ТАЪРИФИНГГА TАШБИҲ ТОПИЛМАС

Августнинг қуёшли тонгида “Тошкент” темирйўл вокзалидан “Афросиёб” тезюрар поездида бир гуруҳ ёш ижодкорлар Самарқандга қараб йўлга тушдик. Худди ўзим сингари илк китоб­лари “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этилган Рустам Мирвоҳид, Шавкат Одилжон, Динара Раҳимова, Дилдорхон Имомалиева каби ёшларга Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби Сирожиддин Рауф раҳбарлик қилди.

Олдиндаги учрашувлар, зиёратлар ҳаяжони юракларимизга интиқлик солгани ҳар биримизнинг юз-кўзимиздан кўриниб турарди. Дарвоқе, бу довруқли поездга ҳам илк бор чиқишим эди. “Афросиёб” соатига икки юз километр тезликда ҳаракатланса-да, юргани сезилмайди. Шундоқ ёнгинангиздан қишлоқлар, далалар лип-лип ўтади. Йўл бўйида саф тортган уйлар бир замонлар ҳордиқ чиқаргани тўхтагану кейин шу ерда қолиб кетган карвонни эслатади. Тонгги қуёш нурларига чўмиб ётган ям-яшил далалар сўлим юртимизнинг фусункор табиатини кўз-кўзлаётганга ўхшайди.

Бир-бирига ўхшаш қишлоқлар ёнидан ўтарканмиз, хаёлимда ўз қишлоғим гавдаланди. Далаю томорқаларда меҳнат билан банд одамларни кўриб, яқинларимни, ҳамқишлоқларимни эсладим. Сафардош тенгқурларим ижодида она-юрт манзаралари, меҳнаткаш ва самимий халқимиз образи турли шаклларда ўз ифодасини топган. Ҳар бир ижодкорнинг ўз қараши ва услуби бор, бундан ташқари, ҳар ким ўзи туғилиб ўсган жой, ўзи кўрган-билган одамлар ҳақида ёзади. Бироқ тавсирланган манзаралар, одамлар бир-бирига яқин. Чунки қаерга борманг, гўзал табиатни, самимий, бағрикенг ва меҳнаткаш инсонларни учратасиз. Масалан, Шавкат Одилжоннинг юрт ҳақидаги шеърларини ўқиб, ўзим туғилиб ўсган қишлоқни кезгандай, она ҳақидаги битикларини ўқиб, ўзимнинг онам билан дийдорлашгандай бўламан.

Мана шундай сафарлар давомида Ватан тушунчаси географик атама маъносидан кенг эканини, юртингни, юртдошларингни таниганинг сари, бу тушунчанинг маъноси каттариб боришини англайсан…

Шу каби ўй-хаёллар, орада қисқа таассурот алмашинишлар билан Самарқандга етиб келганимизни ҳам сезмай қолдик. Бизни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ориф Ҳожиев кутиб олди. Уловларга ўтириб, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига йўл олдик. Йўлма-йўл теваракка назар ташлаб, ҳайратланиб кетдик. Равон йўллар, муҳташам иншоотлар, хиёбонлар катта меҳр ва эътибордан дарак бериб турибди. Тарихий манбалардан маълум, Самарқанд Амир Темур пойтахти бўлгач, мисли йўқ даражада гуллаб-яшнади, жаҳонга машҳур бўлди. Шарқ халқлари орасида “Ғарбда Рим, Шарқда Самарқанд” деган мақол тарқалди. Бироқ темурийлардан кейин бу улуғвор шаҳарнинг шуҳрати сўна бошлади, собиқ иттифоқ даврида шаҳардаги асори атиқалар, ёдгорликлар хароба ҳолга келиб қолди. Истиқлол йилларидагина Самарқанд қадимий шон-шуҳратини тиклади. Бу ерга дунёнинг турли бурчакларидан келадиган сайёҳлар сони йил сайин ортиб боряпти. АҚШнинг “Huffington post” нашри Самарқандни дунёнинг албатта бориб кўриш керак бўлган элликта шаҳри қаторига қўшди. Эътиборлиси, бу рўйхатда Самарқанд МДҲ мамлакатлари орасида ягоналиги билан ажралиб туради.

Яна ўқинг:  Ҳаракат мажбурияти ва маданияти

Сафарнинг илк тадбири Навоий ҳайкали пойидаги мушоира бўлди.

– Тадбиримизни бежиз бу боғдан бошламадик, – дея сўзга киришди Ориф Ҳожиев. – Халқимизнинг буюк фарзанди, улуғ шоирига ҳар қанча ҳурмат-эҳтиром кўрсатсак оз. Навоий бобо, биласизлар, Самарқандда, Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида таълим олган. Бу ерда жуда кўплаб шоирлар билан танишган, дўстлашган. Шаҳар ҳокими Аҳмад Ҳожибек у кишига ҳомийлик қилган. Агар Самарқанд, унинг устоз олиму фозиллари бўлмаганида, Навоий бобо бу даражага етмаган бўлиши мумкин эди. Шу боис улуғ шоиримизни самарқандликларга ҳам устоз, ҳам шогирд дейишга ҳақлимиз. Мана шу сизлар кўриб турган боғ мус­тақиллик йилларида тубдан обод қилинди, ёшларнинг севимли масканига айланди. Бу ерда Навоий бобога ҳайкал тиклангани ҳам катта рамзий маънога эга.

Катталару ёшлар галма-гал дил сўзларимизни айтиб, шеърлар ўқидик. Сафимизга самарқандлик ёш шоирлар, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари ҳам қўшилди. Сўнг ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига йўл олдик. Бу ерда ёш шоир Шавкат Одилжоннинг “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этилган “Бахт бекати” китоби тақдимоти бўлди.

Тақдимотдан сўнг “Гўри Амир” мақбарасига бордик. У ерда буюк Соҳибқирон руҳига фотиҳа ўқилгач, Ориф Ҳожиев мақбаранинг олис ва яқин ўтмиши, обод қилиниши ҳақида сўзлаб берди. Мақбарани зиёрат қиларканман, шонли тарихнинг салобатини туйдим. Гўё Амир Темир руҳи қаршимда тургандай, ўйчан ва ўткир нигоҳларини қадаётгандай бўлди. Бундай дамларда одам елкасидаги масъулият юкини, аждодларга муносиб авлод бўлиш бурчини аниқ-теран ҳис этади.

Зиёратдан сўнг Жомбой туманига йўл олдик. Ҳайдовчимиз кета-кетгунча йўлда учраган муқаддас қадамжолару янги иншоотларни таърифлаб борди. Ҳақиқатан, Самарқанднинг ҳар қадами ҳайрат, ҳар қадами ҳикмат.

Ҳар қандай ижодкор ўзи ёзадиган мавзуни пухта билиши керак. Тўғри, тасаввур билан ҳам ёзиш мумкин. Лекин кўриб-билганга ҳеч нарса етмайди. Шунинг учун қайноқ ҳаёт ичида бўлиш, уни ичдан билиш адабиётда ўта муҳим саналади. Дейлик, асарингизда кулолнинг иш жараёни тасвирланган ўрин бор. Бу ҳолатни ўз билганингизча, тасаввурингизга асосланиб қоғозга туширишингиз мумкин. Аммо ҳаётдагидан фарқли ўринни ўқувчи барибир англайди. Чунки ўқувчилар орасида кулоллар ёки бу касбни яхши биладиган, ҳеч қурса, кулолнинг иш жараёнини кузатган одамлар албатта бўлади. Асарнинг ясамалиги сезилган заҳоти таъсир кучи ҳам, жозибаси ҳам кескин камаяди. Шу боис ёзган нарсангни билиш шарт. Бу ҳақда бекорга эсламадим. Чунки сафаримизнинг кейинги босқичи “Зарафшон” қўриқхонасида давом этди. У ерда оҳуларнинг ажойиб тури – хонгулларни томоша қилдик. “Бухоро буғуси” деб ҳам аталадиган бу жонивор Ўзбекистон қизил китобига киритилган. Хонгуллар илгари Амударё, Сирдарё ва Орол денгизи соҳилларидаги қамишзор ва тўқайларда тарқалган. Ҳозир фақат қўриқхоналарда яшайди, холос.

Яна ўқинг:  Hunar – qizning ko‘rki

Бу оҳунинг ғайриоддий одати бор экан, бошқа жойга кўчирилса, яшай олмас экан. Жуда зарур бўлса, махсус дори ёрдамида ухлатиб олиб борилар экан. Ўз ватанига, заминига жуда қаттиқ боғланган жонзот деган хулосага келдим.

Хонгулларнинг бир тўдаси емга ўргатилган экан, бизни кўриб югуриб келди. Эркагининг бошида бир-бир ярим қулоч келадиган бутоқли шохи бор. Шохи ҳар йили баҳорда чиқиб, кузда тушар экан. Хонгуллар ювош, сузмайди. Лекин уларга сал-пал ҳадик билан яқинлашдик, бегонасираши мумкин-да. Териси тўқ кулранг, юнги бақувват, дағал. Кўзлари катта-катта, қора.

Бундан етти йил олдин қиш ҳақида ёзган бир шеъримда: “Буғу шохларидай япроқсиз дарахт” деган сатр бор эди. Буғуларни китоблардаги расмларда, телевизордаги тас­вирларда кўргандим. Ўша кўрганларимга асосланиб, япроғи йўқ оғочни буғу шохига ўхшатгандим. Бугун ўзини кўрдим. Энди хонгул ёки буғу ҳақида бирор нарса ёзадиган бўлсам, қўрқмайман – асосим бор.

Қўриқхонадан чиқиб, Хартанг қишлоғига – буюк муҳаддис Имом Бухорий мақбарасига йўл олдик. Бу обод ва файзли масканга қадам қўйган заҳотингиз кўнгил бир енгилликни, ҳаловатни ҳис қилади. Ёдгорликка киргач, катта чинор ёнидаги булоқ сувидан қониб-қониб ичдик. Айтишларича, бу сув кўп дардларга даво экан. Оддий бир булоқ ўз-ўзидан бундай фазилатга эга бўлиб қолмайди, менимча. Бу шу ерда ётган, Худо суйган улуғ зотнинг шарофатидан.

Зиёратдан сўнг вокзалга йўл олдик. “Афросиёб”га ўтириб, “Қайдасан, Тошкент?” дея йўлга тушдик. Шундай қилиб, бир кунлик сафардан бир олам таассуротлар билан қайтдик.

Ижодкорнинг захираси бой бўлиши керак. Идрокнинг қат-қатларида ётган кичик бир хотира вақти келиб шеърга, ҳикояга, ҳатто романга айланиши мумкин. Ёш ижодкорларнинг Самарқандга сафари ҳам уларнинг асарларида ўз аксини топади деб ўйлайман.

Ориф ТОЛИБ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: