Тарбияда ҳафсала – энг асосий масала

Ота-оналар фарзандининг соғлом, тарбияли, ҳар бир ишга масъулият билан ёндошадиган шахс бўлиб камол топишини истайди. Бу борада оиланинг, қолаверса, жамиятнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Биз учун қадрли, аммо, тарбия чоғида кўпинча урғу берилмайдиган фазилатлар ҳам ана шу ижтимоийлашиб бораётган муҳитда шаклланади. Жумладан, масъулиятли бўлиш ҳисси. Кимдир уни инсоннинг улғайиш жараёнида, маълум шарт-шароитдан сўнг юзага келади, деб ўйласа, яна кимдир бу тушунча ирсият омили дея баҳолайди.

Шу ўринда педагогларнинг хулосавий натижаларига тўхталиб ўтсак: бунга кўра инсоннинг қандай шахс бўлиб етишиши 15 фоиз ирсиятга, 40 фоиз ҳолларда муҳитга, 45 фоиз эса тарбиянинг таъсирига боғлиқ бўлар экан. Демак, оқил тарбия ҳамиша ўз самарасини беради. Оила, боғча, мактаб эса ана шу тарбия жараёнида муҳим омил вазифасини ўтайди. Шу ўринда Асадбек исмли тўрт яшар болакайнинг онаси айтган гаплар эътиборимни тортди. Унинг сўзларига кўра бола ҳар сафар онасидан қўл-оёқлари тозалигини, дастрўмоли ҳар сафар ёнида бўлишни талаб қилар экан. Боланинг наздида бўлғуси ҳарбий ҳамиша озода ва тартибли бўлмоғи шарт эмиш. Эҳтимол бу оддий манзарадир. Аммо боланинг жажжи юрагида бўлғуси касбнинг масъулияти шаклланиб бораётган бўлса не ажаб. Ҳар бир болада масъуллик ҳиссининг илк куртакларини пайқаш қийин эмас. Уни шакллантириш ва мустаҳкамлаш эса биз – ота-оналарга боғлиқ. Бу борада педагогларнинг фикри қандай?

– Мактаб болада масъулият ҳиссини мустаҳкамлайдиган илк маскан ҳисобланади, – дейди Зангиота туманига қарашли 59-умумтаълим мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Соҳибжамол Хўжаева. – Ўқувчиларнинг дарсга кечикмай келиши, вазифаларни ўз вақтида адо этиши, ҳар доим ўқув кийимида бўлиши ҳам таълимга бўлган масъулиятидан далолатдир. Аммо масалага бир томонлама ёндашмаслик лозим. Мактабдаги интизом, ўқитувчининг қатъияти боланинг масъулиятини оширади. Шу ўринда ота-оналарнинг кўмаги билангина мактабда шаклланган жиҳатлар мустаҳкамланиб боришини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Ота-оналарнинг бу масалага жиддий ёндашмагани туфайли боладаги мавжуд фазилат ва қобилиятни йўққа чиқаради.

Ҳақиқатан ҳам бола жамият бағрида камол топади. Аммо тарбия борасидаги асосий талаб ота-она гарданига тушишини унутмаслик лозим. Зеро, “Қуш уясида кўраганини қилади”, деб бежиз айтилмаган. Баъзида ўзимиз ўйламаган хатти-ҳаракатларимиз билан болага озор етказиб қўямиз. Шу хулосага келишимда таниш бир қизалоқни кузатиб боришим сабаб бўлди. Биринчи синфда таълим оладиган Арофат исмли қизчанинг мактаби узоқда бўлгани боис, катталар ҳамиша уни ўзлари олиб боради. Уй эгаларининг масъулиятсизлиги туфайли қизалоқ ҳамиша дарсга кечикади. Ҳар сафар боланинг жиғибийрон бўлишини, ҳатто бир неча маротаба уй остонасида катталарни кутиб йиғлаганига гувоҳ бўлганман. Сабабини сўраб унга таскин беришга уринсанг, аълочи ўқувчи мактабга кечикмаслиги лозимлигини болаларча куюниб таъкидларди.

Яна ўқинг:  ЭЛ КЎНГЛИНИ ШОД ЭТИБ САОДАТ ТОПАЁТГАНЛАР

Болада намунали ўқувчиларга хос масъулият шакллангани кундек равшан эди. Аммо узлуксиз кеч қолишлар одатга айланиб, қизалоқ бора-бора мактабига шошилмай қўйди… Баъзида биз катталардаги иллат болаларимиздаги фазилат ва қобилиятларни ўлдириб бораётганини кўп ҳам англаб етавермаймиз. Бу эса тарбиянинг оғриқли нуқтаси ҳисобланади.

– Ҳар бир бола ўзга бир дунё, – дейди мавзу борасида биз билан суҳбатда психолог Розия Ниязимбетова. – Уларнинг қарашлари, дунёси биз катталарникидан мутлақ фарқ қилади. Боланинг қизиқишлари, ўй-фикрларини ҳурмат қилишимиз, уларга ижобий эркинлик беришимиз лозим. Шуни унутмаслигимиз керакки, шижоати сўнган боланинг руҳиятини яна тиклаш мушкул масала.

Психологнинг таъкидлашича, боладаги айнан масъуллик ҳисси уни мустақил шахс бўлиб камол топишига замин ҳозирлайди. Ўз хатти-ҳаракатларига жавоб бериш ҳиссини оширади. Бола ўз орзу-истакларига етишиши учун унга муҳим восита керак. Масъулият ана шу воситанинг асоси ҳисобланади.

Болани тарбиялаш борасидаги кўрсатмалар бўлгани каби, ундаги мавжуд масъуллик ҳиссини шакллантириб, уни мустаҳкамлашда ҳам психологларнинг ўзига хос тавсиялари мавжуд.

Болангизга озодалик ҳаётда муҳимлигини ва тозалик ҳам саломатликнинг асоси эканлигини тушунтиринг. Шифокор фарзандингизга дори воситаларини белгилаган бўлса, болангизга уни албатта, ўз вақтида ичиш кераклигини уқтиринг. Бу орқали болада ўз соғлиғига масъуллик ҳисси шаклланади. Фарзандингизни боғча ва мактабга кечиктирмасдан олиб боринг. Кечикиб бориш қанчалар хунук одат эканини унинг онгига сингдиринг. Руҳиятни доим тетик тутишга ўргатинг. Ўқитувчи топширган вазифалар ва кўрсатмаларни фарзандингиз тўлиқ адо этишини назоратга олинг. Шуни унутмангки, дарс ва топшириқларга “бўлаверади” қабилидаги ёндашув боланинг мукаммалашувига жиддий таъсир этади. Унга харид қилиб берган нарсалар: масалан компьютер, ғилдиракли коньки, ўйинчоқ машина кабиларни асраб-авайлагани каби опа-сингил, ота-она, бобо-бувиларнинг, яқин инсонларнинг қадрига етиб, уларни асраб-авайлаш кераклигини уқтиринг. Бегоналар орасида бир ўзи қолиши қийин бўлгани каби, яқин инсонларсиз ҳам шу ҳолга тушиши мумкинлигини айтинг. Пул муносабатида меъёрида бўлинг. Фарзандингизга бу маблағ унинг шахсий мулки эканини, уни истаган нарсаларга сарф этиши мумкинлигини аммо, пул жамғариб борса, ўзи орзу қилган нарсаларни олишига имконият бўлишини тушунтиринг. Бунинг учун пул жамғаргич харид қилиб берсангиз айни муддао. Бордию, фарзандингиз берилган пулни тезда сарф қилиб юборган бўлса, бироз пулсиз қолишини, ваҳоланки, уни тежаб сарф этилса, бундай вазият юзага келмаслиги мумкинлигини тушунтиринг.

Яна ўқинг:  Бир мақсад йўлида ўзаро тотувликда

Фарзандингиз уйда бирор бир жониворни ёки ўсимликларни парваришлаш учун шароит яратиб беринг. Шунингдек, бу гул ва жониворлар фарзандингиз кўмагига ниҳоятда муҳтож эканини, бола жиддий эътибор бермаса улар нобуд бўлиб қолиши мумкинлигини мисоллар билан сўзлаб беринг. Албатта бундай ишларни бола зиммасига ташлаб қўймасдан унга кўмаклашиш зарур.

Энг муҳими, фарзандингизга ишонинг ва унга ишонишингизни, уни хатти-ҳаракатлари юзингизни ерга қаратмаслигини таъкидлаб туринг.

Ҳар бир боланинг фитрати соф бўлади. Уни мусаффо рангин бўёқлар билан бойитиш биз катталарга боғлиқ. Бола аста-секин бизнинг феъл-атворимизга қараб мослашиб боради. Шундай экан, фарзандингизда масъуллик ҳиссини сингдириб боринг. Зеро, бу туйғу ортидан келажакда оила, Ватан ва дўст-ёр олдидаги масъулият қарор топиб боради.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: