Тарбия – келажак меваси

Илк бор она бағрида кўз очиб дунёни кўрган гўдакнинг эртага улғайиб, юрт корига яраши учун бугундан замин яратмоқ зарур. Шунинг учун ҳам юртимизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб соғлом, бақувват, ўз фикри, мустақил дунёқарашига эга фарзандларни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Навқирон авлод таълим-тарбиясига ҳукуматимиз томонидан юксак ғамхўрлик кўрсатилди.

Президентимизнинг мустақилликнинг илк йилларида “Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш дегани”, дея айтган сўзлари мамлакат истиқболидаги бош мақсадини, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишини белгилаб берди.

Шуни қувонч билан айтиш керакки, ўтган йиллар мобайнида юртимизда соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ этилиб, оналик ва болалик муҳофазаси, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари соғлом авлодни вояга етказишда оиланинг ролини ошириш, умуминсоний қадриятларни ёшлар онгига сингдиришда тарбиявий иш услубларини такомиллаштириш, ёш авлод, хусусан, қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, уларни спортга жалб этиш мақсадида турли спорт мусобақлари, спартакиадалар, фестиваллар ўтказилмоқда. Изчил ва босқичма-бос­қич амалга оширилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) халқаро ташкилоти томонидан тузилган рейтингга кўра, Ўзбекистон дун­ёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди. Юртимизнинг бу борадаги тажрибаси пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она – соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиумда жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланди.

Соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни изчил давом эттириш ва янги босқичга кўтариш, юксак интеллектуал ва маънавий баркамол шахсни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсли чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2014 йил Юртбошимиз томонидан Соғ­лом бола йили деб номланди.

Ҳар бир йилга алоҳида ном қўйиш шунчаки анъана эмас, балки давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган асосий мақсадимиз – замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш учун пухта ҳамда чуқур ишлаб чиқилган сиёсатдир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Давлат дастури фақат бир йилгагина мўлжалланмаган, балки истиқлол йилларида босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, уни тўлдириб туради. Ўтган давр мобайнида миллий меросимиз, тарихий ёдгорликларимизни тиклаш, халқимизнинг миллий маънавиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар қилинди. Энг муҳими, бундай саъй-ҳаракатларнинг узлуксиз тизими яратилгани долзарб ижтимоий-иқтисодий янгиланишларни амалга ошириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни ватанпарварлик ҳамда юртга садоқат руҳида тарбиялашга замин яратмоқда.

Яна ўқинг:  Фармацевтика соҳаси – юксалиш палласида

Нодира МИРЗАЕВА,

ЎзДЖТУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: