Соғлом бола – оила ва юрт қувончи

Бола кулгуси янграган ҳар бир ошиён жаннатмакон гўшадир. Ахир ҳаётимиз мазмуни зурриёдларимизнинг соғ-саломат камолга етиши ҳар биримиз учун бебаҳо бойликдир.

Баъзан бехос иситмалаб қолган ўғлимиз ёки қизимизнинг дардига шифо улашган қўли енгил шифокорларга ич-ичимиздан тасаннолар айтамиз. Бу борада Самарқанд шаҳар Болалар шифохонасида ҳам бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айни вақтда 220 нафарга яқин тиббиёт ходимлари меҳнат қилаётган ушбу муассасада чақалоқлар бўлими, неврология ва кардиология, пульмонология, интенсив даволаш, физиотерапия, лаборатория каби бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.

– Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Бу борада бўлажак оналарга тегишлича маслаҳат берамиз. Она ҳомиладор бўлмасдан аввал тиббий кўрикдан ўтиши зарур. Бу борада оилада отанинг масъулияти ҳам кам эмас. Чунки, ҳар иккаласи туғулажак бола учун жиддий қайғурсагина ижобий натижаларга эришиш мумкин. Шунингдек, оилада тиббий саводхонликни шакллантириш ҳам албатта ижобий натижа беради.

173 ўринга мўлжалланган шифохонамизда беморлар учун барча қулайликлар яратилган. Мавжуд ЭКГ, УТТ, энцефолаграмма, сунъий­ нафас олиш тиббий ускунаси, рентген аппарати беморлар учун ҳар томонлама қулайлик яратмоқда. Чунки, даволаш муолажаларини тўғри ташхисида албатта замонавий тиббий ускуналар ўзига хос ўрин тутади. Шунингдек, беморлар ортиқча югур-югурлардан холи бўлгани ҳолда шифохонанинг ўзида ушбу аппаратларда текширилади. Бу ерда нафақат Самарқанд вилоятидан балки Навоий, Бухоро ҳамда Жиззах вилоятларидан келган беморлар ҳам даволанишмоқда, – дейди муассаса бош шифокори Тозагул Холиқова биз билан суҳбатда.

Тозагул опа айтганидек шифохонада иш фаолиятини бошлаган ҳар бир ёш мутахассис малакали шифокорларга бириктирилган. Уларнинг тўплаган бой тажрибаси ёшлар учун қўл келмоқда. Мавжуд даволаш хоналаридаги шарт-шароитлар рисоладагидек. Шифохонада меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш борасида мунтазам равишда тарғибот ишларини амалга ошириб келмоқда. “Гўдак ҳаётида она сутининг аҳамияти”, “Соғлом она – соғлом бола”, “Юқумли касалликлар ва уларнинг олдини олиш”, “Соғлом турмуш тарзига амал қилинг” каби мавзулардаги давра суҳбатлари шулар жумласидандир.

– Ўғлим Самариддинни ушбу шифохонага олиб келганимизда аҳволи оғир эди. Бизни ширин сўз билан кутиб олган шифокорларнинг ўз вақтида қўйган тўғри ташхиси боис боламиз тезда соғайиб оёққа турди. Бу ердаги мавжуд шароитлардан мамнунмиз, – дейди навоийлик Шаҳноза Ҳидоятова.

Яна ўқинг:  Халқ омон, қўрғон бут, фарзанд саломат

Дарҳақиқат, Самарқанд шаҳар болалар шифохонасида даволанаётган беморларнинг қай бири билан суҳбатлашманг шифохонадаги мавжуд шарт-шароитлардан мамнунлигининг гувоҳи бўласиз.

Ҳа, фарзанд – оила гултожи. Унинг соғ-саломат улғайиб камолга етиши эса ота-онанинг чексиз бахтидир. Ана шу саломатлик йўлида астойдил тер тўкаётган Самарқанд шаҳар болалар шифохонасининг қўли енгил шифокорларига эртамизнинг муносиб ворислари бўлмиш болалар саломатлиги йўлида асло ҳорманг, деймиз.

Ахтам БЕРДАНОВ,

Самарқанд вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: