Шарафли касбни улуғлаётганлар

Қайси бир сипоҳий ўзини кўрсатган бўлса, рағбатлантириб ҳақини адо этсинлар. Қайси бир сипоҳий хизматда юриб қарилик ёшига етаркан, уни ойлик-ҳақдан маҳрум этмаслик ва мартабасидан туширмаслик керак. Ҳеч бир сипоҳийнинг хизмати назардан четда қолмасин. Чунки улар давлат хизматида экан, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганликларининг ўзи ҳам инъомга ва моддий таъминотга лойиқлигини билдиради. Уни инъомидан маҳрум қилиб, хизматларини кўрсатмасалар, ноинсофлик қилган бўлурлар.

“Темур тузуклари”дан

Бугун Қуролли Кучларимиз сафида ўз соҳасининг фидойиси, юксак билим ва касбий маҳорат соҳиби бўлган ҳарбий хизматчилар жуда кўп. Катта лейтенант Анзор Мейлиев ана шундай жасур ўғлонлар сирасидан. Унинг офицер сифатида хизматни бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин унинг шу кунгача эришган муваффақиятларини ёш офицерларга ўрнак қилиб кўрсатса арзийди. Бу ҳақда қуйида батафсил ҳикоя қиламиз.

“Kутилган фарзанд дегани”

У Қашқадарё вилояти, Қарши туманидаги Ўзбекпистакент қишлоғида туғилиб вояга етди. Бу қадрдон қишлоқнинг чанг кўчалари унинг қанча-қанча шўхликларига, ўйинқароқликларига гувоҳ бўлган. Бугун у ўша ширин ва беғубор дамларни орзиқиш билан ёдга олади.

– Болалигимда жуда шўх бўлганман, – дейди Анзор кулиб. – Мактабдан келибоқ дарсларимни қилардим, кейин эса кўчага югурардим. Онам биз болаларнинг ўқишига жуда қаттиқ турарди. Шу боис дарс қилиб бўлмагунимизча кўчага чиқармасдилар. Ҳозир эсласам, онамнинг ўша вақтдаги қаттиққўллиги тарбиянинг ўзига хос усули бўлиб, биз фарзандларнинг камолотида муҳим ўрин тутган экан. Буни йиллар ўтиб англадим.

Улар оилада олти фарзанд улғайдилар. Уч қиз, уч ўғил. Отаси – Ортиқ ака камтар, камсуқум инсон. У кўп йиллардан буён тумандаги газ таъминоти бошқармасида меҳнат қилиб келмоқда. Онаси – Амина опа эса бутун умрини фарзандлар тарбиясига бағишлаган оилапарвар аёл. Ҳа, бу оилани қишлоқда барча ўзгача ҳурмат билан тилга олади. Негаки, оилада камол топган фарзандларнинг барчаси эл-юртга фойдаси тегадиган, ўқимишли инсонлар бўлиб етишдилар.

– Анзор жуда камдан-кам учрайдиган исмлардан. Исмингизнинг маъносини биласизми? – сўрайман суҳбатдошимдан.

– Бу ҳақда жуда кўпчилик сўраган, – дейди у кулиб. – Анзор – кутилган фарзанд деган маънони билдиради. Исмимнинг ўзига хос тарихи бор. Дадам ҳарбий хизматга борганларида Анзор исмли бир йигит билан дўстлашган экан. Улар уч йил мобайнида жуда қадрдон ва иноқ бўлиб кетишган. Шу боисдан ҳам хизматни якунлаганларида бир-биридан ажралиши жуда оғир бўлган. Дадам бир гал: “Анзор жуда ғайратли, меҳрибон ва очиқкўнгил йигит эди. Яна ҳеч қачон бошқалардан ёрдамини аямасди. Ҳалигача ҳақиқий дўст деганда, у кўз олдимда гавдаланади. Ўғлим, мен ана шу инсонга ҳавас қилиб, исмингни Анзор қўйганман. Сенинг юртга, юртдошларингга фойданг тегадиган инсон бўлишингни хоҳлайман”, деб айтганлари хотирамда муҳрланган…

Яна ўқинг:  Мактабгача таълим муассасига болани қабул қилишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

ҲАРБИЙ КАСБГА ҲАВАС УЙFОНДИ

– Ҳарбий касбга қизиқишим 7-синфга ўтганимда пайдо бўлган, – дейди катта лейтенант Анзор Мейлиев. – Ўшанда ёзги таътилдан чиқиб, энди ўқишни бошлаган кезларимиз эди. Бир куни кечки дастурхон устида дадам ўртоқлари Фазлиддин аканинг ўғли Самарқанддаги ҳарбий академик лицейга ўқишга кирганини айтиб қолдилар. Бу хабарни эшитиб, юрагимда бир чўғ милт этгандек бўлди. Шу кундан бошлаб менда ҳам ўша лицейда таҳсил олиш истаги туғилди. Ёш бола орзу-ҳавасга берилувчан бўлади. Мен ҳам хаёлан ўзимни ҳарбий либосда тасаввур қилиб, энтикиб кетардим. Тезроқ ўша кунлар келишини интиқлик билан кутардим. Ниҳоят, орадан икки йил ўтгандан сўнг мен ҳам Самарқанддаги ҳарбий академик лицейга ўқишга кирдим. У ерни битириб, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида таҳсилни давом эттирдим…

Шундай қилиб, камолот палласига қадам қўйган бўлажак офицер учун ўқиш ва изланишлар даври бошланди. Ўқишга киргани билан ўз зиммасидаги масъулият енгиллашиб қолмаслигини, аксинча, янада ортишини таҳсилнинг дастлабки кунлариданоқ англаб етган курсант йигит энди берилаётган сабоқлар мобайнида ўзи учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни астойдил ўзлаштиришга киришди. Қувноқ ташвишларга тўла йиллар ортда қолавергани сари Анзор ўзи ҳавас қилган касбни мукаммал эгаллаб бораверди. Ҳа, ҳарбийлик кишидан кучли билим ва малакани талаб қилади. Шу боисдан ҳам олий ҳарбий таълим муассасасида таҳсил олаётган курсантлар зиммасидаги масъулият ҳисси ҳам ортиқ бўлади. Назарий билимларни мустаҳкамлаш учун ўтказиладиган тинимсиз машғулотлар, изланиш бўлажак офицернинг дунёқарашини кенгайтириб, билимларини мустаҳкамлашга ёрдам берди. Ниҳоят, курсантлик йиллари ортда қолди – Анзор Мейлиев олий ҳарбий таълим муассасасини муваффақиятли тамомлади.

ЖАМОАДА ЎЗ ЎРНИГА ЭГА

“Инсон қалб амри билан қилган ишларидагина юқори чўққиларни забт этиши мумкин”, деган экан алломаларимиздан бири. Бу ҳаётий ҳақиқатнинг исботини қаҳрамонимизнинг хизмат фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, қалб даъвати олис манзиллар, улуғ ишлар сари етаклайди, инсонга доим далда ва мадад бўлади. Тўғри, уни ҳаётга татбиқ этиш ёки амалга ошириш биз ўйлаганчалик осон кечмаслиги мумкин. Бундай пайтларда муваффақиятга бўлган ишонч, ирода, ички куч ўзини намоён этади. Лавҳамиз қаҳрамони катта лейтенант Анзор Мейлиев ана шу ҳаётий ҳақиқатни чуқур англаб етган ҳолда, офицер сифатида хизматни бошлаган илк кезларданоқ устозларидан олган билимларга таянган ҳолда мақсадлари томон дадил қадам ташлади, қийинчиликлардан чўчимади, бошқаларга ўрнак бўлди. Ва кутилганидек, астойдил қилинган меҳнат тез орада бўй кўрсатди. 2012-2013 йиллар мобайнида Мудофаа вазирлиги қўшинлари бўлинмалари гуруҳлари ўртасида ўтказилган кўрик-танловда катта лейтенант Анзор Мейлиев гуруҳи барча йўналишлар бўйича энг юқори натижаларга эришиб, “Энг илғор гуруҳ” номига сазовор бўлди. 2013 йил ёш офицер учун икки карра омадли келди, десак, муболаға бўлмайди. Чунки у яқинда Конституциямиз қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан мамлакатимиз Президенти фармонига биноан давлатимизнинг юксак мукофоти – “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.

Яна ўқинг:  Фармацевтика фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди

– Мени мана шундай юксак мукофотга лойиқ кўришганидан жуда хурсандман, – дейди у. – Инсонни қилган меҳнати улуғлайди, деган гап бор. Бу сўзнинг исботини мен ўз ҳаётим мисолида кўрдим. Гарчи мукофотга лойиқ топилиб, шундай нуфузга эришган бўлсам-да, аввало бу даражага етишимда менга таълим-тарбия берган ва йўл-йўриқ кўрсатган устозларимнинг, орзуларимни қўллаб-қувватлаган ҳамда ҳамиша ишонч билдириб, дуои жонимни қилиб турган яқинларимнинг ҳиссаси беқиёс, деб ўйлайман. Шундай экан, қадрдонларимнинг ва давлатимизнинг менга билдирган ишончини оқлаб, Ватан осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишга ҳаракат қиламан.

Қуролли Кучларимиз сафида мана шундай фидойи йигитларнинг кўплиги юртимиз тинчлиги ва осойишталигининг бардавомлиги кафолатидир. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчимиз, катта лейтенант Анзор Мейлиев ёш бўлишига қарамай устоз мақомига эришган ҳарбий хизматчилардан. Унинг жамоада ўз ўрни бор. Асосийси ҳам шу эмасми, аслида!

Гулнора ХОЖИМУРОДОВА,

катта лейтенант

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: