Реклама

Соатига 1000 та, дақиқасига 17 та ёнғин

Маълумки, тилсиз ёв бўлган оловдан эҳтиёткорлик билан фойдаланмаслик оқибатида турли кўнгилсизликлар, нохуш ҳолатлар, кўплаб моддий йўқотишлар келиб чиқади.

Қиш мавсуми яқинлашгани сайин айниқса, республикамизнинг чекка-чекка ҳудудларида ёнғинлар сони кескин ортади. Қишлоқлардаги турар жойлар ва иншоотлардаги бу каби кўнгилсизликлар асосан иситиш печларининг носозлиги, улардан оқилона фойдаланмаслик, тандирларнинг нотўғри ўрнатилиши, газ асбобларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслик оқибатида содир бўлмоқда. Қолаверса, олис ҳудудлардаги уйларнинг табиий газ ёрдамида ишлатиладиган печлар билан иситилиши, ушбу қурилмаларнинг мўриларини хавфсизлик қоидаларига риоя этмасдан қурилганлиги (кўпчилик ҳолатларда тасодифий шахслар томонидан қурилиши), қўлда ясалган печларнинг ўрнатилиши ёнғинлар келиб келиб чиқишининг асосий сабабларидир.

Шаҳарлардаги турар жойларда эса бу каби нохуш ҳолатларга асосан кундалик турмушда ишлатиладиган кимёвий воситалардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик, маиший техника воситаларининг носозлиги, уй полларининг лакланиши сабаб бўлади.

Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, инсонлар, айниқса, ёш болаларнинг ёнғинларда ҳалок бўлиш ҳодисалари йилнинг куз-қиш фаслларига тўғри келади. Афсуски, бундай ҳолатлар катталарнинг бефарқлиги ҳамда болаларнинг олов билан ўйнашлари оқибатида содир бўлмоқда. Яъни, айрим ҳолларда уйда ёлғиз қолдириб кетилган ёш болалар катталарга тақлид қилиб, гугурт ёки кўринарли жойда қолдирилган электр дазмол ва плиталарини ёқишади. Бу эса якунда оғир оқибатларга, энг аянчлиси, инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келмоқда.

 

Бутун дунё статистика маркази (“CTIF”) нинг маълумотларига кўра жаҳонда соатига ўртача 1000 та, бир дақиқада эса 17 та ёнғин содир бўлади. Ёнғинлар оқибатида бир соатда ўртача 10 нафар, ҳар 100 та ёнғинда эса 1 киши ҳалок бўлмоқда.

 

Республика ЁХББ берган маълумотларга кўра жорий йилнинг 15 июлига қадар юртимизда 5 минг 772 та ёнғинлар содир бўлиб, уларда кўрилган умумий зарар миқдори 48,5 миллиард сўмни, тан жароҳати олганлар эса 200 нафар кишини ташкил этди. Ачинарлиси, 74 нафар фуқаро эътиборсизлик туфайли оламдан кўз юмди.

Бугунги кунда ёнғинларнинг 70 фоизи аҳоли хонадонларида содир бўлмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, асосий ҳалокатлар ва тан жароҳатлари носоз ва қўлбола газ қурилмалари, яроқсиз электр мосламалари туфайли ва иситиш ускуналаридан хавфсизлик қоидаларига риоя этмасдан фойдаланиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, ҳушёрликни йўқотиш оқибатида келиб чиқмоқда.

Яна ўқинг:  Alplar ko‘ksidagi g‘ururdir Vatan

Аҳоли билан яқиндан ишлаш, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиш орқали ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мумкин. Шундай экан азиз юртдош­лар, доимо огоҳ бўлиб яшайлик!

 

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти ўқитувчиси,

катта лейтенант

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: