Сидқидилдан меҳнат қилган кам бўлмайди

дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Бахтиёр Абдиев

Интилган, эзгу ишларга салоҳиятини сарф қилган кишининг меҳнати бесамар кетмайди. Китоб туманидаги 1-ихтисослашган мактаб –интернати математика фани ўқитувчиси Бахтиёр Абдиевнинг фаолияти бунга ёрқин мисол. 24 йил давомида кўплаб ёшларда илм-фанга меҳр уйғотган, улар қалбида юрт тараққиётига дахлдорлик туйғусини шакллантира олган муаллим бугун нафақат туманнинг балки, Қашқадарё вилоятининг ҳам кўзга кўринган, обрўли ўқитувчиларидандир. Унинг ёш авлод камолоти йўлидаги самарали меҳнатлари муносиб баҳоланиб, “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” арафасида “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

– Ёмон касбнинг ўзи йўқ, – дейди “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси”, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Бахтиёр Абдиев. – Сидқидилдан меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Илк фаолиятимни бошлаган йиллардан буён ўқувчиларда фанга меҳр уйғотишни дилимга тугган эдим. Улар фанни осон ўзлаштиришларини таъминлаш учун “Математика фанини ўқитишни такомиллаштириш”, “Кўпҳадли кўпайтувчиларга ажратишнинг бир неча усуллари”, “Чексиз камаювчи геометрик прогрессия йиғиндисини ҳисоблаш”, “Кўрсаткичли тенгламаларни ечиш” каби дарс ишланмаларим методик қўлланма сифатида чоп этилди. “Ўқувчиларни олий ўқув юртларига тайёрлаш” мавзусида форум ташкил этдик. 2002 йилда Давлат Тест маркази томонидан ўтказилган “Педагогик тестларнинг ижодкор муаллифи” танловида иккинчи ўринга лойиқ топилдим. Изланишларим самарасини берди. Икки нафар ўқувчим халқаро фан олимпиадасида ғолиблар сафидан ўрин олди. Шу вақтгача 25 нафар шогирдим эса фан олимпиадасининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган. Битта ўқитувчига бундан ортиқ бахт борми?!

Бахтиёр Абдиев ёшларга фақат фан сирларини ўргатиш билан бирга, уларнинг қалбида салоҳиятини рўёбга чиқаришга интилиш ҳиссини ҳам шакллантиради. Унинг шогирдлари орасида фан номзодлари ва “Ўзбекис­тон Халқ таълими аълочи”лари бор.

– Ўқитувчи жамиятнинг фаол аъзоси, – дейди Б.Абдиев. – У нафақат билим бериши, балки юриш-туриши, ўзини тутиши, интилиши билан барчага ўрнак бўлиши лозим. Ўқувчилигимда ўқитувчиларимизга ҳавасим келарди. Мен ҳам улардек обрў-эътиборли бўлишни истардим. Ниятимга етдим. “Меҳнат, меҳнатнинг таги роҳат”, деб бежиз айтилмаган экан. Байрам арафасида давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланганим менга янги руҳ бағишлади. Ҳозирда менда илмий иш қилиш истаги пайдо бўлди.

Яна ўқинг:  ТИББИЁТ ВА ИСЛОҲОТ: ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: