САЙЛОВ ТАМОЙИЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасининг 2-қисмида “Ўзбекистон Республикасида Президент сайлови, ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайлови умумий, тенг, тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади” деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган бу ҳуқуқий нормага эътибор берсангиз у ўзида демократияни ифодалашини ҳис қиласиз. Ушбу ҳуқуқий норма “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида янада кенгроқ очиб берилган.

Умумий сайлов ҳуқуқи Ўзбекистоннинг 18 ёшга кирган ҳар бир фуқароси эгалигида ўз ифодасини топади. Шунингдек, сайловчилар рўйхатига сайлов участкаси ҳудудида сайловчилар рўйхати тузилаётган пайтда муқим ёки вақтинча яшаб турган барча фуқаролар киритилишида, ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкинлигида, барча фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган сайлов ҳуқуқлари давлат муҳофазасига олинганлигида намоён бўлади. “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъий назар, уларга ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловларида бевосита қатнашиш ҳуқуқи кафолатланган.

Тенг сайлов ҳуқуқи тамойилининг маъноси шуки, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси бир овоз бериш ҳуқуқига эга, бундан ташқари сайловларда ҳамма тенг асосларда қатнашади, яъни катта-кичик, эркак-аёл тенг сайлов ҳуқуқларига эга. Ҳарбий хизматчилар барча бошқа фуқаролар билан тенг равишда сайлов ҳуқуқларидан фойдаланадилар. Ҳеч ким сайловда бошқа шахсларга нисбатан бирон бир афзалликка эга эмас. Яъни, фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқишидан, ижтимоий ва мулкий ҳолатидан, ирқий ва миллий мансублигидан, маълумотидан, динга муносабатидан, машғулотларининг туридан қатъий назар бирон-бир чеклашларга йўл қўйилмаслиги тенг сайлов ҳуқуқини амалга оширилишини таъминлайди.

Тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи ҳокимият вакиллик органларига сайлов тўғридан тўғри ўтказилишини билдиради. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродаларини билдиришларига четдан таъсир кўрсатиш ва уларни назорат этишларига йўл қўйилмайди. Сайловчилар намзодларга сайлов вақтида бевосита ижобий ёки қарши овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар. Мамлакатимизда сайловлар ўтказиш сайловчиларнинг уларда ихтиёрий қатнашишларига асосланган. Ҳеч ким фуқароларнинг сайловларда қатнашишини ёки қатнашмаслигини мажбурий равишда амалга ошира олмайди. Сайловчиларнинг сайлов вақтида эркин хоҳиш билдиришини таъминлайдиган яна бир омил, сайлов куни ташвиқот ишларини юритишга йўл қўйилмайди.

Яширин овоз бериш тамойили овоз беришнинг энг демократик усули бўлиб, ўз иродасини билдиришлари устидан назорат қилишга йўл қўйилмаслигини назарда тутади. Сабаби овоз бераётган шахсга ҳеч қандай ташқи таъсир қилмаслиги лозим. Бу таомилга кўра сайловчилар алоҳида хонада якка ўзи хоҳишига кўра овоз беради. Унинг кимга, овоз берганини ҳеч ким била олмайди. Бу эса овоз берувчига эркин ҳаракат қилиш имкониятини беради.

Яна ўқинг:  Дунё тиббиётида ғайриоддий кашфиётлар

Зеро, овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, бу биноларда яширин овоз бериш учун сайлов қутилари ўрнатилган, кабиналар жиҳозланган, сайлов бюллетенлари тайёр этиб қўйилган бўлади. Сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида мустақил равишда тўлдирилаётган пайтда четдан сайловчига ҳеч ким таъсир ўтказиши мумкин эмас.

Яна шуни таъкидлаш керакки, сайловчиларга участка сайлов комиссиясининг биносида сайловчилар рўйхати билан олдиндан танишиб чиқиш имконияти берилган. Ҳар бир фуқаро сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Сайлов комиссияси 24 соат ичида бу аризани кўриб чиқиб, асослантирилган жавобни айтиши шарт. Бу тамойиллар мамлакатимизда сайловлар очиқ, ошкора, адолатли ва демократик руҳда ўтишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳокимиятининг вакиллик органларига депутатлар беш йилга сайланадилар.

Жавлон Саъдуллаев

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: