Тарихимиз кўзгуси

Мамлакатимиз ёшларини етук ва баркамол шахс этиб тарбиялаш, уларга буюк аждодларимиз маънавий меросини чуқур ўргатиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Бунинг учун эса фарзандлар билан бирга юртимизнинг қадимий кентлари, у ердаги тарихий обидалар, ёдгорликлар ва зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштириш мақсадга мувофиқ. Ана шундай масканлардан бир пойтахтимиз марказидаги Темурийлар тарихи давлат музейидир.

Музей кўркам ва ҳашамдорлиги ва экспонатларининг бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Бино ўзида Темурийлар даври ва замонавий меъморчилик санъати услубларини мужассамлаштирган.

Амир Темур ва унинг авлодлари тарихидан сўзловчи ушбу маскан нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам маълум ва машҳур. Музей мустақиллик даврида бунёд этилган бўлиб, “Давлат ноёб илмий объектлари” рўйхатига киритилган.

Унинг хазинасида Ўзбекистон тарихини акс эттирувчи 3 мингдан ортиқ экспонатлар сақланади. Қолаверса, бу ерда ўзбек давлатчилиги тарихи, Темурийлар даври тарихи ва қадриятларини акс эттирувчи кўргазмалар ҳам мавжуд. Амир Темур ҳаётидан лавҳалар, қўлёзмалар, китоблар, кумуш ва мис тангалар, ўша даврга оид мусиқа асбоблари, Бухоро зардўз кийимлари, сопол идишлар ҳар бир ташриф буюрувчини бефарқ қолдирмайди.

Бугунга қадар музейга жаҳоннинг турли давлатларидан мингга яқин расмий меҳмон ташриф буюриб, улар ўзларининг энг самимий дил изҳорларини “Музейнинг фахрий меҳмонлар китоби”га ёзиб қолдирган. Улар асосида музейда “Дасхатлар” кўргазмаси яратилган.

Ушбу масканга фарзандим билан қилган саёҳатим орқали буюк бобокалонимиз ҳаёт йўли билан яқиндан танишдик. Назаримда ҳар бир ота-она ўз фарзандлари билан биргаликда вақт топиб, ушбу қутлуғ масканга келиш лозим, деб ўйлайман.

– Музей республикамизга келаётган сайёҳлар учун, аввало, Ўзбекистон тарихининг қисқача “дарслиги”, саёҳат йўналишларини белгилаб берувчи харита ҳисобланади, – дейди музей ходими, тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраимов. – Шунингдек, музей биноси ўзининг муҳташамлиги ва ўзига хос архитектураси билан алоҳида ажралиб туради. Президентимиз томонидан ички туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида айни вақтда бу ерга келувчиларнинг сони кундан кун ортиб бормоқда.

Бундан ташқари бу масканда болалар ва ўқувчи-ёшлар учун талайгина имтиёзлар яратилган бўлиб, улар яқинлари билан ҳафтада икки кун музейни бепул айланишлари мумкин. Қолаверса, яқинда музейга Бобур дасхати туширилган қўлёзмалар, “Бобурнома”га чизилган расмлар китоби тақдим этилди.

Яна ўқинг:  Тиббий жиҳозлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади

Шу кунларда юртимиз бўйлаб Соҳибқирон таваллудининг 682 йиллиги кенг нишонланмоқда. Буюк бобокалонимиз қилган хайрли ишларни бундан кейин ҳам давом эттириш, ўгитларини фарзандлар онгига чуқур сингдириш ёшларни юртга садоқат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

 

Дилфуза АЗИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: