СПОРТСЕВАР БУВИЖОНЛАР

Сир эмаски, спорт саломатликнинг асосидир. Инсон доимий ҳаракатда бўлиб, мунтазам спорт билан шуғулланса тетик ва соғлом бўлади. Зеро, спорт ёрдамида инсон мушаклари чиниқиб, қон айланиш тизими фаоллашади. Бу саломатлик учун кони фойда. Аммо баъзида аҳолининг, айниқса, эллик ёшдан ошган аёлларимизнинг кам ҳаракатлилиги, ўз соғлиғига бўлган эътиборсизлиги боис турли хасталикка чалинаётганлиги ҳам шифокорларимиз томонидан қайд этилмоқда. Буни қарангки, бир қатор фаол аёлларимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган «Соғлом назар» гуруҳи ҳам аёлларимиз орасида спортни тарғиб этиш баробарида улардаги мавжуд хасталикдан халос этишга кўмаклашмоқда.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Олмазор, Учтепа, Миробод, Яккасарой, Сергели, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод туманларидаги 26 та маҳалладан турли миллат вакилларидан иборат 135 нафар хотин-қизлар бир ерга жам бўлишди. Уларга бош-қош бўлиб, спорт билан шуғулланишларига кўмаклашаётган гуруҳ ташкилотчиси ва бош мураббийси «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси» Махфират Қурбонова ҳисобланади. Мазкур гуруҳ аёлларимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Ҳозирги кунда гуруҳнинг Тошкент, Зарафшон, Фарғона шаҳарлари, Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида ҳам филиаллари фаолият кўрсатиб, 200 нафардан зиёд аёллар жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқдалар.

– Махфират Қурбонова томонидан ўтказилаётган машқлар турли ёшдаги, ҳар хил жисмоний имкониятга ва қобилиятга эга кишиларга фойда келтираётганини эшитиб мен ҳам Алишер Навоий номидаги Миллий боғда ташкил этилган «Соғлом назар» гуруҳи аъзоларининг бажараётган машқларини бир неча кун кузатдим, – дейди «Камолон» маҳалласидан 75 ёшни қаршилаган Қундузхон ая. – Бажарилаётган машқлар менга маъқул бўлди. Мана гуруҳда иштирок этаётганимга икки ойдан ошди. Машқларни қийинчиликсиз, тўлиқ ва бемалол бажараяпман. Кун сайин ўзимни кечагидан яхшироқ ва кучлироқ сезаман.

Шуниси аҳамиятлики, спорт гуруҳида ўтказилаётган жисмоний машқлар мутлақо бепул ташкил этилган бўлиб, машғулотлар эрталабки 6-00дан бошланиб, бир соату 20 дақиқа давомида ўтказилади. Бу эса аёлларнинг кун давомида тетик ва бардам бўлишларига ёрдам берар экан. Машқлар ҳар бир иштирокчининг мавжуд ҳолатига қараб белгиланади. Гуруҳ қатнашчилари учун сўровнома ташкил этилган бўлиб, унда иштирокчилар ўзларини безовта қилаётган оғриқлар ҳақида баён этишган. Гуруҳ мураббийлари мазкур сўровномани ўрганиб чиқиб, уларнинг танасидаги маълум оғриқларнинг олдини олиш ҳамда бартараф қилиш мақсадида жисмоний машқлар мажмуини ишлаб чиқилган.

Яна ўқинг:  БАРҲАЁТ ИЛМИЙ МЕРОС

Шунга мувофиқ ҳар бир хотин-қизларнинг истак ва хоҳишига биноан жисмоний тарбия машқлари оҳиста, сокин ва тартиб билан кетма-кетликда олиб борилиб, ўтказиладиган жисмоний тарбия машқлари мажмуи «Жисмингиз тоза бўлсин», «Соғлом бўлишнинг ўнта сири», «ЙОГА тана ва руҳни даволашнинг осон усуллари», «Гимнастика», «Қаримаслик сирлари» қўлланмаларидан фойдаланган ҳолда тузилган бўлиб, умумий ривожлантирувчи машқлар биргаликда бажарилиб, машғулотлар оралиғида дам олиш дақиқаси, хотирани кучайтириш машқлари ўтказилади. Машғулотларда руҳ ва тан уйғунлиги ниҳоятда муҳим бўлиб, ҳар бир белгиланган машқларда шунга алоҳида урғу берилади. Организмдаги бундай янгиланиш жараёни кучга кирганида, эса қариш жараёни секинлашиб, ёшариш жараёни бошланади. Хасталиклар аста-секинлик билан жисмни тарк этиб боради.

– Умуртқа соҳамда пайдо бўлган чурра бўйича шифокорларга мурожаат этганимда уни операция қилиш зарурлигини айтишди, – дейди Хоразм вилоятидан Гавҳар Матназарова. – Соғломлаштирувчи машғулотларини бажаришни бошлаганимдан буён умуртқа соҳамдаги оғриқлар қолди. Сўнгги текширувдан ўтганимда менга операциянинг кераги ҳам йўқлиги маълум бўлди. Бу эса «Соғлом назар» гуруҳида олиб борилаётган машқлар ҳар бир иштирокчининг ёшига қараб тўғри йўналтирилганлигидан далолатдир.

Иштирокчиларнинг сўзларига кўра машқлар орасида «Ёшариш сирлари» соғломлаштириш дастурининг бешта зарурий машқлари ўзининг самаралилиги жиҳатидан алоҳида ажралиб туради. Машқлар организм иммунитетини кучайтиришда тез самара бериб, унинг учун кўп вақт талаб этилмаслиги, маблағ ва спорт жиҳозларидан фойданилмаслиги билан аҳамиятлидир. – Мазкур машқларни уй шароитида бажариш мумкин ва барча ёшдаги инсонларга мосдир, – дейди гуруҳ бош мураббийи Махфират Қурбонова.

Шуниси эътиборлики, «Соғлом назар» хотин-қизлар спорт-соғломлаштириш гуруҳида нафақат жисмоний тарбия билан шуғулланиш, балки ҳафта кунларининг ҳар бир куни алоҳида номланган. Оила, рўзғор борасидаги суҳбатлар ва тажриба алмашинувлар ташкил этилган бўлиб, «Саломатлик куни», «Гўзаллик куни», «Донишмандлик куни» каби кўплаб мавзулардаги суҳбат аёлларга тақсимлаб берилган ва ҳар бир аёл ўз тажрибаси билан ўртоқлашади.

«Янгиобод» маҳалласидан 62 ёшли Ноиба опа Шокирова, 52 ёшли Гулнора Султонмуродова, Яккасарой туманидаги 67 ёшли Гавҳар Муҳаммедова каби гуруҳ иштирокчиларининг сўзларидаги кўтаринкилик очиғи кишининг ҳаваси келтиради.

Айтишадики, дунёда энг катта янгилик кишининг кўнглидаги, ўй-тафаккуридаги янгиланишдир. Зеро, ободлик кўнгилдан бошланади. Эзгулик билан йўғрилган аёл кўнглидан турмушимиз обод, хонадонларимиз фақат ва фақат чароғон бўлиши тайин.

Яна ўқинг:  Фарзандини ҳимоячим, қўрғоним деб эркалар

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: