Ширин сўз – бемор дардига малҳам

Инсонга сон-саноқсиз неъматлар ато этилган. Улар орасида энг азизи кўришдир. Кўзлари дардга чалинган киши учун дунё қоронғу, хурсандчилик татимайди, кўнгли ёришмайди.

Бу каби беморлар қалбига қувончни қайтариш қорақалпоғистонлик офталмолог Яхия Салиевнинг ҳаётий мезонига айланган. Болалигидан шифокор бўлишни чин дилдан орзу қилган Яхия бу йўлда тинимсиз изланди. Узоқ йиллар Холмуродов номидаги шифохонада жарроҳ бўлиб ишлаган отаси Мамутжон Салиев, Нукус шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиникада катта ҳамшира бўлиб меҳнат қилган онаси Ўғилхон Хажабаеваларнинг насиҳатларига қулоқ тутди. Айниқса, онаси ўғлининг чуқур билим олишига, бўш вақтини мазмунли ўтказишига алоҳида эътибор қаратди. Йиллар ўтиб, Яхия Салиев ўз соҳасида етук ва моҳир жарроҳ сифатида эл назарига тушди.

Яхия 1997–2003 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тиббиёт академияси)да таҳсил олди. Олийгоҳни тамомлаб, 2006–2013 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси кўз касалликлари шифохонаси маслаҳат поликлиникаси врач-офталмологи, 2013–2015 йилларда операция бўлими врач-офтолмологи, 2015 йилдан бугунга қадар бош шифокор лавозимида ишлаб келмоқда.

Кўпни кўрган кексаларимиз сабр ва матонат барча ютуқларнинг дояси дейишади. Яхия Салиев шифокорлик оғир ва машаққатли касб эканини билса-да, бу йўлда тинимсиз ўқиб, изланди. У ўтган давр давомида Россия, Ҳиндистон, Голландия, Буюк Британия ҳамда Корея Республикаларидаги нуфузли клиникаларда тажриба орттирди. Айниқса, унинг Кореяга қилган сафари ҳаётида муҳим из қолдирди. Сеул шаҳрида жойлашган “Siloam eye hospital” шифохонасида Яхия кореялик ҳамкасблари 3билан оғир жарроҳлик амалиётларида қатнашиб, тажриба орттирди.

– Халқимиз шифокорларни “Қўлингиз дард кўрмасин. Бор бўлинг”, деб алқайди. Аммо бу номга муносиб бўлиш учун инсон касбга виждонан ёндошиши керак, – дейди Яхия Салиев. – Беморга меҳр берсангиз, унга ёрдам қўлини чўзсангиз у ҳеч қачон сизни унутмайди. Шифокор бир оғиз ширин сўзи билан бемор дардига малҳам бўлиши керак.

У меҳнат қилаётган Қорақалпоғистон Республикаси кўз касалликлари шифохонаси бугун юртимиздаги энг замонавий тиббиёт масканларидан бири саналади.

Яқинда ушбу муассаса 400 минг доллар маблағ эвазига Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Чет элдан келган малакали шифокорлар бу ерда йил давомида 44 та жарроҳлик амалиёти амалга оширилди. Кореяликлар томонидан ҳадя қилинган 500 дона сунъий кўз гавҳари кам таъминланган оила аъзолари ва ногирон инсонларга қувонч улашди.

Яна ўқинг:  Марғилон ипагидан яралган мўъжиза

– Мен бир-биридан моҳир, ўз ишининг устаси бўлган фидойи инсонлар билан елкама-елка меҳнат қилаётганимдан фахрланаман. Гап маошда, шарт-шароитларда эмас. Энг асосийси, бир-биримизни тушунишга ҳаракат қиламиз, оғир кунларда елкадош бўламиз. Мен шундай фаровон, тинч-осуда юртда яшаётганимдан бахтиёрман. Муҳими, бу Ватанда ёшларнинг ўқиб-изланишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган, – дейди Яхия Салиев.

Одамни меҳнат улуғлайди. Баъзида бахтли инсонга таъриф берилаётганда қуйидаги ибора ёдга олинади: Бахтли инсон эрталаб уйидан ишга, кечки пайт ишдан, оиласи бағрига шошиладиганлардир. Бизнинг қаҳрамонимиз ҳам ана шундай инсонлар тоифасига киради, десам муболаға бўлмайди. У “Илм эгалланг! Илм саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир!” деган ҳикматли ҳадисни ўзининг ҳаётий шиорига айлантирган.

Бир сўз билан айтганда, унга қандай яшашни умр йўлларидаги ибратли воқеа-ҳодисалар ўргатади.

Ойгул РАЗЗОҚОВА,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: