Соҳибқироннинг бунёдкорлик ва ободлик сабоқлари

Ҳар бир миллат, ҳар бир халқнинг тарихида чуқур из қолдирган, мозий қатларини бамисли машъаладек ёритиб турадиган шахслар бўлади. Улар хоҳ давлат арбоби ё шоиру адиб, хоҳ саркарда ё аллома бўлсин, одамлар қалбида мангу яшайди, доимо эъзоз, эҳтиром билан тилга олинади.

Энг муҳими, ўзбек халқи бошқа миллатлар ичида шундай фарзандларининг кўплиги билан ҳақли равишда фахрланиб, ғурурланиб келган.

Буюк бобомиз Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарини ҳар гал варақлаганимда хаёлимдан шу каби ўйлар ўтади. Асарни улуғ саркарда ва амирнинг ўз авлодлари – меросхўрларига қилган ўгит-насиҳатлари, салтанатни бошқаришда ўз тажрибасига таяниб айтган хулосаларидан иборат қўлланма, дейиш мумкин. Ўз миллатининг ҳақиқий жонкуяри, йўлбошчиси сифатида Соҳибқирон энг аввал салтанатининг мустаҳкамлиги, сарҳадларининг тинчлигини таъминлаш учун ҳаракат қилади, бор куч-ғайратини шу ишга сарфлайди. Улкан салтанат барпо этиб, уни одилона йўриқ асосида бошқарар экан, халқ, яъни раият ҳолидан мудом огоҳ бўлади. Ўз атрофида жипслашган амирзодалар ва бек-аъёнларни ҳам шунга даъват этади. Адолат унинг энг бирламчи тузуги эди. “Куч – адолатдадир” каломи бобомизнинг бир умрлик шиори бўлган. Бу калима “Темур тузуклари”да ҳам таъкидланади ва Соҳибқирон ўз авлодларига ҳар ишда адолатга таяниб иш кўриш лозимлигини уқтиради. Ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда “Тузуклар”да шундай ёзади: “Очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим”.

Умуман, мазкур асарни синчиклаб ўқиган киши бобомизнинг оқилона ички ва ташқи сиёсатдан ташқари яна икки тамойил – адолат ва бунёдкорликка таяниб иш кўргани маълум бўлади. Булар Темурнинг ҳар бир ишида, ҳар бир тадбирида кўзга ташланади. Адолат мезони билан иш кўриш, унинг кўплаб музаффарият ва ютуқларига, салтанат узра мустаҳкам туришига замин яратган эди. Шу боис, Темур бу тамойилни маҳкам ушлаган ва авлодларига ҳам шуни уқтирган эди. “Султон ҳар нарсада адолатпеша бўлсин, қошида инсофли, адолатли вазирлар сақласин, токи подшоҳ зулм қилгудек бўлса, одил вазир унинг чорасини топсин. Агарда вазир золим бўлса, кўп вақт ўтмай салтанат уйи қулайди”, дейди у. Умр бўйи шу қоидага амал қилган Соҳибқироннинг мамлакатни идора қилиш услубини ўзга юрт тождорлари ҳам камоли диққат билан ўрганганлари бежиз эмас. Зеро, тарихдан маълумки, ўша даврнинг кўзга кўринган қудратли подшолари бизнинг бобомиз билан ҳисоблашганлар, у билан ўзаро яхши муносабатда бўлишга интилганлар.

 “Қудратимизга шак-шубҳангиз бўлса, биз қурдирган биноларга боқинг”.

 Бу машҳур ибора Темур илгари сурган бунёдкорлик ғояларидан куч олгани сир эмас. Маълумки, Соҳибқирон даврида Мовароуннаҳрнинг шаҳару қишлоқлари обод манзиллар бўлгани, савдо карвонлари қатнайдиган йўллар атрофида минглаб работу карвонсаройлар бунёд этилгани нафақат тарихчилар солномаларида, балки чет эллик сайёҳ ва дипломатлар эсдаликларида ҳам қайд этилгани барчамизга яхши маълум. Юртини обод, халқини фаровон кўришга интилишдек эзгу шиорни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Амир Темур ўз фармони билан кўплаб масжиду хонақоҳлар, мадрасаю саройлар қурдириши баробарида бошқаларни ҳам шу каби бунёдкорлик ишларига даъват этади, рағбатлантиради:

Яна ўқинг:  Sog‘liq, boylik, shodlik...

“Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлса-ю, лекин обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин”.

Темурнинг амри фармонида доимо бунёдкорлик амалига катта аҳамият қаратилган. Зеро, обод юрт тараққий топади, бундай юртда файз-барака бўлади. Шунинг учун буюк Соҳибқирон “Хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига янги кўприклар қурсинлар, йўл устида ҳар манзилгоҳга работлар қурсинлар. Йўлларга кузатувчи ва соқчилар қўйсинлар, ҳар бир работга бир нечта одамни жойлаштирсинларки, йўлларни кузатиш ва сақлаш ишлари шуларга тегишли бўлсин. Йўловчилар молларини ғафлат босиб, ўғирлатиб қўймасликларининг вазифаси ҳам ўшаларнинг зиммасида бўлсин”, деб уқтиради.

“Тарих бир мактаб бўлса, буюклар шу мактабнинг устозларидир”, деган эди мутафаккирлардан бири. Бу буюкларнинг ўгитлари битилган саҳифалар эса сизу биз учун муқаддас сабоқ манбаидир. “Темур тузуклари” жуда катта тарбиявий аҳамиятга молик асар. Уни барчамиз меҳр-муҳаббат билан ўқисак ва уқсак, қалбларимизда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуси юксала боради.

 

Зилола НЕЪМАТУЛЛАЕВА,

Тошкент Ислом университети

2-курс талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: