Таълим тараққиётининг ҳуқуқий кафолати

Демократик тараққиёт йўлини танлаган ҳар қайси жамият олдида, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, улар қалбида Конституция ва қонунлар асосида яшаш дунёқарашини шакллантиришдек катта вазифа туради. Бош Қомусимиз қабул қилинган кундан буён ўтган давр оралиғида Конституцияда белгиланган устувор иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ғоялар жамиятимиз ҳаётида босқичма-босқич ўзининг амалий ифодасини топмоқда.

Конституция жамият ва давлат, қолаверса, ҳар бир инсон, ҳар қайси оила ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида, Конституция ва қонунлар устуворлигига эришиш эса кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва сиёсий фаоллиги билан бевосита боғлиқдир.

Фуқароларнинг билим олиш ҳуқуқлари Бош Қомусимизда алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон Конс­титуцияси ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган таълимга оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Илҳом Отажоновни суҳбатга чорладик:

– Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин юртимизда амалга оширилган улкан ислоҳотлар қаторида таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси эса бу эзгу ишларнинг пойдевори вазифасини ўтамоқда.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг Конституцияси нафақат мустақил демократик тараққиётимизни кафолатловчи, балки ижтимоий ҳаётимизда содир бўлаётган улкан ўзгаришларни ўзида акс эттирувчи асосий ҳуқуқий ҳужжатдир. Унинг 41-моддасида шундай дейилади: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”.

Дарҳақиқат, мактаб, коллеж ва академик лицейларда таълим олиш бепул. Хорижий давлатлар билан қиёслайдиган бўлсак, ривожланган мамлакат ҳисобланган АҚШда ҳам коллежларда таълим олиш пулликдир. Мамлакатимизда битта боланинг таълим тарбиясига миллионлаб маблағ сарфланади. Замонавий билим масканлари, улкан кутубхоналар, маданият саройлари, тиббий саломатлик мажмуалари, болаларнинг ёзги дам олиш сиҳатгоҳлари, спорт майдончалари, йирик теннис корт­лари қурилаётгани сўзимизнинг исботидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида қабул қилинган қатор қонун ва дастурларда асосий қонунимизда белгиланган ҳуқуқий норма янада кенгроқ талқин этилди. Жумладан, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, “Кадрлар тайёрлаш”, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури ҳамда “Соғлом авлод” Давлат дастурларида тарбияни юксак даражага етказиш йўл-йўриқлари аниқ ифодалаб берилди. Республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган давлат дастури ишлаб чиқилди.

Яна ўқинг:  QAYROQI FIKRLAR

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Олий Мажлиснинг қонун ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларидан келиб чиқиб “Кадрлар тайёрлаш”, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурлари яратилди. Дастурлар бу келажакда қилинадиган ишларни аниқ белгилаб олишдир. Мустақил Ўзбекистон тараққиёти даврида дастурлар кўп қабул қилинган, бироқ, умуммиллий дастурлар саноқлигина. Ушбу дастурлар, асосан, таълим соҳасига йўналтирилган. Бош қомусимиздан келиб чиқиб қабул қилинган мамлакатимиздаги таълим ислоҳотларини ўзида ифода этадиган ушбу дастурларнинг аҳамияти беқиёс. Чунки улар мамлакатимизнинг келажаги бўлган болаларимизнинг таълим тарбиясига бағишланган.

Мустақиллик йилларида уч бос­қичли таълим тизими яратилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялашдир. Илм-фан билан шуғулланаётган ёшлар ва олий ўқув юртида намунали таҳсил олаётган талабаларни рағбатлантириш учун турли грант лойиҳалари ва степендиялар жорий этилгани ҳам давлатимизнинг ул­ғайиб келаётган авлодга ғамхўрлиги ифодасидир.

Мактаблар ўқувчилари орасида “Умид ниҳоллари”, Коллеж ва академик лицей ўқувчилари орасида – “Баркамол авлод”, олий ўқув юрт­и талабалари орасида “Универсиада” спорт мусобақаларини ўтказиш анъанага айланди. Буларнинг бари фарзандларимизнинг замонавий билим ва тарбия олишига замин ҳозирламоқда.

Ёш авлоднинг юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун ҳуқуқий маданиятни шакллантириш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 29 августдаги қарори билан тасдиқланган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури” қабул қилинди. Ушбу Дастур асосида халқ таълими вазирлиги ўз таълим– тарбия дастурини яратди. Унга кўра қатор тадбирлар белгиланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини дарслик сифатида ўқитиш бошланғич таълим муассасалари, мактаб ва коллеж-лицейларда йўлга қўйилди. Ҳуқуқий таълимни ва ҳуқуқий тарбияни ташкил этиш, бу ишни тегишли тарзда мувофиқлаштириб боришни таъминлаш юзасидан қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Мамлакатимизда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълимнинг узлуксизлигини, ҳар бир кишига амалий фаолиятда зарур бўладиган ҳуқуқий билимларини белгиланган давлат стандартлари даражасида беришни таъминлаш, ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбиянинг усуллари ва воситаларини такомиллаштириш борасида мунтазам равишда аниқ ишлар амалга оширилди. Энг муҳими, мустақил давлатимизда ҳуқуқий таълим стандартининг олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ҳуқуқий таълим модели яратилди.

Яна ўқинг:  Аскар мактуби

Дарҳақиқат, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсат натижаси ўлароқ, Ўзбекистоннинг ҳақиқий ўтмиши ва бугуни, бетакрор маданияти, айниқса, унинг истеъдодли фарзандлари дунё кўз ўнгида намоён бўлган бўлса, Бош қомусимиз ана шу қобилият ва иқтидорни рўёбга чиқаришни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлади.

Суҳбатни Ж. Саъдуллаев ёзиб олди.

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: