Тил билган таржимон дегани эмас

Кўҳна ва маданиятга бой халқимиз ўзининг неча минг йиллик тарихий тажрибасига асосланиб, “Тил – дил калити”, “Тил билган эл билади”, каби қатор ҳикматларни бот-бот келгуси авлодларга уқтириб келган.

Аждодларимизнинг бошқа халқларга бўлган қизиқишлари, савдо-сотиқ муносабатлари, таржима соҳасининг ривож топмагани боис, уларни чет тилларини ўрганишга ундаган. Асарларни ўз тилида ўқиш натижасида эса улар ўзлари учун “янги дунё” оча бошлашган, ўша халқнинг тарихи, адабиёти, санъати ҳамда маданияти ҳақида маълумотларга эга бўлишган.

Айни вақтда эса биз деярли барча асарларнинг ўзбекчалаштирилган нашрларини ўқиймиз. Албатта, бу бугунги кун таржимонлик мактабларининг ривожи самараси. Аммо нега биз ушбу асарлардан умуминсоний ғояларни “ҳа” деганда англай олмаймиз? Нега қадимда инсонлар ўз исми каби ёд олган жаҳон адабиётининг дурдона асарлари бугун ҳатто, илм аҳли орасида ҳам у қадар эътироф этилмаяпти? Тўғри, асар ғоятда машҳур эканини биламиз, лекин нима учундир маҳорат билан ёзилмагандек туюлади. Боиси, ҳар бир тилнинг бошқа ҳеч қайси тилда учрамайдиган ўзига хос жилоси, сўз бойлиги мавжудки, уларни бошқа тилга таржима қилиш мутлақо иложсиз. Буни амалга оширган тақдирда ҳам у ўгириш жараёнида ўз нозик маъноси, қийматини қисман йўқотади. Хусусан, ўзбек тилидаги “маънавият” сўзини тўғридан тўғри инглиз тилига таржима қилиб бўлмайди. Руҳият маъносини ифодалайдиган “spirituality” сўзи “маънавият” тушунчаси учун ҳам ишлатилади. Ваҳоланки, “руҳият” ва “маънавият” тушунчалари бир-бирини маъно жиҳатидан тўлдириши мумкин бўлган алоҳида сўзлардир.

Ёки инглиз тилидаги “phrasal verbs”, яъни “иборали феъллар” хусусида сўз юритадиган бўлсак, уларнинг таржимасида ҳам қатор фарқларни кўришимиз мумкин. Масалан, инглиз тилидаги биргина “get off” феълини олсак, унинг “жазодан қочмоқ”, “катта транспорт воситаларидан тушмоқ” (енгил автомобиллардан эмас), “йўлга отланмоқ”, “тугатмоқ”, “хат ёзмоқ ёки жўнатмоқ”, “латифа айтмоқ” ва шу каби қатор маънолари мавжудлиги сабабли гапда унинг қайси ўринда келганини аниқлаб олиш ғоятда муҳим. Агар “I got off my trip” гапини таржима қилсак, “get off” феълининг юқорида берилган маъноларидан келиб чиққан ҳолда, уни қуйидагича таржима қилиш мумкин: “Мен саёҳатга отландим”, “Мен саёҳатни якунладим”. Бу гаплар маъно жиҳатидан бир-бирига мутлақо зид. Бу ёғи эса мутаржимнинг маҳоратига боғлиқ. Лекин ўзбек адабиётидаги шаклдош сўзлар воситасида юзага келадиган туюқ жанри ёки ийҳом санъати каби юқоридаги шаклдош сўзлар воситасида амалга оширилган бирор сўз ўйини бўлса, у таржима жараёнида ўз моҳияти ва жилосидан йироқлашади ва китобхон ёзувчи англатмоқчи бўлган маънони тушуниб етмайди.

Яна ўқинг:  Фариштам, онам

Дарҳақиқат, таржима ҳам ярим ижоддир. Шундай экан тил билган таржимон дегани эмас.

 

 Саида ЭРГАШЕВА,

ЎзМУ хорижий филология факультети талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: