Соғлом ўсгин, болажон

“Болали уй бозор”, дейди доно халқимиз. Дунёда энг улуғ неъмат фарзанддир. Инсон мустақил ҳаётга қадам қўяр экан, фарзанд кўриш, уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш орзусида яшайди. Ҳаётнинг асл маъноси ҳам шунда. Болалар эртанги кунимизнинг давомчилари, келажак эгаларидир.

Бироқ, баъзан тақдирнинг кутилмаган ташвишлари одамни саросимага солиб қўяди. Айниқса, рўй бераётган кўнгилсизлик болангиз билан содир бўлса икки карра азобланаркансиз. Қизим Шодия Жумамуротова соғлом дунёга келди. Аммо кутилмаганда унинг аҳволи оғирлашди, юролмай қолди. Секин-аста бу асаб тизимига таъсир қилиб, у тилдан ҳам қолди. Унинг соғлигини тиклаш, тенгқурлари қаторида кўриш ниятида даво истаб мурожаат қилмаган жойим қолмади.

Хоразм вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази асаб касалликлари шифокори Ойтўти Рўзметова қизимни Тошкент шаҳридаги “Республика болалар мослашув маркази” нодавлат нотижорат ташкилотига олиб боришимни тавсия этди. Шифокорнинг маслаҳати билан 2014 йилда Тошкентга, марказга йўл олдим.

Мазкур даргоҳга қадам қўяр экансиз, у ердаги шарт-шароит ва антиқа ҳолатдан ҳайрон қоласиз. Кўпчилик болалар оқ халат кийган кишини шифокор дея қўрқади. Бу ерда эса беморларни мультфильм қаҳрамонлари акси туширилган кийимларда кутиб олишаркан. Ҳатто, йўлакларда, деворларда ҳам рангоранг тасвирлар, расмларни кўриб болажонларнинг кайфияти чоғ бўлиб, сакраб-сакраб ўйинга ошиқадилар. Малакали шифокор-мутахассислар қизимни кўрикдан ўтказиб, даволаш ишларини бошлаб юборди.

Ушбу марказда Ҳилола Холиқова, Саодат Ҳошимова, Назокат Отажонова, Леонтий Скрибчик сингари олий тоифали шифокорлар қисқа вақт ичида қизимнинг хасталигига малҳам топди. Қизим гапира бошлади.

Октябрь ойида иккинчи даволаш курсини давом эттирдик. Ҳозир қизалоғим равон гапириш билан бирга юришни ҳам машқ қиляпти…

Шу фурсатдан фойдаланиб мен пойтахтимиздаги “Республика болалар мослашув маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассисларига ва мазкур марказни ташкил қилган мутасадди ташкилотларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ўғилжон РАҲИМОВА,

Хоразм вилояти

Яна ўқинг:  Кавказ тоғларида: Ўзбекистон

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: