СУКУТНИНГ ХОСИЯТИ

Қалби муҳаббатга тўлиб, бир-бирисиз ҳаётни тасаввур этолмаган икки ёш турмуш қуришди. Ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугидан бехабар севишганлар муҳаббатдан масрур эдилар. Турмушнинг “мушт”лари бўй кўрсата бошлаган ҳам эдики, улар дунёга сиғмай кетишди. Оилада чиқа бошлаган низолар, келишмовчиликлар иккаласининг ҳам “сабр косаси”ни тўлдирди.

Ҳа, Фарида билан Низомжонларнинг оила қурганига ҳали икки йил ҳам бўлмади. Кун ора бўладиган жанжаллардан тўйган эр бир куни у билан ажрашмоқчи эканини айтиб қолди. Кутилмаганда бу гапдан Фарида гангиб қолди. Нега, нима учун? Ахир улар севишиб турмуш қуришганди. Хаёлан ажрашишга сабаб излай бошлади. Уйига қайтиб борадиган бўлса, келинликка шай бўлиб турган икки нафар синглисининг бахтини тўсиб қўйишдан чўчиди. Эрини бу мақсадидан қайтариш имконларини излай бошлади. Не қиларини билмай боши гангиб, эрини ўзига иситиб олиш мақсадида домлага борди. Бўлган воқеаларни у кишига сўзлаб берди.

Домла сув тўлдирилган идишга дам солиб уни Фаридага узатди. Унга – “Эринг ишдан қайтгандан сўнг унга салом бергач, идишдаги сувни ичиб ол. Ютиб юборма, узоқ ушлаб тур ва билиб-билиб ишингни қил” – дея тайинлади.

Фарида “нажоткор” домла айтганидай ҳар гал турмуш ўртоғи ишдан қайтганидан сўнг унга салом бериб оғзига сувни тўлдириб оларди. Эрининг, дакки бериб айтган – “Чойни аччиқ дамлабсан”, – “Кўйлагимни яхши дазмолламабсан”, – “Овқатингнинг тузи паст” деган сўзларига “лом-мим” демай жўрттага у айтган юмушларни бажараверди. Хотинининг “оғзига талқон солиб олгандай” индамаётганини кўриб ажабланган эр: – Шундай мўмина аёл билан ажрашадиган ахмоқ йўқ, дея унга меҳри товланиб, у билан ажрашиш фикридан қайтди.

Оиласи мустаҳкамланган Фарида домланинг уйига бориб миннатдорчилик билдирди. Шунда у киши – “Идишнинг ичида оддий сув бор эди. Оиланг бузилиб кетишига тилингни тия билмаганинг сабаб бўлган” – деб сўзини ниҳоялади. Бу гапларни эшитган Фарида ўзига керакли хулосани чиқариб олиб эри жаҳл устида унга овозини баландлатганда ҳамон сукут сақлар экан. Эри ҳам хотини каби мўмин тортиб, арзимаган сабаблардан жанжал чиқаришни бас қилибди. Қиссадан ҳисса шуки, эр-хотин бир-бирини тушуниб, кези келганда тилига эрк бермасдан, сабр билан ҳаёт кечиришса уларнинг орасида уруш-жанжалга ўрин қолмай бир-бири билан аҳил ва тинч-тотув ҳаёт кечирадилар.

Яна ўқинг:  МЎЪЖИЗА ЯРАТАЁТГАН ҚЎЛЛАР

Туронбека ЖАББОРЛИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: