Реклама

Спорт танни тоблайди

Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида профессионал бокс кечаси бўлиб ўтди. Кечанинг марказий жанги ўзбекистонлик Шерзод Ҳусанов ва аргентиналик Карлос Херес ўртасида ўтказилди. IВF International камари учун кечган 12 раундли жангда спортчимиз очколар бўйича ғалаба қозонди ва камарни ўзиники қилиб олди.

Шу муносабат билан боксчилар оиласида таваллуд топган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устаси, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Шерзод Ҳусанов билан суҳбатлашдик:

Бокс мактабидаги илк қадамларингиз?

– Фарғонада таваллуд топганман ва у ердаги Абу Рай­ҳон Беруний номидаги 5-ўрта мактабда ўқиб юрган пайтимда Фарғонадаги бокс мактабида машғулотларни бошлаганман. Мана шунга ҳам йигирма икки йил бўлибди.

– Халқимиз устоз отангдай улуғ деб алқайди. Аввало, устозларингиз ҳақида суҳбатлашсак.

– Аввало, бокс мактабига етаклаб келган, бу соҳага меҳр қўйдира олган отам Олим Ҳусановни тилга олишим лозим. Бу менинг оилам олдидаги қарзим ва фарзим. Дарҳақиқат, Президентимиз айтганидек, соғлом оилада баркамол фарзандлар вояга етади. Бу борада оиланинг ўрни каттадир. Ушбу йилни Юртбошимиз Соғлом бола йили деб эълон қилишининг замирида ҳам оилада соғлом муҳитни шакллантириш ғояси мужассам. Энди устозларим ҳақида гапирсам, биринчи қадамларимга етакчилик қилган устозим Борис Баталовдир. Катта ҳаётга йўллаган иккинчи устозим Бахтиёр Мингбоев бўлади. Ҳозирги кунда профессионал рингдаги мураббийим Содир Тошматов. Мен бокс сирларини эгаллаб, шу даражага етишимда ҳар бирининг жонкуярлиги ва ғамхўрлиги, меҳнати бор.

– Боксдаги ютуқларингиз?

– Осиё ўйинлари финал босқичларида беш карра иштирок этдим. Икки карра жаҳон олимпиадасида муваффақиятли қатнашдим. 2000 йил Сиднейда, 2004 йил Афинада бўлиб ўтган қизғин жанглар менга маҳорат мактаби бўлди. Осиё беллашувлари ва Тинч океани бокс мусобақаларида ғалаба қозондим. 2007 йилдан, яъни етти йилдан буён профессионал боксда иштирок этиб келаман. Қитъалар аро мусобақаларда чемпионлик камари соҳиби бўлдим. Айни дамда WВО ва WВС камари соҳибиман.

Шу вақтгача 20 марта жанг ўтказган бўлсам, ҳисобимда 19 та ғалаба, 1 дуранг, 9та накаут бор.

Америка, Португалия, Россия давлатларида бўлиб ўтган бокс беллашувларида қатнашиб, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш бахтига муяссар бўлганман. Америкалик Жон Берно, россиялик Павлик Хрушно билан жанг олиб борганлигим ҳам ютуғимдир.

Яна ўқинг:  Ижтимоий ҳимоя – устувор вазифа

Боксчилар сулоласидан экансиз? Газетамиз ўқувчилари бу ҳақда қизиқиши табиий.

Оиламизни боксчилар оиласи деса, арзийди. Отам Олим Ҳусанов ҳам бокс бўйича спорт устаси. Оилада беш фарзандмиз, яъни уч ўғил ва икки қиз. Отам орзу қилганидек иккала укам ҳам бокс мактабининг ўқувчиси.

– Қайси спортчиларга ҳавас қиласиз?

– Ўзимизнинг чемпионимиз Муҳаммадқодир Абдуллаевга ҳавас қилганман. У билан кўп учрашганман ва маслаҳатлар олганман. Россиялик мутлоқ чемпион Константин Цзюнинг жанг услуби ҳам мени қойил қолдирган. Унга ҳавас қиламан. Уларнинг кураш усулларини синчковлик билан ўрганаман. Хуллас ҳар қандай боксчидан ниманидир ўрганса бўлади.

– Келажакдаги режаларингиз?

– Бокс мусобақаларини давом эттириб, ота-онамнинг ва улардек ғамхўрлик қилаётган давлатимизнинг ишончини оқлаш, жонажон юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишдир.

Суҳбатдош:

Жавлон Саъдуллаев

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: