Сунъий уруғлантириш бўйича чиқарилган фатво юридик аҳамиятга эга эмасми?

Аёл ўз бахтини фарзандлари камолида кўради. У илк бор ҳомиладор бўлганида ўзини дунёдаги энг бахтли инсон санайди.

Бироқ, ҳаёт бир текис эмас. Афсуски, барча аёллар ҳам фарзанд кўришдек бахтга етииша олмайди.

Буни қарангки, замоннинг зайли билан бу каби аёллар қалбида ҳам умид учқунлари уйғонди. Тиббиёт кашфиёти ҳисобланмиш ЭКУ (сунъий уруғлантириш) ёрдами билан бепушт жуфтликлар ҳам эндиликда оналик, оталик бахтига эришмоқда. Бугун бепуштликдан азият чекаётган кўплаб инсонлар ушбу усул ёрдамида фарзанд кўрмоқда. Бироқ, сунъий уруғланиш ҳаммага ҳам тўғри келавермайди. Унинг муваффақиятли амалга ошиши учун эса ота-онадан саломатлигига оид айрим жиҳатлар талаб қилинади. Шу билан бирга, ЭКУ усули халқ орасида оммалашгани сари бу билан боғлиқ нохуш ҳолатлар ҳам тез-тез учрамоқда. Хусусан, муқаддас динимизда тақиқланган айрим жиҳатлар ЭКУ усулида қўлланилаётгани, юртдошларимиз орасида турли норозиликларга сабаб бўлаётир.

Яқинда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси фатво бўлими ходимлари мазкур масалани атрофлича ўрганиб чиққандан сўнг “Сунъий уруғлантириш ҳақида”ги фатвони эълон қилди. Ушбу фатвога мувофиқ, сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий никоҳи бўлган эр-хотинлар ўртасидагина амалга ошириш ҳамда шаърий никоҳлари бўлган эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун эҳтиёт чораларини кўриш ва албатта, уни ишончли шифокор амалга ошириши шарт эканлиги белгиланди. Шунингдек, ўрталарида никоҳ бўлмаган эркак ва аёл ўртасида сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказиш шаръан мумкин эмаслиги таъкидланди. Қолаверса, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси дин-у диёнатли, насл-у насабининг пок бўлишини муҳим деб билан мўмин-мусулмонларни сунъий уруғлантиришнинг ман қилинган усулидан фойдаланмасликка чақиради.

Афсуски, орамизда фарзанд кўриш ёки бошқа манфаат йўлида ЭКУ усулидан эр-хотин бўлмаган инсонлар ҳам фойдаланмоқда. Энг ачинарлиси, ушбу амалиётни айрим хусусий клиникалар моддий манфаат юзасидан амалга ошираётгани бугун кўпчиликка сир эмас.

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг фатвоси халқимиз учун катта аҳмиятга эга, – дейди “YANGI INSON” клиникаси уролог-андролог шифокори Жамшид Рихсибоев. – Бироқ, бунга амал қилиш ҳар кимнинг ўз шахсий қарорига боғлиқ. Назаримда ушбу фатво юридик аҳамиятга эга бўлмаганлиги сабабли одамлар учун фақат маслаҳат тарзидагина қимматли бўлиб қолмоқда. Бизда кейинчалик маълум эътирозлар бўлмаслиги учун донордан тилхат олинади. Чунки ЭКУ усули кўпчилик оилаларга чинакам бахт олиб келади.

Мутахассиснинг фикрига таянадиган бўлсак, сунъий уруғлантиришга оид ушбу фатво ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасдек. Агар инсонлар унга риоя қилиши ихтиёрий бўлса, у ҳолда бу фатвони чиқаришдан нима наф эди?!

Шу ўринда кишида айрим мулоҳазалар пайдо бўлиши, табиий. Яъни, донорликдан динимизга зид равишда фойдаланиш давом этаркан, у ҳолда эртанги кун авлодининг гени қандай бўлади? Донорнинг сир сақланишини инобатга оладиган бўлсак, жамиятимизда бир уруғдан тарқаганлар кўпайиб кетмайдими? Назаримда ушбу фатвонинг чиқарилишида ҳам айнан ана шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсад қилинган эди. Агар ушбу фатво юридик аҳамиятга эга бўлмаса, унда буни қонуний асосда мустаҳкамлаб қўйиш зарур. Ана шундагина турли кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинган бўлади.

Яна ўқинг:  Тиббий танлов комиссияси: унинг ногиронлар, пенсионерлар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш тартиби қандай?

 

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: