Қуёшга қараб яшаш саодати

Халқимизда бир гап бор: боланинг қўлларини бўш қўйманг, бирига нон беринг, иккинчисига китоб. Айни шу нақлни бугунги кунимиз билан мувофиқлаштирсак, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадимизга ҳамоҳанг янграйди.

Ёзувчи Назар Эшонқул билан бўлган суҳбатимиз китобнинг катталар ва болалар ҳаётидаги ўрни ҳақида кечди.

– Ернинг баъзи олис нуқталарида одамлар ибтидоий жамоа кўринишида яшашади. Улар тезда ёқалашиб, бир-бирига қасд қилишар экан. На муроса бор, на мадора. Сизнингча, уларнинг онгида нима етишмайди?

– Саволингизнинг тагида “Улар китоб ўқимаган” деган жавобнинг ўзи бўртиб турибди. Китобсиз халқ – бу маданиятсиз халқ, маданиятсиз элат, маданиятсиз қавм. Ҳаётларида китоб пайдо бўлмас экан, улар сиз айтган жаҳолат ботқоғига ботиб ётаверишади. Усиз миллат – жаҳолатга ғарқ бўлаётган миллат, жаҳолатга ғарқ бўлаётган халқ. Жамият қанчалик тараққий этган бўлмасин, кишилар китоб ўқимай қўйса, унинг таназзули бошланади. Агар динлар тарихига назар солсангиз, инсониятни жаҳолатдан, сиз айтган қавмлар каби яшашдан қутқариш учун китоблар тушган. Бошқа нарса эмас, айнан китоб тушган. Бу ерда рамз, ишора, тимсол бор. Инсонни фақат китоб ва унга асосланган маънавият қутқариши азалдан унинг пешонасига ёзиб қўйилган. Фақат китоб одамзотни биологик жонивордан идрокли мавжудотга айлантира олди. Унинг тимсолидаги маданият инсониятнинг бутун тараққиёт сарҳадларини ёритиб турибди. Аслида китобсиз маданиятнинг, маданий онгнинг ўзи йўқ. Китоб тушунаётганимизни тўғридан тўғри босма китоб деб тушунмаслик керак. У мен учун инсонни илоҳ билан боғлаб, унга олий ҳақиқатга борадиган йўлни кўрсатиб турувчи барча нарса. Ҳатто халқ оғзаки ижоди ҳам аслида китоб. Фақат шакли оғзаки. Бу оғзаки китоб минглаб йиллар инсоният учун биз бугун назарда тутаётган китоб вазифасини ўтаган ва уни маданият, онг, тараққиёт сари етаклаб келган. Ёзма шакли пайдо бўлгач эса инсон жаҳолат устидан ғалаба қилиши аниқ бўлиб қолди: бошқача айтганда, инсонга жаҳолат устидан зафар қозониш қуроли берилди. Фақат у бу қурол кучидан тўла фойдаланяптими, йўқми, бу бошқа масала. Муҳими, инсонда жаҳолатдан, ёвузлик, худбинлик, зулм, маҳдудлик, бадбинлик, онг зулматидан қутулиш қуроли бор. Бу – китоб. Афсуски, бу қуролдан бугун ҳар ким ҳар хил мақсадда фойдаланаяпти.

Тасаввур қилинг, инсон тафаккуридан китобнинг улуши тортиб олинса, у нималар ҳақида ўйлаши, сўзлаши мумкин? Шундай ҳол рўй берса, одамлар бугун ҳам ўша ибтидоий даврда яшаб юрган ҳайвондан жуда кам фарқ қилган, табиийки, ўй-фикри, кечинмалари, майли, эҳтиёжи, гап-сўзлари ҳам шунга яраша бўларди. Китоб илоҳдан куч олишга ўргатади, руҳни тарбиялайди, одамни ўз жисмидан узиб, осмонга, коинотга яқинлаштиради. Унинг тафаккурига, идрокига қанот ва қувват беради. Китоб нури ёритмаган онг эса фақат жисм, фақат қорин ҳақида ўйлайди. Китобсизлик – ёввойилик, ёввойилик билан ёнма-ён, бирга яшашдир.

Яна ўқинг:  Миннатдорлик мактуби (2015-41)

Кекса авлод “Компьютерлар бўлмаса эди, яна одамлар китобга қайтарди” дейишади. Бугуннинг одами эса: “Нималар деяпсиз, компьютер бутун коинотни бошқаряптику” дейди.

– Бу баҳс эмас, шунчаки бир-бирини тушунмаслик ёки бир-бирини тушунишдан қочиш. Ҳар икки тарафнинг ҳам ўз асослари бор. Бироқ гап шундаки, компьютер китобни сиқиб чиқаргани йўқ, китоб ўқишни енгиллаштирди, китоб ўқишга, китобни англашга имкониятни кенгайтирди. Бугунги оддий бир планшет мен учун бутун бошли кутубхона. Унга жо бўлган китоб илгари катта бир бинога жой бўларди. Гап компьютерда эмас, гап эҳтиёжда. Компьютер кўпайгани, янада такомиллашаётгани эмас, китобга эҳтиёж йўқолаётгани хавотирли. Компьютер инсон қўлидаги восита. Ундан ҳар ким ҳар хил фойдаланади. Ошхонадаги пичоқдан кимдир ошхона учун, бошқа бир кимса қабиҳлик йўлида фойдаланиши мумкин. Айб компьютерда эмас, ўзимизда.

Ушбу замонда икки авлод вакилларининг қарашлари тўқнаш турибди. Иккисининг ҳам ўз таржимаи ҳоли бор. Шу кунгача етишган файласуфнинг ҳам, олимнинг ҳам кундалигини варақланг: барини китоб катта қилган. Бугунги авлодни эса компьютерлар улғайтиряпти.

– Мен ёшларнинг биз кўниккан шаклдаги босма китобни ўқимаётганини ҳадеб юзига солиш, шундан катта фожеа излашга унчалик қўшилмайман. Компьютер ҳам аслида китоб. Босма шаклдагисида ҳам, компьютер шаклида ҳам китобнинг ёвузликка ўргатадигани, йўлдан оздирадигани, инсонни шафқатсиз қиладигани бор. Бунга тарих кўп бора гувоҳ бўлган. Лекин ота-боболаримиз китобни муқаддас билишган ва авлодларга инсоннинг руҳини, қалбини тарбиялайдиган, эзгуликка бошлайдиган китобларни ўқишни васият қилишган, шундай китоблар мутоласи инсонни камолотга етиштиради деб билишган. Компьютерда шафқатсиз ўйинни кўраётган, шу ўйин руҳида тарбияланаётган бола айбдорми ёки шундай ўйинларни мамлакатимизга болаларимиз ўйнасин, деб олиб кираётган, шундан моддий манфаатдор бўлган, шу манфаатдорлиги орқасида бутун бошли миллатнинг, халқнинг ўзлигини, келажагини, маъанавиятини хатарга рўбарў қилаётган катталарми? Пул, тижорат учун қон тўкиш, шафқатсизлик, ёвузлик тарғиботига “бел боғлаган”, шундай кўникмалар пайдо қиладиган ўйинларни олиб кираётган “тадбиркор”ларнинг қирғинга ундовчи китобларни тарғиб қиладиганлардан қанчалик фарқи бор. Бугун Интернет клубларга қаранг, улар қайсидир маънода бугуннинг кутубхоналари. Замон шундай. Улар визуал кутубхоналар, аслида. Бугуннинг боласи дунёни ҳарфлар орқали эмас, визуал тасвирлар, манзаралар орқали англашга кўпроқ эҳтиёж сезаётган бўлса, бундан фожеа ясаш унчалик тўғри эмас. Аксинча, биз, болалар келажаги учун масъуллар унга шу шаклдаги “китобларни” тақдим этишимиз керак. Лекин у сизу бизни тарбия қилган китобларнинг визуал шакли бўлсин. Мен учун гап шаклда эмас, гап мазмунда, ғояда. Китоб болада эзгулик билан ёвузлик, яхши билан ёмон, оқ билан қора, мардлик билан номардлик, адолат билан хиёнат чегараларини кўрсатиб, унинг дидини, кўникмасини, руҳини тарбиялайди. Нима, бугун шундай руҳда тарбиялайдиган компьютер асарлари йўқми? Бор. Болаларимиз ана шундай “асарларни” ўқиб, ўзларининг дидларини, тушунчаларини шакллантираётган бўлса, мен барибир хурсанд бўламан. Бундай боладан ёмон бола, ёмон одам чиқмайди. Унинг диди ҳам босма китоб ўқигандан кам шаклланмайди. Фақат улар нимани ўқишяпти, нима кўришяпти, нимадан тарбия олишяпти? Уларнинг қўлига босма шаклдами, визуал шаклдами, ёмон китоб тушиб қолмадими?! Шундай китоб тушиб қолмасликка ким масъул?! Гап мана шунда.

Яна ўқинг:  Иқтидорли ёшлар юрт истиқболи

– Адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов бир суҳбатида болалигини шундай хотирлайди:

“5-6 ёшларимда чўмилишни яхши кўрар эдим-у, сузишни билмас эдим. Бир куни болалар қийқиришиб чўмилиб юрган анҳорни кўрдим-у, югура келиб ўзимни сувга отдим. Анҳор чуқур экан. Табиийки, чўка бошладим. Катта болалар бир амаллаб қирғоққа олиб чиқиб қўйишган. Менинг китоблар оламига кириб келишим ҳам шунга ўхшаш тарзда содир бўлган. Ҳали ўқишни ўрганиб-ўрганмас, ўзимни китоблар уммонига отганман. Бу уммон ҳам чуқур экан, лекин буни қарангки, бу уммонда чўкмай ҳануз сузиб юрибман”.

Бундай дилбар ўтмишни бугуннинг авлоди ҳам яшай олармикан?

– Юқорида айтдим, бугунги авлодни айблашдан қочаман. Эртага унинг ҳам дилбар хотиралари бўлишига ишончим комил. Биз ўз қаричимиз билан уларнинг дунёсини ўлчамайлик. Бугун олам ўзгарган. Бугун ахборот олиш, ҳис қилиш, завқ олиш даражаси, шакли ўзгарди. Мен эртаклар ўқиб, тарбия олганман, дидим, руҳим шунга яраша шаклланган. Яқинда компьютер орқали дунёни кўрадиган ўн икки яшар ва тўққиз яшар жиянларим билан савол-жавоб қилдим. Уларнинг қарашлари менинг шу ёшдаги қарашларимдан кўра анча кенг, анча чуқур. Эзгулик ҳақидаги тушунчаларига ҳам путур етмаган. Фақат тасаввур шакли ўзгарган. Уларнинг бу борада ўз қарашлари, ўзига хос қабул қилиш усуллари бор. Фақат улар бизга қараганда жуда реалист. Босма ёки бугунги визуал “китобларни” ўқийдими, гап бунда эмас, гап ҳар икки ҳолатда ҳам қалбни, кўнгилни, инсонни, унинг ўзлигини сақлаб қолиш ва шунинг учун курашга ҳозирланишида. Агар визиуал кутубхоналар ҳам шундай тарбияласа, компьютерлардан қўрқишга асос йўқ.

– Қизиқ, умрида китоб ўқимаган икки киши учрашиб қолса, нима ҳақида суҳбатлашар экан-а? Дов-дарахтлар, ҳайвонот олами, дунёнинг яралиши ҳақидами? Йўқ, булар ҳам илм-ку, дейман. Бўлмаса нима ҳақида?

– Суҳбатимиз рамзий маънодаги китоб тушунчаси ҳақида боряпти. Бу фикрни саводи йўқ, яъни ҳарф танимайдиганлар билан чалкаштирмаслик керак. Китоб яралгандан сўнг ҳам, ҳозир ҳам миллионлаб одамлар саводсиз, ўқиш-уқишдан бебаҳра яшашган, яшашяпти, бироқ улар сиз билан биз гаплашаётган китобдан ҳоли одамлар эмас. Улар китоб яратган маданият, ахлоқ, тушунча, қарашлар асосида тарбия олишган, олишмоқда.

Китоб деган тушунча бу рамзий тушунча. “Китоб” деганда одамнинг қалби ва руҳини поклайдиган, унга қанот берадиган, уни оламий уйғунликда тарбиялайдиган, инсонни, оламни севишга ўргатадиган, чорлайдиган, даъват қиладиган, инсонни шафқатга, ҳалолликка, мардликка, адолатга, меҳрга, мурувватга, эзгуликка ундайдиган барча нарсалар тушунилади. Мен тоғли қишлоқда туғилганман. Тоғда болалиги уруш йилларига тўғри келган, шу сабабли ўқий олмаган жуда кўп қариялар бор, уларнинг саводлари ҳаминқадар эди. Аммо уларнинг эътиқоди, қарашлари, тушунчалари китоб ўқиган одамлардан ҳеч қандай кам эмасди: уларга ҳалигача ҳавас қиламан. Улар менинг назаримда, туғма китобга, туғма маданиятга, туғма камолотга ўхшашади. Чунки улар китоб яратган анъаналар, қадриятлар, маданият ва аҳлоқ асосида тарбия топишган. Уларнинг бир-бири билан мулоқотини эшитсангиз, фақат завқ оласиз, уларнинг ўзлари биз ўқишимиз, ўрганишимиз керак бўлган бутун бошли китобга ўхшайди. Уларнинг кўнглига жаҳолат уя қуролмаган, уларнинг меҳру оқибатлари, кўнгиллари, ҳаётга, инсонга қарашлари олдида жаҳолат ҳам уялган. Китоб ўқиганнинг ҳам, ўқимаганнинг ҳам кўнглига жаҳолат уя қурса, бу жуда ёмон, бу хатарли. Фарқ шундаки, китоб ўқимаганнинг, ҳеч қурса, китоб яратган маданиятни, ахлоқни, анъаналарни, фазилатларни ўзиники қилмаганнинг қалби бўш идиш бўлади, уни жаҳолат бирдан тўлдиради.

Яна ўқинг:  O‘zbekiston – jonajon diyor

– Китоб ўқиб ўтирган одам қиёфаси. Хоҳ уни кузатинг, суратдан томоша қилинг, барибир завқингиз ортади. Чин ҳаловатни кўрасиз.

– Тўғри. Менда Герман Гессенинг катта китоб жавони олдида китобларга ҳавас билан қараб турган сурати бор. Баъзида шу суратга негадир узоқ тикилиб қоламан. Менга нимадир гапираётгандек бўлади. Китоб ўқиётган одам ўзини ва ўзгаларни халос қилишни, поклашни ўйлаётган, шунинг йўлини излаётган одам. Унга ҳавас қилса, уни томоша қилса, унинг изидан эргашса бўлади. Китоб изидан эргашганнинг йўли ҳам барибир ойдин бўлади. Чунки китоб зулматга қараб эмас, қуёшга қараб яшашни ўргатади.

Бобур ЭЛМУРОДОВсуҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: