Санитария-эпидемиология: ҲАЁТ ОСОЙИШТАЛИГИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Аҳолининг санитария-эпи­демиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонун жорий йилнинг 15 июлида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, 6 август куни Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида маъқулланди.

Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ, халқимиз саломатлигини сақлаш, атроф-муҳит муҳофазаси, шунингдек, аҳолининг санитария-эпидемиологик осо­йишталигини таъминлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб келмоқда.

Дарҳақиқат, бугунги кунда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон учун, унинг манфаати ва турмуш фаровонлигини янада яхшилаш ҳамда соғлом яшашига қаратилгандир. Шу ўринда эътироф этиш жоизки, фуқароларнинг саломатлиги ва уларнинг бу борадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонун устуворлиги асосий омил бўлиб, соғлиқни сақлаш тизимига оид ҳуқуқий база босқичма босқич такомиллаштирилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган, шунингдек, уларнинг саломатлигига хавф соладиган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, юқумли ҳамда вирусли касаллик­ларнинг олдини олиш масалаларини тартибга солувчи “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 1992 йилнинг 3 июлида қабул қилинган. Ўтган давр мобайнида ушбу соҳани ислоҳ этишга йўналтирилган Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 20 дан ортиқ фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 100 дан зиёд қарорлари ва 300 дан ортиқ идора ҳужжатлари жорий қилинди.

Хусусан, “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси қонуни асосида аҳоли саломатлигини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган санитария-эпидемиология назоратининг самарали ва кўп даражали тизими яратилди.

Унга кўра Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош давлат санитария врачи, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар (хусусан, давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари) Бош санитария врачи зиммасига санитария-эпидемиология назорати тизимини бошқариш вазифаси юклатилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Рес­публикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг тегишли таркибий бўлинмалари томонидан ҳам санитария-эпидемиология назорати амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда санитария­-гигиеник ва эпидемияга қарши комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарасида санитария-эпидемиологик хотиржамлик таъминланиб, карантин ва ўта хавфли вирусларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олди олинмоқда. Айниқса, болалар ўртасида қизамиқ, қизилча, кўкйўтал, дифтерия (бўғма), паротит (тепки) каби юқумли касалликлар сезиларли камайтирилди ёки бутунлай йўқ қилинди.

Полиомиелит (шол) касаллигига тўлиқ барҳам берилгани муносабати билан 2004 йил мамлакатимизга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан “Полиомиелитдан холи ҳудуд” номли сертификат берилди.

Яна ўқинг:  ШОКОЛАДЛИ ПИРОГ

Халқаро иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларнинг жадаллашувини ўзида акс эттираётган глобаллашув шароитида ижтимоий муносабатларнинг ривожланаётгани, шунингдек, атроф-муҳитнинг ўзгараётгани аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш, санитария-­эпидемиологик барқарорликка эришишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришни талаб қилмоқда.

Шу билан бирга бугунги шароитда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги нафақат давлат ҳокимияти органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари ва жамият томонидан таъминланишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Қонуннинг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида” деб номланишига сабаб, эндиликда санитария-эпидемиология соҳасидаги масалалар фақатгина давлат органлари томонидан назорат тартибида амалга ошириш йўли билан эмас, балки қонун билан белгиланган ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солишда фуқароларнинг, мулкий шаклидан қатъий назар тадбиркорлик субъектларининг, жамоат ташкилотлари ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ҳам иштироки белгиланмоқда.

Мазкур қонун билан аҳолининг санитария-эпидемиологик осо­йишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш, унинг асосий йўналиш­ларини белгилаш, шунингдек, соҳага оид давлат дас­турларини тасдиқлаш ва амалга ошириш, давлат назоратини олиб боришни ташкил этиш ва шунга ўхшаш бошқа ваколатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатларига киритилмоқда. Аҳолининг санитария­-эпидемиологик осо­йишталиги соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлаш ва уни жорий қилиш, ҳудудларнинг санитария-эпидемиологик ҳолатини яхшилаш ва тозалигини сақлашга, аҳолининг санитария маданияти даражасини юксалтиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш каби ваколатлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юклатилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу тизимдаги барча санитария-эпидемиология марказларининг моддий-техника базаси йилдан-йилга босқичма-босқич такомиллашаётгани бу соҳадаги хизматларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш имконини бермоқда. Мазкур қонун билан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда Бош давлат санитария врачининг ваколатлари, давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар аниқлаштирилиб, давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да қайд этилганидек, фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ушбу соҳадаги иштироки қонунда ўз аксини топмоқда.

Масалан, мазкур қонун билан санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишда кўмаклашиш, тегишли ҳудудда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги тадбирларнинг амалга оширилиши, ҳовли ва уй атрофи ҳудудларидаги қурилиш­лар ҳамда уларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида тегишли ҳудудда яшовчиларнинг ихтиёрий асосда иштирок этишининг ҳуқуқий пойдевори яратилмоқда.

Яна ўқинг:  САЛОМАТЛИКНИНГ ТЎРТ ҚОИДАСИ

Шу билан бирга қонунда фуқароларнинг нафақат хуқуқлари ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ҳамда фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги мажбуриятлари ҳам қонунчиликда илк бор мустаҳкамланмоқда.

Қонунда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ушбу соҳадаги мажбуриятлари белгиланиши билан бирга уларнинг давлат ва хўжалик бош­қаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат санитария назорати органларидан санитария-эпидемиологик вазият тўғрисида ахборот олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш ва тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш чоғида ўзларининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қопланиши, давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органларга ёки мансабдор шахсларга ёҳуд судга белгиланган тартибда шикоят қилиш каби ҳуқуқлари белгиланган алоҳида моддалар киритилмоқда.

Қонунда амалдаги қонуннинг мавжуд нормалари яъни, бинолар қурилишини лойиҳалаштириш, режалаштириш, техник тартибга солиш, корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, каби ҳуқуқий нормалар янада аниқлаштирилмоқда.

Шунингдек, “Санитария-гигиениа ва эпидемияга қарши тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш” деб номланган янги бешинчи боб киритилмоқда.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда соҳага оид халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари ҳисобга олинган, шунингдек Америка қўшма штатлари, Буюк Британия, Канада, Япония, Франция, Россия Федерацияси, Беларусь ва Қозоғистон каби давлатлар тажрибаси ўрганилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, ушбу қонуннинг қабул қилиниши республикамизда санитария-эпидемиологик осо­йишталикни таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг комплекс тизимини мустаҳкамлаш, инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофазалашда ижро органлари ва назорат қилувчи хизматлар томонидан амалий назоратни амалга ошириш билан бир қаторда Ўзбекистоннинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш учун қў­йилган вазифаларни тўлақонли рўёбга чиқишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Нурия Айтжанова,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: