Улуғ шоирнинг эҳтиромига сазовор бўлган ҳамшира

Миллатимиз ифтихори, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Давлат Мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов оламдан ўтди. Оғир жудоликдан юрагимиз қалқиди. Аммо буюк шоирнинг ёди қалбларимизда мангу яшайди.

Эзгуликка йўғрилган минглаб шеърлари маънавият шамчироғи, ҳаёт сабоғи бўлиб дилимизни нурлантиради. Ҳассос шоир қўл урмаган, гўзал ташбеҳлар билан сатрларда жонлантирмаган мавзунинг ўзи бўлмаса керак.

Океан орти мамлакатида даволаниб юрганида ҳам шоирнинг ижоди булоқдек тошиб, қалбларимизни сўз билан, меҳри билан суғориб, озиқлантириб турди. Шу орада эълон қилинган “Ҳамшира қизим Барнонинг шеъри” деб номланган асари улуғ шоирнинг меҳнатсевар, меҳрибон халқимизга, инсон қадри азиз юртимизга эҳтироми, муҳаббати ифодаси бўлиб гавдаланди.

Жудолик кунларида дилларга юпанч бўлар, дея шу шеърнинг қаҳрамони, буюк ижодкорнинг хасталик дамларида касби-кори, ширин сўзи билан юпанч бўлган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси ҳамшираси Барно Қаҳрамоновани таҳририятимизга таклиф қилдик:

– Абдулла бобом бир кун Хьюстондан қўнғироқ қилди. “Қизим, сенга атаб бир шеър ёздим, у фақат сенинг шеъринг…” деди. Ўқиб қалбим тўлқинланиб кетди. Ҳамкасбларим катта хурсандчилик билан қарши олди. Бироқ айни дамдагидек ҳиссиётим туғён урмаган эди. Сабаби, ўша кезда у киши ҳали ёнимизда узоқ яшайди, деган ўйда бўлган эканман, – дейди Барнохон кўзида ёш билан. – Муолажа дамларида узоқ вақт бобонинг ёнида бўлар эдим, отамдек азиз инсон эди. Қалбидан меҳри жўш уриб турарди: шундай буюк инсон ўзи учун тайёрланган егуликни авайлаб оддий ҳамшира қиз учун асраб ўтирарди. Бу менга улкан меҳр, улкан тортиқ эди. Бобо Ўзбекистонни, халқни жуда яхши кўрарди, ҳар лаҳза юраги Ватан деб урарди гўё. Баъзан ўйлаб қолар эдим, ҳаёти тўкис, улкан муваффақиятларга эришган улуғ ёшли инсон нега хотиржам бўлолмайди, деб. Энди англаяман, Абдулла бобо фақат ўзи учун яшамаганини, шу халқ, шу элнинг фарзандлари учун “куйиб-ёнган” экан.

Олис қитъада даволаниб юрган кезлари ҳам интернет орқали тез-тез гаплашиб турар эдик, жудолик қалбимга оғир ботди. Аммо, барибир бобонинг “борсакелмас”га кетганини ҳис қилолмаяпман. Хаёлимда ҳадемай у киши яна сим қоқадигандек…

Охирати обод бўлсин!

 

Абдулла ОРИПОВ

 

Ҳамшира қизим барнонинг шеъри

Яна ўқинг:  Энг яхши тиббий муассасаси: эътирофга қандай эришилади?

Томиримни тополмай азоб бердингиз бир кун,

Оддийгина уколни қилолмадингиз, афсус.

Ҳамширалар қаҳатми сизларда, нима учун?

Бизнинг Барно қизчалик бўлолмадингиз, афсус.

 

Ҳар қандай соҳанинг ҳам устаси бор, албатта,

Ўзларига буюрсин мақтаб пиширган оши.

Эл аро маҳоратнинг қиймати эрур катта,

Баланд бўлса ҳам агар оладиган маоши.

 

Шифокорлар аҳлини кузатдим жуда узоқ,

Билмадим, деганларин эшитмадим мен асло.

Улар ҳам шоирларга ўхшаб кетаркан кўпроқ,

Ярмиси улуғ бўлса, ярмиси буюк даҳо.

 

Бизларга керак асли жўнгина, оддий ҳаёт,

Ростгўй ва дабдабасиз, она сутидек ҳалол.

Гоҳида эсламаймиз, ким берди бизга нажот,

Мақтанчоқнинг дастидан топгаймиз лекин завол.

 

Уммон орти юртининг булдир шифохонаси:

Муҳташам қасрлардан қолишмайди у сира.

Эътирофим айтайин, келди гапнинг хонаси,

Бу ерда етишмайди Барно деган ҳамшира.

 

Хьюстон, 19.09.2016

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: