Синовларда қад ростлаган баҳодирлар

 Ҳадемай Қуролли Кучларимизнинг 26 йиллик шонли тўйини нишонлаймиз. Бу қутлуғ сана ўз армияси, демакки тинчлиги ва ҳурлигини асровчи пўлат қўрғонга эга халқимиз учун азиз ва қадрлидир.

Бугун миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш ўғлонларимиз учун шарафли бурчга айланган. Мустақилликка эришганимиздан буён неча минглаб йигитлар зиммаларидаги конституциявий бурчларини адо этиб, тинчлигимизни асрашга қодир Ватан посбони мақомига эга бўлишди. Турли соҳаларда жавлон уриб хизмат қилаётган бу йигитлар иродали, қатъиятли, синовларда ортга чекинмас инсонлар сафида мамлакатимиз ривожига муносиб улуш қўшиб келишмоқда. Бу ҳам бўлса, армия мактабининг ўзига хос сабоғидан далолат. Ушбу мақоламизда айни дамда аскарлик бурчини ўтаётган оловқалб ўғлонларимиз ҳақида сўз юритамиз.

Қайси бир сипоҳий ўзини кўрсатган бўлса, рағбатлантириб ҳақини адо этсинлар. Қайси бир сипоҳий хизматда юриб қарилик ёшига етаркан, уни ойлик-ҳақдан маҳрум этмасинлар ва мартабасидан туширмасинлар. Ҳеч бир сипоҳийнинг хизмати назардан четда қолмасин. Чунки улар давлат хизматида экан, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганининг ўзи ҳам инъомга ва моддий таъминотга лойиқлигини билдиради. Уни инъомидан маҳрум қилиб, хизматларини кўрсатмасалар, ноинсофлик қилган бўлурлар.

 “Темур тузуклари” асаридан

 

“Ҳарбий касб эгаси бўлиш юксак орзуйим”

 

Ҳар бир ўғил учун ҳарбий бўлиш улуғ орзулар сирасига киради. Негаки, улар билимдон, жисмонан бақувват, интеллектуал салоҳиятга эга бўладилар.

Аскарлик бурчини ўтаётган йигитлар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг аксарияти ҳарбий хизматни шартнома асосида давом эттиришни ёки олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш нияти борлигини фахр ила таъкидлашади. Улардан бири оддий аскар Муҳаммадин Муҳаммадиминовдир.

Иқтисод касб-ҳунар коллежини тугатган Муҳаммадин хизмат давомида олдига қатъий мақсад қўйди. Эркин курашда иккинчи даражали разрядга эга бўлган йигит билан суҳбат самимий кечди.

– Мен ўзимни омадли инсонлардан деб биламан. Чунки кўплаб йигитлар ичида ҳарбий хизматга саралаш синовларидан муваффақиятли ўтиб аскарлик либосини кийдим, – дейди у. – Хизмат давомида жанговар тайёргарлик кўникмаларини босқичма-босқич ўзлаштириб бордим. Бир сўз билан айтганда, синовларда тобланиб, мақсади теран сафдошларим қаторидан жой олдим. Ҳарбий касб эгаси бўлиш энг юксак орзуларимдан бири. Бунга ҳар томонлама лойиқ бўлишга астойдил ҳаракат қиляпман.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида истиқомат қилаётган Муҳаммадиннинг ота-онаси ҳам унинг эзгу мақсадини қўллаб-қувватлашди. Уларнинг дуолари ўғилларининг орзу рўёбига камарбаста экан, аскар ўғлоннинг нияти ижобат бўлишига шубҳа йўқ.

 

Яна ўқинг:  SERJILO O‘ZBEK MATOLARI DUNYO E’TIROFIDA

Ҳарбий қасамёддан куч олиб

 

Оддий аскар Исломжон Нурматов Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида вояга етган. Қўқон юртимиз тарихида муҳим ўрин тутган, элга таниқли олим, шоиру санъаткорлар вояга етган машҳур шаҳарлардан.

Шундай экан унинг бағрида улғайган авлодлар аждодларига муносиб бўлишга интиладилар.

Қўқон автотранспорт коллежини тугатган Исломжон болалик чоғлариданоқ спортнинг бокс турига қизиқди. Мунтазам шуғулланди. Бу унинг соғлом ва жисмонан бақувват улғайишига замин яратди. Муддатли ҳарбий хизмат синовларидан муваффақият ила ўтган йигит айни дамда подполковник Нодир Турғунбоев командирлик қилаётган ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтамоқда.

– Ҳарбий хизматнинг илк кунидан бошлаб менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилдим, – хизмат синовлари ва орзулари ҳақида сўз юритади оддий аскар Нурматов. – Хизматда дастлаб қийинчилик бўлиши табиий ҳол. Бу йигит киши учун зарур синовлар деб ўйлайман. Ҳарбий қасамёд онлари эса мен учун унутилмас дамлар бўлиб қолди. Чунки мана шу дақиқадан бошлаб мен келажагимни ҳарбий соҳага боғлашга қарор қилдим. Бунинг учун олдимда улкан мажбурият турганлигини, яъни хизмат кўникмаларини талаб даражасида эгаллаш, назарий билимларни пухта ўзлаштириш, амалий синовларда олдинги сафда бўлиш лозимлигини теран ҳис этиб турардим. Бугун командир устозларим – майор Бобур Бўронов, лейтенантлар Иззат Абдуваҳобов, Маҳмуд Валиев ёрдамида маълум қийинчиликларни енгиб ўтиб, хизматда ўрин топганимдан хурсандман. Олдимга улуғ мақсад қўйганман – Ватаним тинчлигини асрашга қодир ҳарбий хизматчи бўламан, албатта.

Мақсад дадил ҳаракат ва интилишлар орқали амалга ошади. Зеро, ғайратли ва билимдон инсонларга омад ёрдир. Оддий аскар Исломжон Нурматов ҳаётнинг бу ҳақиқатини ўз шиорига айлантириб, орзу рўёби томон аскарга хос шахдам қадам ташлашига ишонамиз.

 

Зулфия ЮНУСОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: