Соҳибқироннинг саломатлик сабоқлари

…Буюк боболаримизнинг маънавий олами хусусида фикр юритганда соҳибқирон Амир Темур ҳақида алоҳида тўхталишимиз табиийдир. Чунки тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди.

Ислом КАРИМОВ

Маълумки, қадимдан ота-боболаримиз покизалик, озодаликка, эл соғлиғига юксак эътибор қаратганлар ва ўша даврларданоқ барвақт уйғониш, ҳовли-жойни озода тутиш, ариқ ҳамда дарё бўйларига чиқинди ташламаслик; ҳафтада бир марта ҳаммомга бориб туриш, дастурхон бошига қўлни ювиб, покиза ҳолда келиш, кийимларни озода тутиш ва бошқа соғлом турмуш тарзига оид ўнлаб тартиб-қоидалар мавжуд бўлганлигини яхши биламиз.

“Соғлиғингни ёшликдан сақла”, “Сувга тупурма, гуноҳи азим бўлади”, “Эл соғлиғи – юрт бойлиги” деган пурмаъно мақолларнинг борлиги ҳам бежиз эмас. Худди шундай Амир Темур ва Темурийлар даврида ҳам тиббиётга шунчалик катта аҳамият берилганки, ҳали бу тўғрида ўрганса арзийдиган манбалар етарлича топилади. Хусусан, “Темур тузуклари”да шундай дейилади: “… катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар, фақиру мискинларга лангархона солсинлар, касаллар учун шифохоналар қурсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласунлар”. Кўринадики, эл соғлиғи ҳам долзарб вазифалар қаторида тилга олиниб, бу ишлар давлат даражасида ҳал этилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Манбаларда, жумладан Шарафутдин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Фосиҳ Ҳавофийнинг “Мужмали Фасиҳий”, Хондамирнинг “Хулосат ал-ахбор” каби асарларда ўша давр тиббиёт ишлари ва шу соҳа билимдонлари ҳақида қимматли маълумотларни учратамиз.

Эътиборли жиҳати шуки, хусусан Амир Темур бобомизнинг ўзи ҳам елкасида шунчалик кўп давлат ташвишлари бўлишига қарамасдан, тилшунос олим Тожиддин Аҳмадийни ҳузурига чорлаб, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари”ни таржима қилдирганки, ана шу манбанинг ўзи ҳам буюк қалб соҳибининг ўз мамлакати фуқароси соғлиғи йўлида фидойиларча ғамхўрлик қилганига ёрқин ишорадир.

Биз биламизки, Мавлоно Файзуллоҳ Табризий Соҳибқирон Амир Темурнинг шахсий табиби бўлиб, у ҳукмдор бобомизнинг умри охиригача садоқат билан хизмат қилди. Ундан ташқари манбаларда яна қатор машҳур табибларни, хусусан, Мавлоно Жалолиддин, Мавлоно Сулаймон, Мавлоно Иззаддин Масъуд Шерозий, Мавлоно Фаррухларнинг номларини ҳам учратамиз.

Яна ўқинг:  ВАҚТ ВА ФУРСАТ ҚАДРИ

Ва бу ўринда энг муҳими шуки, Амир Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги даврида тиббиётнинг илмий асосга эга эканлигини кўрамиз. Яна бир муҳим жиҳати, мадрасаларда Гиппократ, Абу Ал ибн Сино, ар-Розий сингари тиб илми намояндаларининг асарлари, даволаш усуллари чуқур ўргатилган. Шунингдек, машҳур табиблар Нажибуддин Самарқандийнинг “Касалликларнинг сабаблари ва аломатлари”, Али ибн ан-Нафис ал-Қаршийнинг “Ал-Муъжаз”, Ғиёсиддин Муҳаммад Жалолиддиннинг “Муолажоти илоҳий” асарлари ноёб қўлланмалардан эди. Ана шундай ноёб қўлланмалар асосида етарлича илм олган талабалар яна ўн икки йил ва ундан кўпроқ даврда йирик табиб устозлар қўлида тарбия топиб, махсус ҳужжатларни қўлга киритган тақдирдагина даволаш ҳуқуқига эга бўлган. Сохта табибчилик эса гуноҳи азим ҳисобланган ва жамиятда бу тамойилга қаттиқ амал қилинганлиги биз учун ҳам диққатга сазовордир.

Амир Темур ўз фарзандларининг, келажак авлодининг соғлиғи, баркамоллиги, салоҳияти ҳақида ҳам етарлича қайғурган. Унинг келин танлаш бобида етти пуштни суриштириб, наслнинг тозалиги ва салоҳиятига эътибор қаратганлиги ҳам бежиз эмас. Айниқса, наслнинг тозалиги, саломатлигига эришиш учун шаробхўрлик қатъий чеклаб қўйилгани ҳам бор ҳақиқатдир.

“Тузуклар”да ўқиймиз: “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимга бирон томчи шароб ичиб, аҳли аёлларига муомала қилишни маън этдим, зеро, шаробнинг таъсирида дунёга келадиган фарзанд насл-насабининг бузилишига таъсир этгай, дебон шу покиза йўлни тутдим”. Чунончи, мусулмон дунёсининг гуллаб-яшнаган марказларидан бири бўлмиш Бағдодда ичкиликбозлик ва маишатпарастлик авж олганлиги ҳақида хабар топган Амир Темур шаҳарда мавжуд бўлган барча маст-аласт қилувчи ичимликларни Дажла дарёсига тўкиб юборишни, бузуқиликлар содир бўлаётган жойларни зудлик билан ёпиш ҳақида фармон беради. Ваҳоланки, Бағдоднинг “Сукус султон”идан, Табриз, Кермон ва Султониянинг узун кўчасидаги майхоналардан ҳар куни неча минг туман маблағ дарёдай оқиб келиб турарди. Билъакс, Амир Темур ҳатто инсоният соғлиғи учун молу дунёни ҳам арзимас нарса, деб билган.

Падари бузруквори Муҳаммад Тарағай Темурбекнинг чинакам баҳодир сифатида улғайишини ўйлаб, тарбия олишига ҳар томонлама эътибор қаратган эди. Шу тариқа у ёшликдан турли машқларни бажариб, чиниқиб ўсди. Манбаларда кўрамизки, у совун суртилган ходага чиқиш, отдан отга, томдан томга сакраш, ариқ-зовурлардан ирғиш, деворлардан ошиш, сувда сузиш, камон отиш машқлари ҳамда аскар-аскар ўйинларида иштирок этган, айниқса, унинг етарли билим олишига, нутқининг равонлигига, дунёвий ва диний илмларни чуқур ўрганишига етарлича эътибор қаратилган. Масалан, биргина отда қандай машқ қилгани ҳақида икки оғиз тўхтаб ўтайлик. Эгарга эпчиллик билан чиқиб олиб, ўнг томондан айланган ҳолда чап томонга ўтиш, яъни “отда айланма машқ”ни бажариш, чопиб кетаётган отга сакраб миниш – (“Сакрама” машқ дейишган), қуюндай учиб кетаётган отнинг ортидан етиб олиб, устига миниб олиш (“Учирма”); от билан ёнма-ён бориб, эгар қошига осилиб миниш, яъни “Ушлама миниш” машқини ҳам маҳорат билан бажарган. Бундай машаққатли ва оғир машқларни фақат қалбида ўти бор, довюрак йигитгина амалга ошира олганини ҳисобга олсак, унинг ёшликдан ўзини юрт иши учун тайёрлаганини ҳам билиб оламиз.

Яна ўқинг:  Доимо ҳушёр, доимо огоҳ

Фақат бугина эмас, Амир Темур ҳукмдорлик тожини кийгач, ўтмишнинг энг яхши анъаналари қатори тиббий қонун-қоидаларни ҳам мамлакатда, ҳатто ўз саройида ҳам қатъий амал қилишини йўлга қўйди ва бу ҳолатларни унинг оила муҳити, меҳмон кутишлари, чет эллик элчиларни қабул маросимларида мунтазам қўлланганини кўрамиз. Чунончи, Кастилия қиролининг марҳаматли элчиси Руи Гонсалес де Клавихо хизматкорлар ҳақида ёза туриб, уларнинг “олдиларига пешбанд тутиб, қўлларига чарм қўлқоп кийиб олган” ҳолда ўта назокат ва одоб билан, озодагарчилик қонун-қоидаларига қатъий риоя этган ҳолатда хизмат қилаётганликларини завқ билан ҳикоя қилган.

Аҳоли соғлиғи йўлида нафақат Амир Темур ёки Темурий шаҳзодалар, балки уларнинг аҳли аёллари ҳам талай ишларни амалга оширганлари таҳсинга сазовордир. Масалан, Мулкат она томонидан қурдирилган “Дор уш-шифо” касалхонаси Ҳиротда машҳур эди. Тарихчи олим Хондамир маълумотларига кўра, “Шифоия” шифохонасида мавлоно Ғиёсиддин Муҳаммад ибн Мавлоно Жалолиддиннинг тиб илмидан ёшларга сабоқ берганини билиб оламиз. Дарвиш Али табиб ҳам шу тиббиёт масканида фаолият юритиб, мударрислик қилди. Алишер Навоий унинг илми ва маҳоратига юксак баҳо берган эди.

Манбаларда Шоҳрух Мирзо саройида хизмат қилган табибларнинг номлари ҳам қайд этилган бўлиб, улардан бири Шамсиддин Одам, иккинчиси Низомиддин Шерозийдир. 1427 йилда ҳукмдорнинг ўғли Бойсунғур Мирзо бетоб бўлганида, айнан шу икки табибнинг уни даволаганлиги ҳақида маълумотлар бериб ўтилган.

Кейинги даврларда Мавлоно Низомиддин Абдулҳай исмли машҳур табибнинг ишлари хусусидаги маълумотларга кўзимиз тушади ва унинг кўпроқ қон томирлари билан боғлиқ касалликларни даволаганини, Хўжа Аҳрор валий бетоб бўлиб қолганда, у зотни соғайтириб, тўшакдан турғазиб юборганини билиб оламиз.

Маълумотларни ўқиган сайин Амир Темур ва Темурийлар даврида инсон соғлиғи борасида энг кичик нуқталар кўздан қочирилмаганини англаймиз. Масалан, Султон Али Машҳадийнинг маълумотларига кўра, кўзни асраш учун ўша даврда Самарқандда ишлаб чиқарилган оппоқ қоғозларга нўхат суви қўшилиб, сариқроқ рангда истемолчиларга етказиларди.

Амир Темурнинг инсон камолоти учун ҳалоллик ва соғлом наслни асос қилиб олган, дейишга ҳақлимиз.

Саодат ҲАЙИТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: