари кенг, иккала томонга ҳам диванлар қўйилган. Йўлаклар ҳам шинам ва ёруғ бўлиб ҳар бир хона икки ва уч киши учун мўлжалланган ҳолда жиҳозланган эди. Кутубхона, айниқса, психологик тренинг ўтказиш учун ажратилган хона, ошхона, ювиниш хоналари ҳам озода ва чиройли.

Ўқувчиларнинг ижод намуналари билан танишар эканман, ёрқин ранглар билан жуда чиройли ишланган асарларни кўриб, уларда ҳаётга бўлган кучли иштиёқ, шижоат ва ўзгача кўтаринкилик борлигига гувоҳ бўлдим.

Яна ўқинг:  “Она тилим, онажоним тили бу...”

Ҳа, бу юртда инсон қадри – азиз. Болаларга кўрсатилаётган эътибор ва давлатимиз сиёсатининг асосий бўғини бўлмиш ижтимоий ҳимоя масаласида амалга оширилаётган ишлар сўзимизнинг исботидир.

Матлуба ТАГАЕВА,

Миробод туманидаги 125–умумтаълим мактаби психологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: